Самарқанд вилояти ҳокимлиги, Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси вилоят бўлими, ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги вилоят бошқармаси томонидан оммавий ахборот воситалари ходимлари учун навбатдаги пресс-тур туманимизда ташкил этилди.
Тадбир иштирокчилари дастлаб тумандаги Хўжа Аҳрори Валий мажмуасини зиёрат қилди. Сўнгра Хаймари боло маҳалла фуқаролар йиғинида Президентимиз томонидан илгари сурилган беш ташаббус асосида ташкил этилган кутубхонанинг очилиш маросимида иштирок этишди.
- Шу пайтгача ташландиқ ҳолатда турган ушбу тарихий бинони маҳалла аҳолиси билан келишиб кутубхонага мўлжаллаб, таъмирладик, жиҳозладик, - дейди туман ҳокими Ш.Жамолов. - Кутубхонага ўзим, маҳалла аҳолиси шахсий кутубхонасидан китоблар тақдим этдик. Шунингдек, ушбу бино ёнидан маҳалла маркази қурилишига ҳам киришдик. Йил якунигача бу бино ҳам фойдаланишга топширилади. Бу ерда хотин-қизлар учун тикувчилик ва ҳунармандчилик устахоналари, болалар учун компьютерхона очилади. Шунингдек, аҳолининг спорт билан шуғулланиши учун шароит яратилади. Умуман, жорий йилда туманимиздаги ўттиздан ортиқ маҳаллада шундай кутубхоналар ташкил этиш режалаштирилган.
Пресс-турнинг навбатдаги манзили "AGROMIR" компаниялар гуруҳига қарашли шарбат ва консерва ишлаб чиқариш заводи бўлди. Корхонанинг ишлаб чиқариш бўйича директори Ф.Мардоновнинг айтишича, 2002 йилда фаолият бошлаган корхонада табиий шарбатлар ва мева ширалари, шарбат консентратлари, мева ва сабзавот паста, пюрелари ишлаб чиқарилади. Хориждан келтирилган замонавий технологиялар ёрдамида тайёрланаётган маҳсулотнинг асосий қисми ички бозорга чиқарилиши билан бирга Жанубий Корея, Хитой, Ҳиндистон, Ироқ, Озарбайжон, Афғонистон, Қозоғистон, Тожикистон сингари давлатларга экспорт қилинмоқда. Корхонада ҳар йили 50 миллион литр атрофида табий шарбат ишлаб чиқарилади. Бу ерда 400 кишининг доимий бандлиги таъминланган. Шунингдек, 250-300 киши мавсумий ишларга жалб қилинади.
"Inter kristal savdo servis" масъулияти чекланган жамиятида замонавий технологиялар асосида турли ўлчамдаги металл қувур ва профиллар ишлаб чиқариш жараёнлари билан танишган журналистлар корхона фаолияти бўйича ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар.
Шундан сўнг "Аъзам Азамат агро" фермер хўжалигида туман ҳокими Ш.Жамолов пресс-тур иштирокчиларига туманда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар, қурилиш-бунёдкорлик ишлари, маънавий-маърифий соҳалардаги янгиликлар ҳақида маълумот берди.
Туманда 2019-2020 йилларда саноат соҳасини ривожлантириш бўйича умумий қиймати 134,2 миллиард сўмлик 16 та лойиҳа ишлаб чиқилган. Уларнинг 14 таси жорий йилда ҳаётга татбиқ этилади.
Шунингдек, туман ҳокими ижтимоий соҳада олиб борилаётган ишларга алоҳида эътибор қаратиб, янги мактаб ва мактабгача таълим муассасалари қуриш, мавжудларини реконструкция қилиш борасида манзилли дастурлар асосида иш олиб борилаётганини таъкидлади. Айни пайтда туманда 39 та давлат, 7 та нодавлат, 1 та давлат-хусусий шерикчилик асосида мактабгача таълим муассасалари фаолият кўрсатмоқда. Йил якунига қадар инвестиция дастури асосида 4 та, "Обод қишлоқ" дастури бўйича 2 та мактабгача таълим муассасаси қурилади. Бундан ташқари, 10 та оилавий, 2 та нодавлат боғча ташкил этиш кўзда тутилган. Бунинг натижасида йил якунига қадар туманда болаларнинг мактабгача таълим муассасаларига қамрови 42 фоизга етади.
Пресс-тур иштирокчилари Деҳнав маҳалласида давлат-хусусий шерикчилик асосида яқинда ташкил этилган "Дилнура Ангелина" нодавлат мактабгача таълим муассасаси, Конигил қишлоғидаги қоғоз ишлаб чиқариш ва кулолчилик устахоналари фаолияти билан ҳам яқиндан танишдилар.
- Туманни айланар эканман болалик оламига қайтгандек бўлдим, - ҳаяжон билан сўзлади Тайлоқ туман "Қўшчинор" газетаси муҳаррири Мўътабар Йўлдошева. - Болаликда куйлаган қўшиғимни эшитдим. Менинг болалиги 1992 йилгача шу туманда ўтган. Хаймари боло маҳалласидаги янги кутубхонага кириб, 1989 йилларни эсладим ва ҳозирги замонларга шукроналик қилдим. Шу ердаги масжид вайронага айлантирилган эди. Тумандаги ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар ва ишлаб чиқаришни ривожлантириш кўлами мени қувонтирди.
- Конигил маҳалласининг Оби Раҳмат ва Сиёб анҳорлари оралиғида жойлашган "Конигил мерос" корхонасининг фаолияти бизга катта қизиқиш уйғотди Самарқанд қоғозини қайта тиклаб, ундан замонавий буюмлар яратилиши мени ҳайратга солди, - деди "Каттақўрғон ҳақиқати" газетаси мухбири Тамара Эрматова. - Пресс-тур давомида руҳий ва маънавий ҳордиқ чиқардик. Бир-биримиз билан тажриба алмашдик. Байрамона кайфият доимий ҳамроҳимиз бўлди.
Н.КАРИМОВ
Д.НАСИМОВА
Сўнгги янгиликлар Телеграм каналимизда
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.