Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

Янги орзу-умидларга ошно ЎҚув йили

4 сентябрь куни мамлакатимиздаги барча умумий ўрта таълим мактабларида янги ўқув йили бошланиб, биринчи қўнғироқ садолари янгради. Умумтаълим мактабларида "Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон!" шиори остида мустақиллик дарси бўлиб ўтди.

...Жажжи Мубинанинг барча болалар каби бугун шодлиги чексиз. Ҳали ўқиш бошланишига анча кун бўлса-да, у аввалдан мактаб сумкаси, дафтар, кундалик, ўқув анжомларининг барини шайлаб қўйган. Анчадан бери орзиқиб кутилган, бироқ жуда давомли туюлган ёзги таътил ниҳоялади. Ўқувчиларнинг кутганича бор. Негаки, мактаб - барча болалар учун қувонч, меҳридарё устозлар, қадрдон синфдошлару ўртоқлар жам бўладиган меҳр, билим, маърифат маскани.
Ватанимиз мустақиллигининг 28 йиллиги кенг нишонланишига ҳамоҳанг бошланган мазкур янги ўқув йили шуниси билан аҳамиятлики, бугунги кунда мактаб таълимини тубдан такомиллаштириш, ўқитиш сифатини буткул янгича асосда йўлга қўйиш, педагоглар меҳнатини қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш масалаларига устувор вазифа сифатида эътибор қаратилмоқда.
Давлатимиз раҳбари томонидан жорий йилнинг 23 август куни ўтказилган видеоселектор йиғилиши давомида мактаб таълимига доир энг муҳим вазифалар, соҳада йўл қўйилаётган камчилик ва муаммолар атрофлича муҳокама этилди. Уларнинг ечимлари бирма-бир қайд этиб ўтилди. Яратилаётган шароит ва имкониятларга қарамай ўқитиш сифати, педагогларнинг касбий малака ва маҳорати, ўз устида изланмай қўйгани рўй-рост айтилди. Мавжуд долзарб масалаларнинг ечими аниқ, батафсил белгиланди. Ёшлар келажагига бефарқлик ўз эртанги кунимизга, юртимиз тақдирига бефарқлик экани қайта-қайта эътироф этилди.
Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ахборот хизмати маълумотига кўра, жорий йилнинг 4 сентябрь куни 627 мингдан зиёд ўғил-қиз илк бор мактаб остонасига қадам қўйди. Қолаверса, имконияти чекланган 13 минг нафар бола ўз уйида таълим олишни бошлади. Анъанага кўра, уларга янги ўқув йили муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Президентининг махсус совғалари - ўқув-қуроллари топширилди.

ЎзА


Дата добавления: 06/09/2019 14:10;   Просмотров: 884
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку