Президентимиз томонидан илгари сурилган 5 та муҳим ташаббус доирасида Халқ таълими вазирлиги томонидан ўқувчилар қалбида инсоний фазилатларга нисбатан меҳр-муҳаббат уйғотиш мақсадида улкан ислоҳотлар олиб борилмоқда. Жумладан, ўғил-қизлар онгида китобхонлик маданиятини шакллантириш, шунингдек, миллий ва жаҳон адабиёти бўйича билимларини ошириш мақсадида "Ёш китобхонлар" республика кўрик-танлови ўтказилди.
Мазкур кўрик-танлов уч босқичда ташкил этилиб, жорий йилнинг май-июнь ойларида бўлиб ўтган саралаш ва ҳудудий босқичларида умумий ўрта таълим мактабларининг 7-10 синф ўқувчилари иштирок этди.
Кўрик-танловнинг республика босқичи жорий йилнинг 14-август куни Тошкент шаҳридаги Ғафур Ғулом номидаги истироҳат боғида бўлиб ўтди. Қувонарли жиҳати шундаки, ушбу кўрик-танловда туманимиздаги 51-умумий ўрта таълим мактаби жамоаси ҳам иштирок этиб фахрли учинчи ўрин соҳиби бўлишди ва III - даражали диплом ҳамда қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди. – Ўқувчиларимиз жамоасининг бундай улкан ютуқни қўлга киритишларида, мактабнинг маънавий - маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари Файзулло Нарзуллоев, она тили ва адабиёти фани ўқитувчиси Маҳкамой Тўқсонова, кутубхоначи Наргиза Жабборқуловаларнинг ҳиссаси катта бўлди, - дейди мактаб директори С.Тўқсонзода. – Албатта бу муваффақият барча ўқувчиларимизни китобхонликка бўлган қизиқишини янада ошириши тайин.
Т.ЮСУПОВ
Сурат муаллифи Б.ҚОДИРОВ
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.