Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

Ё Н Ғ И Н

Болта ОртиҚов

Ҳ и к о я

Таниқли тожик ёзувчиси, марҳум устозимиз Болта Ортиқовнинг 100 йиллиги нишонланадиган кунларда қўлга қалам олиб у кишининг "Ёнғин" ҳикоясини таржима қилишга жазм этдик. Устоз ҳаётлик чоғидаёқ асарларини севиб ўқирдик, ҳатто йигирмага яқин тилларда ўгирилган ҳам эди. Руҳлари шод, қабрлари пурнур бўлсин!
Муаллиф

Июль ойи эди. Дадам дўстим Толибнинг отаси билан бирга далада буғдой янчарди. Онам тугилган тугунчани қўлимга тутқазиб: - Тезроқ боргин, отанг оч қолгандир! - деб таъкидлади. Толиб ҳам уйларидан нон ва узум олиб чиқди. Биз далага йўл олдик. Ҳаво иссиқ, терладик. Қуёш ҳам гуё қасд қилгандек теппамизда тик турарди. Узоқдан темир йўл кўринди. У даланинг ўртасидан кесиб ўтарди. Темир йўлнинг икки томони хўжалигимизнинг ҳали ўриб олинмаган буғдойзори бўлиб унга киши отлиқ кирса, бемалол кўздан йўқоларди. Биз хирмонга яқинлашиб қолган эдик. Ўртада темир йўл ва бир кичик тепалик олган эди, холос... Ҳавонинг иссиғи юришимизга ҳалақит берар, аммо биз парво қилмай олға интилардик. Далада чивин ҳам учмас, фақат ғарб томондан узундан-узоқ цистерналарни тортганча поезд келарди. Юкнинг оғирлигидан бўлса керак, паравоз пат-патлаб, қоп-қора тутун чиқариб секин юрарди. Унинг қалин тутуни ҳавода хира булутдай айланарди. Биз олдинга қараб чопдик, лекин темир йўлга етганимизда поезд ўтиб кетди. Темир йўл устига чиққан ҳам эдикки, Толиб поезд орқасидан қараб бирдан қичқириб юборди: - Эҳ!.. Ҳайдар! Унга қара!
Мен у кўрсатган томонга қараб, биздан бироз узоқда темир йўл ёнбошидаги ёнғинга кўзим тушди. Афтидан у паровознинг ўтхонасидан тутунга аралашиб отилган қўмир парчаларидан чиққан бўлса керак. Иккимиз ёнғин томон чопдик. Темир йўл ёқасидаги қуриб-қовжираб қолган ўтлар чирсиллаб ёнарди. - Толиб, ёнғинни ўчириш керак! - дедим. Биз қўлимиздаги тугунчаларни ерга қўйиб, ўтни ўчиришга киришдик... Шароит оғир эди: ер қаттиқ ва бу яқин орада эса сув ҳам топилмасди. Дала шамоли бўлса қайтага ёнғиннинг тагидан "пуф"ларди. - Толиб, қичқир, эҳтимол бирон кимса эшитиб қолар, - дедим. Толиб темир йўл устига чиқиб, бор овози билан қичқирди. Аммо бу товушни бепоён даладан бўлак ҳеч кимса эшитмасди. Ёнғин эса тобора катталашиб борарди. Толиб яна чопиб олдимга келди.
- Нима қиламиз, Ҳайдар!?
- Тезроқ ўчириш керак, бўлмаса буғдойга тегади.
- Кел бўлмаса, депсинамиз, - деди у.
Мен ёнғин ичидан югуриб чиқдим. Қарасам, хўжалигимиз буғдойзори билан ёнғин оралиғида фақат ўн метрча масофа қолган. Вужудим қизиб титрар, лекин бунга эътибор бермай хирмон томон югурдим. Ярим йўлгача ўзимни яхши ҳис қилдим. Лекин хирмонга яқин тепалик устига чиқиб, орқага ўгирилиб қарасам, ёнғин аввалгидан ҳам даҳшатлироқ ёнарди. Толиб гоҳ кўринар, гоҳ аланганинг тутуни ичида ғойиб бўларди. Мен қаттиқ чарчадим. Оёқларим қалтирашга тушди, нафасим буғиларди. Томоғим қуриб кетган бўлса ҳам, қадам ташладим. Шу пайт кўз олдимни қоп-қоронғи парда қоплади. Яна бир-икки қадам ташладим, хирмонга бирон метрча қолганида дармоним қуриб, ерга гурс этиб йиқилдим. Қичқирмоқчи эдим, лекин овозим чиқмасди. Ерни қўлларим билан тиндалаб олға интиламан... бир вақтдан кейин ўзимга келиб кўзимни очдим, отам мени қўлида кўтариб олган ва унинг атрофини бошқалар ўраб олишганди. Отам ҳаяжондан титраб:
- Нима бўлди, ўғлим? Нима бўлди? Деб сўрарди. Оҳистагина "темир йўл бўйида ёнғин" дея олдим холос...
Икки-уч киши югуриб бориб, теппаликка чиқишди ва темир йўл томонга қараб қичқириб юборишди:
- Югуринг!.. Югуринг!.. Ҳамма жой ёнаяпти! Югуринг!..
- Тўплаганлар темир йўл томонга югуришганда, мен яна хушимдан кетдим. Мана, бир ҳафтадирки, Толиб иккаламиз туманимиз касалхонасида ётибмиз. Менинг баданимдаги яралар тузалиб қолган бўлса ҳам, аммо Толибнинг оёқларидаги жароҳатлар ҳали тузалгани йўқ. Иккаламиз баъзида ёстиққа чўзилиб, гоҳида эса касалхона гулзорларининг атрофида айланиб, тушлик овқатдан кейин қироатхонага кириб, китоб, газета ўқиймиз. Ота-оналаримиз ва хўжалигимиз раиси тез-тез биздан хабар олиб туришади. Улар ҳар гал келганларида бизга дўстларимиздан салом ва хатлар олиб келишади. Бизни даволовчи врачнинг исми Иван Иванович бўлиб, жуда меҳрубон, ёши анчага бориб қолган бўлса ҳам биз билан суҳбатлашишни хуш кўрарди. Бўш вақтларида бизга қизиқ-қизиқ ҳикоялар айтиб берарди. Мана у ҳозир ҳам табассум билан олдимизга кириб келди-да, Толиб ётган каравотга ўтирди. Мен унга стул келтириб қўйдим ва биз ундан бир қизиқ ҳикоя айтиб беришини сўрадик. - Мен-ку, сизларга ҳикоя айтиб бераман-а, аммо сизлар ҳам менга колхоз буғдойзорини қандай қилиб ёнғиндан асраб қолганлигингизни гапириб беринглар-да, - деди Иван Иванович. Воқеани аввал мен бошладим. Сўзимни тугатганимдан кейин Толиб гап бошлади. Иван Иванович анча сукут сақлаб турдида, ногоҳ менинг елкамдан секин қучоқлаб бағрига босди ва эгилиб Толибнинг пешонасидан ўпди.

Тожикчадан Нормамат Олимов таржимаси


Дата добавления: 06/06/2020 11:19;   Просмотров: 971
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку