Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

ВИЛОЯТ ҲОКИМИНИНГ ТАШРИФИ

Яқинда вилоят ҳокими Э.Турдимов туманимиздаги Кўисаҳо (қадимги номи Ҳоити Кўсагон) маҳалласида яшовчи таниқли ижодкор Ҳаёт Неъмат хонадонига ташриф буюрди. Вилоят роҳбари шоирнинг хонадонидаги 10 минг нусхадан зиёд шахсий кутубхонани кўздан кечирди. Ноёб қўлёзмалар, Самарқанд тарихига оид асарлар, шунингдек, ўзбек ва тожик миллати вакилларининг ўзаро алоқалари, адабиёт ва санъатдаги ижодий ҳамкорлик муносабатлари юзасидан суҳбат қурди.
- Ўзбек ва тожик халқи икки тилда сўзлашувчи бир миллат. Икки тилда сўзлашса-да, бир хил ўйлайди, бир хил фикрлайди, бир хил мақсад йўлида меҳнат қилади, изланади. Бу халқлар тарихи асрлар давомида шундай мустаҳкам илдизлар билан боғланганки, уларни бир-биридан айро тасаввур қилиш мушкул. Сиздек, фидойи, донишманд, зукко ва юртпарвар ижод аҳли билан учрашиш ва суҳбатлашиш илм-маърифат ривожига хизмат қилади, хар бир кишини эзгу мақсадлар сари илҳомлантиради, - деди вилоят ҳокими.
Қуйида туманимизнинг асл фарзанди Ҳаёт Неъмат ижодидан "КЕЛ, БУГУН ЁНИМДА БЎЛ!" шеърини эътиборингизга ҳавола этмоқдамиз.

КЕЛ, БУГУН ЁНИМДА БЎЛ!

Ўзбегим, мен дил эрурман, қон каби жонимда бўл,
Кипригимнгман, менга энди кўз бўлиб, онимда бўл!
Бир ғазалнинг мисрасидек байти девонимда бўл,
Душманим жонин оларга сафда, майдонимда бўл!
Ўзбегимсан, тожигингман, кел, бугун ёнимда бўл!

Кўп замонлар қисматимиз шўрлигу хўрлик эди,
Ноодоам келгиндиларнинг қилмиши зўрлик эди.
Сохта меҳрига учиб, бечора халқ кўрлик эди,
Юзда шона, тагда фона, асли нонкўрлик эди.
Ўзбегимсан, тожигингман, кел, бугун ёнимда бўл!

Элу юртим тинчлигин Оллоҳ нигоҳи сақлаган,
Меҳримизни Ҳазрати Нўҳнинг гиёҳи сақлаган.
Дилдаги дарду аламни ғамли оҳи сақлаган,
Оли Сомон иқтидорин турк сипоҳи сақлаган.
Ўзбегимсан, тожигингман, кел, бугун ёнимда бўл!

Бизни ажратмоқчидур шайтонсабил дилқоралар,
Бир-биримизни кўролмай бўлди кўр наззоралар.
Жонга тегди айрилиқ, то қайга бизни поралар,
Ўртамизда қайгача шайтонсабиллар оралар?
Ўзбегимсан, тожигингман, кел, бугун ёнимда бўл!

Сохта обрў истар ул ғарзодалар қон ўрнига,
Жонин омон сақламоқчи жон олиб жон ўрнига.
Зоти шайтонни кўпайтирмоқчи инсон ўрнига
Токи домга тушмасак қопқондаги дон ўрнига,
Ўзбегимсан, тожигингман, кел, бугун ёнимда бўл!

Ўзбегим, тожик билан бирликдадир асли нажот,
Бирга борсак иккимиз бирлик сари айлаб сабот,
Бундан ўзга бизга йўл йўқ, ё ҳаётдир, ё мамот,
Токи бирлик йўқ экан, йўқдур нажот, йўқдир Ҳаёт.
Ўзбегимсан, тожигингман, кел, бугун ёнимда бўл!


Последнее редактирование: 12/02/2020 15:47;   Просмотров: 952
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку