Камоли қудрат соҳиби, бандаларига меҳри зиёда Аллоҳ ҳақ субҳанаҳу ва таолога ҳамду санолар бўлсинким, аввало курраи заминни яратиб, сўнгра ушбу заминда инсон яшаши учун муҳитни яратиб, яъни мусаффо ҳаво, зилол сув ва шу йўсинда турли наботот оламини вужудга келтириб, шу яратилган инсон қалбига ўзининг ноёб дурдонаси: раҳм-шавқат, ор-номус, шарм – ҳаёдек инсонийлик туйғуларни жо қилди.
Яратган Аллоҳ бандаларини инсонга ўхшаб яшаш учун гоҳида шу инсонлар ичидан пайғамбар юбориб ва уларга ўзининг илоҳий номалари, яъни дастурулаъмол қилиб яшаш учун китоблар нозил қилди.
Ҳар қандай диннинг ўзига яраша одоб – ахлоқи мавжуд. Унда Парвардигорнинг амр фармойиши ўз аксини топган ва улар инсон манфаати учун ва унинг тинчлиги йўлида хизмат қилди. Инчунин яқинлашиб келаётган Рамазон ойи ҳам инсонларнинг ҳам жисмонан, ҳам руҳан эътиқодини намоён қилиш ва шу билан биргаликда Парвардигорнинг улуғ ажру савобига ноил бўладиган ноёб хазиналардан биридир. Бу борада Қуръони каримнинг Бақара сураси 183–оятида: “Эй иймон келтирганлар! Сизлардан аввалгиларга фарз қилинганидек, сизларга ҳам рўза фарз қилинди. Шоядки тақводор бўлсангиз” дейилган. Бу илоҳий калом бандаларнинг Роббисининг даъватига монанд тарзда бир ой рўза тутишлик фарз қилинганлиги, шу билан биргаликда ночор оилаларнинг ҳол – аҳволи қай йўсинда бўлишлигига ўзлари ҳам гувоҳ бўлиб, уларга моддий ёрдам қўлини чўзиш ва шу билан биргаликда Яратганнинг суюкли бандалари қаторидан жой эгаллаш бахтига мушарраф бўлмоқдир.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам муборак ҳадисларида “Ким Рамазон рўзасини иймон ила савоб умидида тутса, унинг аввалги гуноҳлари мағфират қилинур”, дедилар. Ҳар биримиз ҳам Парвардигор олдида ожиз банда эканлигимизни ҳис қилган ҳолда билиб ёки билмасдан қилган гуноҳларимиз бўлиши мумкин, шу сабабдан умидворлик ҳолда Аллоҳнинг раҳмати ва мағфиратидан бенасиб қолмасликка ҳаракат қилмоқлигимиз лозим. Ака – укалар ўртасида ёки қўни-қўшнилар ўртасида тушунмовчилик ёки дилхирачилик бўлиб ўтган бўлса, шу муборак Рамазон ойининг фазилати билан бир-бирининг гуноҳидан кечиб, илиқ муносабатда бўлса, ўша инсон Аллоҳнинг наздида энг мард инсон саналади.
Рамазон ойининг фазилати юртимиз узра тинчлик – осойишталик ва фаровонлик нашидасини яна ҳам сайқаллантириб, “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”да фидойилигимизни намоён этиб, Юртимизда олиб борилаётган одилона сиёсат, миллатлар аро бағрикенглик тамойилини доимо устувор вазифа қилиб олмоғлигимиз, айниқса ёшлар тарбияси, уларни Ватанига садоқатли, иймон – эътиқодли қилиб тарбиялаш, ёд ғояларга берилмаслик, ҳар хил интернет сайтларига кирмаслик ва ўз жонига қасд қилмаслик борасида ҳар биримиз ҳамжиҳат, ҳамфикр бўлишлигимиз нақадар яхши фазилат.
Бу борада барчамизга Яратган Аллоҳ доимо мададкор бўлишлигини, Раҳмоний йўлларни насиб айлаб, шайтоний йўллардан паноҳида асрасин. Ассаламу алайкум ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ.
Л.ИБОДУЛЛАЕВ,
“Хўжа Абду Берун” жомеъ масжиди имом хатиби
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.