Муҳтарам Юртбошимизнинг янги йил арафасида ёшлар билан бўлиб ўтган учрашуви том маънода ёшлар ҳаётида кескин ўзгаришларга замин яратди десак, асло муболаға бўлмайди. Чунки, давлатимиз раҳбари соҳани чуқур таҳлил этиб, истиқболли вазифаларни белгилаб бериш баробарида жамиятда ёшларнинг роли ва обрўсини янада ошириш, уларга қулай шарт-шароитлар яратиш ҳамда орзу-истакларини рўёбга чиқариш, ёшлар ташкилоти орқали ёш авлод муаммоларини жиддий ўрганиш ва уларни ҳал этиш муҳимлигини алоҳида қайд этиб ўтди.
- Дарҳақиқат, Президентимизнинг ушбу учрашувда "Барча раҳбарлардан ёшларнинг дилидаги мақсад ва ниятлардан хабардор бўлиш, уларни катта-катта ишларга сафарбар этиш учун ёшлар билан учрашувлар жуда зарур. Бизнинг бош мақсадимиз- янги Ўзбекистонни барпо этишдан иборат. Аммо уни ёшларсиз қуриб бўлмаслигини ҳам яхши тушунамиз. Ўсиб келаётган ёшларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, уларни эл-юртимизнинг фидойи фарзандлари этиб тарбиялаш ҳал қилувчи аҳамиятга эга" деган фикрлари ҳамда 2020 йил ёшларга оид давлат сиёсатида туб бурилиш йили бўлади деб таъкидлаганлари барча ёшларни бирдек қувонтирди, - дейди Ўзбекистон ёшлар иттифоқи туман Кенгаши раиси Мадина Баратова. - Мамлакатимизда сўнгги уч йилда ёшларга оид давлат сиёсатининг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш бўйича 43 та қонун ва бошқа меъёрий ҳужжатлар қабул қилинди. 70 га яқин норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. Ёшларнинг янги ташкилоти- Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ташкил этилиб, юртимизда 30 июнь-Ёшлар куни деб белгиланди. Ёшларни ўз ортидан эргаштиришнинг энг тўғри йўли-бу шахсий ўрнак ва намуна бўлишдир. Албатта, тарбия ўз-ўзидан бўлмайди. Бунинг учун чуқур билим, тинимсиз изланиш ва машаққатли меҳнат керак.
Мадина Мўминжоновна, бу борада Президентимиз томонидан илгари сурилган 5 та муҳим ташаббус ижросини таъминланиши ҳам айни муддао эмасми?
- Тўғри айтдингиз, бугуни кунда туманда 7 ёшдан - 14 ёшгача бўлган болалар 62176 нафарни, 14 ёшдан - 30 ёшгача бўлган ёшлар 59964 нафарни ташкил этади.
Ёшларнинг қизиқишлари сўров асосида аниқланиб, уларнинг 25 минг 13 нафари (20 фоизи)ни маданият ва санъат соҳасига, 23 минг 66 нафари (19 фоизи)ни спорт ва жисмоний тарбияга, 24 минг 703 нафари (20 фоизи)ни ахборот-технологиялари соҳасига ҳамда 27 минг 510 нафари (22 фоизи)ни китобхонликка қамраб олиш бўйича амалий ишлар бошланган.
Биринчи ташаббус - ёшларнинг мусиқа, рассомлик, адабиёт, театр ва санъатнинг бошқа турларига қизиқишларини ошириш борасида ўтган йилда туман маданият бўлими тизимидаги маданият ва санъат муассасалари томонидан ёшлар учун 127 та спектакллар, кўргазмалар ва маданий-маърифий тадбирлар ўтказилиб, 37 523 нафар ёшлар қамраб олинди. 2 та болалар мусиқа ва санъат мактаби, 1 та маданият марказлари фаолият олиб боряпти.
Ёшларнинг қизиқишларини ўрганиш натижасида болалар мусиқа ва санъат мактабларида ва умумтаълим мактабларида қўшимча 16 та тўгарак ҳамда маданият марказларида қўшимча 12та тўгараклар ташкил қилиниб, жами 820 нафар ёшлар жалб этилди.
54 та умумтаълим мактабларида 172 та маданият ва санъат йўналишида тўгараклар фаолиятини йўлга қўйиш ҳам режалаштирилган.
