Талъат Абдуллаев қишлоқ хўжалик ходими, ижодкор. Нашрдан чиққан китоблари: "Ҳаётдан олган ҳикматларим"- 2010 йил, Самарқанд; "Умр зарварақларидан" - 2011 йил, Самарқанд; "Буни ҳаёт дейдилар" - 2012 йил, Тошкент; "Улуғ инсонлар билан суҳбат" - 2013 йил, Тошкент; "Гилам тарихи: кигиздан шейхгача" - 2014 йил, Тошкент; "От инсоннинг вафодор дўсти" - 2016 йил, Тошкент; "Самарқанд суви" - 2017 йил, Тошкент; "Ўзбекистон ёнғоқ маҳсулоти" - 2018 йил, Тошкент; "Самарқанд суви" II бўлим - 2019 йил, Самарқанд. "Самарқанднинг кишмиш узуми" - 2019 йил, Тошкент.
Узум ғўраоби узум, олма ва бошқа сирколар ҳаммага маълум бўлган маҳсулотлар бўлсада, аммо ғўраоб ҳақида кўпчилик эшитмаган бўлиши мумкин. Ғўраоб ҳам бошқа ток маҳсулотлари қаторига кирувчи ичимлик ҳисобланади. Айниқса, ғўраоб Самарқанд шаҳри атрофидаги аҳоли томонидан ва бошқа ток ўстириладиган Ургут, Қўшработ, Булунғур туманларида тайёрланади ва истеъмол қилинади. Ҳозирги вақтда бозорлар пештахталарига ҳам чиқарилади. Адабиётларда ғўраоб ҳақида маълумотлар кам учрайди. Уни тайёрлаш усуллари, хусусиятлари, шифобахш таъсири, фойдаси ва ножўя таъсири ҳамда ишлатилиши ҳақида умуман ёзилмаган. Ток маҳсулотларидан узум, ток барги, вино шинниси, ток навдаси қайнатмаси, узум сиркоси каби маҳсулотлар қаторида ғўраоб ҳам шифобахш бўлиши табиий. Ғўраоб сўзи форс тилидан олинган бўлиб "ғўра" хом, етилмаган маъносини берса, "об", яъни сув маъносида келади. Шундан келиб чиқиб ғўраоб ҳам узумнинг сувидан тайёрланадиган ичимликдир. Одатда ғўраоб халқимиз томонидан овқатлар билан бирга салатлар тайёрлашда истеъмол қилиб келинади. Боғдорчилик билан кўп йиллар шуғулланиб келишим боис шахсан ўзим ғўраобни ҳар йили тайёрлаб келаман. Бу борада ғўраобни фақат овқатланишда ишлатилиши билан кифояланмасдан, балки айрим касалликларда қўллаш борасида тажриба бор ва бунинг исботи учун унинг кимёвий таркибини ҳам ўрганиб чиқишга тўғри келади. Ғўраоб бироз узум сиркосига ҳам ўхшаб кетадиган ичимлик, чунки уни табиий йўл билан тайёрлашда иссиқда офтобда биғиш жараёни ҳосил килинади. Лекин бунда ғўраоб пишган узум ва винодан эмас, балки пишиб етилмаган хом узум шарбатидан тайёрланади.
Т.АБДУЛЛАЕВ
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.