Нусрат РаҲмат, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси
Қирқ йил давомида қўлда блокнот билан турфа тоифа, миллат ва ёшдаги кишилар билан мулоқотда бўлдим; дунёқарашлари, эътиқодлари бир-бирини инкор этадиганларнинг мулоҳазаларини ўзимча синтезладим.
* * *
- Азроилга чап бериб, олтмишинчи бекатга етиб келибсиз, буёғига ҳам Оллоҳ сиздан нусрати ҳамда раҳматини аямасин!
- Хеҳ, ғалати сўз ўйини.
- Ҳар ҳолда ижодкор учун олтмиш - кучга, тажрибага тўлган, айни ижод қиладиган палла.
- Бу, азизим, юбилей тантанасида қўлда микрофон тутиб айтиладиган тавозе ва такаллуф, ўрисчасига айтганда - комплимент. Аслида ёзувчи ҳам, журналист ҳам ўз вақтида нафақага чиққани маъқул. Намоз-вақтида фарз.
- Балки тўғридир. Ўттизга яқин юпқа-қалин китоблар чоп эттирдингиз.
- Лекин булардан икки-учтасигина қўлма-қўл бўлиб ўқилди. Аслида озроқ ва созроқ ёзсам бўларкан.
- Бунинг устига одамлар борган сари кам китоб ўқишаяпти.
- Ўзим ўтказган тадқиқотларга суянадиган бўлсам, бугун китоб ўқийдиганлар асосан телевизор кўриш имкони бўлмаган кишилар, шу жумладан, ёлғизлар, кексалар, беморлар, сайёҳлар, асаларичилар, қоровуллар... Аммо зиёлилар, ҳатто ёзувчиларнинг ўзлари ҳам кам ўқишяпти. Ваҳолонки, инсония тараққиётининг (ижтимоий ва иқтисодий) локомативи (таъбир жоиз бўлса) зиёлилар бўлиб келишган.
- Адабиёт ўлади, демоқчимасмисиз?
- Бир-бирига зид бўлган икки ҳолатни кузатганмисиз? Биринчиси, "Адабиёт ўладими?" деган серхавотир сўроқ. Иккинчиси, ҳар бир муаллифнинг "Мен зўр асар ёздим" деган ишончи, гоҳида мақтанчоқлиги. Мен буларнинг иккаласига ҳам истеҳзо билан қарайман. Адабиёт ҳам ўлмайди, зўр асар ҳам ёзилмаяпти.
- Газета билан талабалик пайтимдан бошлаб дўст тутинганман, дегандингиз...
- Газета билан илк бор етти ёшимда, яъни 1948 йилдан эътиборан иноқ бўлганман. Шунда биз Ургутнинг Қўзичи деган қишлоғида яшардик. Бир куни мактабимиз директори бизни ҳовлига тўплади. "Ҳамма диққат қилсин: бизни газетада мақташган", деди у ва ўқишга киришди.
«Доҳиймиз Иосиф Виссарионович Сталиннинг чексиз ғамхўрлиги туфайли Ургут районида автомашиналар сони учтага етди. "Қизил Шарқ" колхози ҳам "политурка" машинасига эга бўлди. Буюк доҳиймиз, саркардамиз Иосиф Виссарионович Сталин кўрсатмаларига амал қилаётган шофёр Жумаев Раҳмат колхоз раиси билан ҳам, колхозчилар билан ҳам яхши муомала қилмоқда. Машинага илғор колхозчилар миндирилмоқда».
Маддоҳларча битилган бу хабарда тилга олинган, "колхоз раиси билан ҳам, колхозчилар билан ҳам яхши муомалада" бўладиган Жумаев Раҳмат эса дадам эдилар. Ўшандан бери газета билан қадрдонман.
- Айтинг - чи, бирор нимарсадан хавотир тортиб яшайсизми?
- Рак, инфаркт, автомобил ҳалокатидан! Фарзандларим, набираларимга бирор кори ҳол бўлишидан.
- Ёлғон гапирганмисиз?
- Гапирмаганман десам ёлғон бўлади. Ёлғон эзгуликка хизмат қилса гапириш мумкин. Чин бўлса-ю, ким ишонмаса ёки унга тайёр бўлишмаса, ўйлаб кўриш керак. Мансури Ҳаллож: "Анал ҳақ", яъни "Мен ҳақман", дегани учун қатл қилинганини бот-бот кўз ўнгимга келтирадиган бўлганман!
- Тан оласизми, йўқми - сиз шўролар даврининг мухбирисиз. Бугун ижодкорнинг, табиийки, рафтори бўлакча. Газеталар, телевидение, радио моҳиятан дигаргун, жадиддурлар.
- Бундай максимализм ноўрин. Аксар оммавий ахборот воситаларимиз ўз фаолиятларини айнан ўша - ўзлари инкор этаётган даврда бошлаганди. Улар устувор анъаналарга содиқ қолиб, мустақиллигимизга камарбаста бўлишди.
- Суҳбатимиз якунида "Мен мухбирман" деган китобингиз ҳақида гапирсангиз.
- Кўзгуга боқиб, аввал ундаги доғга эътиборни оширадиганлар бор. Китобнинг биринчи нашридан кейин каминани андишасизликда айблаганлар ҳам бўлди. Булар, асосан ўзларини таниб қолган бандлар эдилар. Гоголдан истеҳзо билан: "Кимнинг устидан куляпсиз?" деб сўрашганда, такаллуф билан: "Ўз устимдан, чироғим, ўз устимдан", деган экан. Мен ҳам шуни такрорлаган бўлур эдим.
Китобнинг бош қисмида: "Афсуски, ҳозир муаллифларга умуман жавоб йўлламай қўйишди", деб ёзгандим. Аммо бу - надоматимнинг бир қисми эди, холос...
Китобни "Мен мухбирман" деб атаганим бежиз эмас. Мен ёзувчи эмас, Ёзувчилар уюшмасига аъзо бўлган мухбир, журналистман. Ёзувчилар уюшмасига аъзо бўлган мухбир, журналистман. Ёзувчи деганда, Робиндранат Тагор, Лев Толстой, Абдулла Қодирий, Садриддин Айний сингари даҳоларни назарда тутишга кўникиб қолганман. Бу асар мухбир учун қўлланма ҳам эмас, уни менинг сардафтарим деб ўйламоқ ҳам хато. Асар одамларни эзгуликка, эврилишга, эминликка даъват этса бўлгани. Насиб бўлса, ноумид қолмасман!
Ва тағин - ўтинчим ҳам бор - ушбу китобни ўқиб, энг яқин елкадошингизга туҳфа этишингизни жуда-жуда истар эдим!
Остонангизга осойишталик берсин!
(«Мен мухбирман» китобидан)
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.