Иккинчи ташаббус - ёшларни жисмоний чиниқтириш ва спорт соҳасида ўз қобилиятини намоён қилишлари учун зарур шароитлар яратиб бериш масалалари бўйича ҳам туманимиздаги 74 та спорт иншоотларида 13 минг 103 нафар ёшлар спорт билан шуғулланиб келмоқда, шундан 4 минг 870 нафар қизлар спорт сексияларига мунтазам қатнайди.
Ўтган йилда мавжуд спорт иншоотларида 6 та спорт тури бўйича қўшимча спорт тўгараклари ташкил этилиб, уларга 870 нафар ёшлар йўналтирилди.
2020 йил давомида туманда яна 3 та сунъий қопламали футбол майдончаларини барпо этиш кўзда тутилган.
Учинчи ташаббус - аҳоли ва ёшлар ўртасида компьютер технологиялари ва интернетдан самарали фойдаланишни ташкил этишда ҳам 2019 йилда тумандаги жами 26 та ижтимоий объектлар жумладан 2 та умумтаълим мактаблари, 3 та мактабгача таълим муассасалари ва 1 та соғлиқни сақлаш муассасалари оптик толали алоқа линияларига уланди.
Шунингдек, тумандаги аҳоли гавжум жойлар, ёшлар истироҳат боғлари, бозорлар, таълим ва тиббиёт муассасалари, йирик супермаркетларда жами 6 та wi-fi ҳудудлари ташкил этилди.
Жорий йилда туманда 1 та "Рақамли технологиялар марказлари"ни ташкил этиш, ёшларнинг компьютер саводхонлигини ошириш бўйича умумтаълим мактаблари ва касб-ҳунар коллежларида "Компьютер саводхонлиги" тўгараклари ташкил этиш белгилаб олинди.
Тўртинчи ташаббус - аҳоли, айниқса, ёшлар маънавиятини юксалтириш, улар ўртасида китобхонликни кенг тарғиб қилиш масалалари борасида ҳам аҳоли, айниқса, ёшларнинг маънавиятини юксалтириш, улар ўртасида китобхонликни кенг тарғиб этиш мақсадида туманимиздаги 27 минг нафар ёшларни қамраб олиш режалаштирилган. Бугунги кунда туманимизда китоб дўконлари сони 3 тани ташкил этади. Ўтган йилда ёшлар маънавиятини юксалтириш, китобхонликни кенг тарғиб қилиш мақсадида жами 3 минг донадан ортиқ китоб тарқатилди. Жумладан, "Қадрдон мактабимга китоб совға қиламан" шиори остида 37 маротаба акциялар ўтказилиб, акция доирасида 900 тага яқин китоблар таълим муассасаларига совға тариқасида берилди.
Шунингдек, "Китоб карвони" лойиҳаси ташкил этилиб, мазкур лойиҳа давомида таълим муассасаларига 2 минг дона бадиий китоблар жамланмалари тарқатилди.
2020 йил давомида, чекка-чекка ҳудудларга ҳам "Китоб карвони" лойиҳасини ташкил этиш орқали таълим муассасалари китоб фондини янада бойитиш, туман миқёсида "Китоб - одамийлик мулки", "Мен севиб ўқиган китоб", "Энг яхши китобхон", "Китобхон оила", "Китобхон мактаб" каби мавзуларда кўрик-танловлар ва "Зукко китобхон" интеллектуал турнирлари ҳамда "Ёш авлодга менинг туҳфам" акцияларини ўтказиш, "Мактаб - кутубхона - оила - жамият" хайрия марафонларини ташкил этишни режалаштириб олганмиз.
Худди шундай Бешинчи ташаббус - хотин-қизларни иш билан таъминлаш ишларини тизимли ташкил этиш юзасидан ҳам ўтган йилда туманда тикувчилик цехларида ишлаш мақсадида бўлган 320 нафар ишсиз хотин-қизлар рўйхатга олиниб, уларнинг 60 нафари касбга ўргатилди.
Шунингдек, 18 та кичик корхоналар ташкил этиш орқали 130 нафар, 82 та оилавий боғчалар ташкил этиш орқали 212 нафар хотин-қизларнинг бандлиги таъминланди.
Устоз-шогирд анъаналари асосида 170 нафар хотин-қизлар ҳунармандчилик ва 160 нафари касаначилик иш ўринларига эга бўлди. 43 нафар хотин-қизларга тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйишида кўмаклашилди.
Ҳа, юртимизда келажагимиз эгалари бўлмиш ёшларга қаратилаётган эътибор, яратилаётган имконияту имтиёзларнинг эртага ўз самарасини беришига шак-шубҳа йўқ.
Суҳбатдош Тошпўлод ЮСУПОВ
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.