Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

ЮКСАК МАЪНАВИЯТ - МАМЛАКАТ ТАРАҚҚИЁТИНИ БЕЛГИЛАЙДИ

Одатда юқори даражада ўтказиладиган тадбирлардаги маърузаларга жамоатчилик муносабатини шакллантириш мақсадида кўпроқ депутатлар, сиёсатчилар ва халқ зиёлилари вакилларининг фикр-мулоҳазалари матбуотда эълон қилинар эди. Тўғри, муносабат билдирувчи шахс олдиндан тайинланган ва унга қайси йўналишда гапириш кераклиги белгилаб берилган. Чунки, маърузада илгари сурилган асосий ғоялар, уни ижтимоий-сиёсий ҳаётда тутган ўрни, мазмун-моҳияти кенг халқ оммасига етказилиши керак бўлган. Бу билан оз бўлсада эртанги кунга одамларда ишонч ҳисси шакллантирилган. Кўпчилигимиз бундай "анъанавий муносабат билдириш" тадбирларида иштирок этганимиз ҳам рост.

Бугун шуни мамнуният билан айтиш жоизки, мамлакатимиз тараққиётининг янги даврида одамларни эртанги кунга бўлган ишончини орттириш, уларга кенг кўламли олиб борилаётган ислоҳотлар мазмун-моҳиятини тушунтириш учун юқорида айтилган "анъанавий тадбир" ларга кўп ҳам эҳтиёж қолмади, назаримизда. Чунки халқимиз буюк ўзгаришларни фақат нутқлардагина эмас, балки бунёдкорлик ишлари, ҳаётимиздаги улкан ўзгаришларга ҳам гувоҳ бўлиб турибди. Қолаверса, ҳар бир инсон, ҳар бир оила кунлик ҳаётида фаровон турмуш ўзгаришларини ҳис этмоқда. Мамлакатимиз Президенти Ш.М.Мирзиёев ҳақли равишда эътироф этганларидек, "...Сўнгги йилларда ҳаётимизнинг ҳамма жабҳасида бўлаётган ўзгаришларни кўриб, халқимиз эртанги кунга катта ишонч билан қарамоқда. Одамларнинг қалбида, юрагида бугунги ҳаётга шукроналик, эртанги кунга умид уйғотиш осон эмас...". Бунинг замирида улкан меҳнат, катта шижоат, халқни рози қилиш йўлида олиб борилаётган мислсиз бунёдкорлик ишлари сабаб бўлмоқда, десак муболаға бўлмайди.
Ҳа, айтганча, Ўзбекистон Республикаси Президентининг мамлакатимиз мустақиллигининг йигирма саккиз йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги нутқига муносабат билдиришни мендан ҳеч ким сўрамади. Очиғи бундай муносабатимга ҳеч кимни эҳтиёжи ҳам йўқ, аслида. Бироқ, давлат бошлиғини тантанали маросимдаги нутқини телевидение орқали эшитиб, уни матбуотда ўқигандан кейин айрим фикр-мулоҳазалар ҳаёлимдан ўтгани рост. Қолаверса, Вазирлар Маҳкамаси аппарати томонидан тайёрланган Президент нутқидан иқтибосларни ўқиб, шу юртни оддий фуқароси сифатида хаёлимдан кечган шахсий фикр-мулоҳазаларимни кўпчилик билан ўртоқлашишни лозим топдим. Чунки, ушбу нутқда халқимизга таъзим бор, бугунги кунимиздан шукроналик бор, эртанги кунимизга ишонч бор, қолаверса Ўзбекистонни буюк келажагини барпо этиш йўлида биргаликдаги ҳаракатимиз барча муваффақиятлар гарови эканлигини баён этган даъват бор, десак асло муболаға бўлмайди.
Қаранг, ушбу нутқда "...Биз бугун қандай ислоҳотларни, қандай ўзгаришлар, қандай янги лойиҳаларни амалга ошираётган бўлмайлик, уларнинг барча-барчаси ягона, улуғ бир мақсадга қаратилган. У ҳам бўлса, мана шу меҳнаткаш, заҳматкаш, олижаноб халқимизни рози қилиш, ҳаётнинг барча синовларини матонат билан енгиб яшаётган ватандошларимизнинг ишончини оқлаш, оғирини енгил қилишдан иборат..."лиги ва бу йўлда "...Биз маънавият ва маърифат ишини ватанпарварлик иши, виждон иши, деб биламиз. Виждони, маънавияти бор инсон Ватанни албатта яхши кўради. Виждон, маънавият дегани - халққа, Ватанга чин юракдан хизмат қилиш дегани..." дея, барчани буюк ишлар йўлида, бирликка, ҳамжиҳатликка даъват эмасми. Албатта, бундан ўзгача бўлиши мумкин эмас.
Дарҳақиқат, буюк файласуфлардан бири "Мамлакат тараққиётида иқтисодиётнинг роли айсбергни сувдан кўриниб турган еттидан бир қисмини ташкил этса, қолган қисмини эса маънавият ташкил этади" деган экан. Чуқур мушоҳада талаб этадиган бу фикрни қанчалик тўғри ёки нотўғри эканлигини муҳокама қилмоқчи эмасмиз. Лекин шу нарса маълумки, маънавият тушунчаси ва умуман маънавиятнинг ўзи фақатгина кишилик жамиятига хос категория бўлиб, бу эса ўз ўзидан юқорида билдирилган фикр замирида жамиятда ва айнан бирон бир мамлакат тараққиётида маънавиятнинг ва хусусан маънавиятли инсонларнинг ўрни беқиёс деган хулоса қилиш мумкин.
Маълумки, жамиятдаги маънавият ва маданият атамалари ўзаро боғлиқ тушунчалар бўлиб, уларнинг бирини иккинчисидан айрича қабул қилиш тўғри бўлавермайди. Қолаверса, бу тушунчалар ўз навбатида, жамиятидаги ижтимоий-иқтисодий муносабатларнинг қай даражада эканлигини белгилаб берувчи муҳим омиллардан биридир.
Президентимиз айтганларидек, "Ҳаёт бор экан, унинг ўткир талаблари, муаммолари бўлган ва бундан кейин ҳам бўлади. Лекин ҳар қандай муаммони оқилона ҳал қилиш учун, аввало бирлик, ҳамжиҳатлик зарур."

Абдуманноб Рахимов,
юридик фанлари номзоди


Дата добавления: 27/09/2019 16:36;   Просмотров: 822
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку