Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

Устозларга эҲтиром

Ўқитувчи-миллат кўзгуси дейди доно халқимиз. Чиндан ҳам бу касб эгаларининг илму тафаккури мамлакат ва миллат тақдирини белгилаб беради. Зотан, мамлакат келажагини ҳар томонлама соғлом, маърифатли ва билимли авлодлар юксалтирган ва ҳимоя қилган.

Дарҳақиқат, инсонни инсон қилиб камол топтиришда, унга билим ва одамийлик, меҳр-оқибат, эзгу орзу-ниятлар билан яшаш туйғуларини сингдиришда, бир сўз билан айтганда, жамиятнинг муносиб фуқароси бўлиб ҳаётга кириши ва мустаҳкам ўрин олишида ўқитувчи ва мураббийларнинг ҳиссаси беқиёсдир. Албатта,устозлик олий мақомга эга. Унга эришиш учун тунни тонгга улаб пурмашаққат меҳнат қилиш, тинимсиз изланиш, билим жавоҳирларини йиғиб, уни шогирдларига улашиши лозим. Бу эса устозлик обрўсини янада улуғ қилади. Ана шундай масъулиятли ва олийжаноб касбда фидокорона фаолият олиб бораётган азиз ва мўътабар устозлар шаънига қанчалик мақтовлар ёғдирсакда, камлик қилади. Мамлакатимизда 1-октябрь – Ўқитувчилар ва мураббийлар куни этиб белгиланганлиги ҳамда умумхалқ байрами сифатида нишонланиши ҳам соҳа ходимларига бўлган ҳурмат ва эҳтиромнинг ёрқин намунасидир.
Айниқса, сўнгги йилларда муҳтарам Юртбошимизнинг шахсан ўзлари халқ таълими тизимига алоҳида эътибор қаратиб, ўқитувчи ва мураббийларга кўрсатаётган ғамхўрликларини ифодалашга ҳаттоки сўз ожиз. Ойлик маошларни босқичма- босқич оширилиб борилаётганлиги, имтиёзли кредитлар ҳисобидан намунали уй-жой, автомобиллар берилаётгани бизларга шундай бир хурсандчилик бахш этмоқдаки, бундан миннатдорлигимизнинг чеки йўқ.
Шу ўринда шоирнинг қуйидаги мисралари ёдга тушади.
Дейдилар, дунёда асли ким азиз,
Айтдилар устоздир, устоз бегумон.
Тағин айтдиларки, азиз шубҳасиз,
Устозлар қадрига етолган инсон.
Фурсатдан фойдаланиб, барча касбдошларни яқинлашиб келаётган байрам билан муборакбод этаман. Эзгу ва заҳматли ишларига омад, ўзларига тансиҳатлик, тинчлик ва хотиржамлик ҳамиша ҳамроҳ бўлсин.

Жасур КИЧИБОЕВ,
50- умумий ўрта таълим мактаби директорининг
маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари


Дата добавления: 27/09/2019 16:46;   Просмотров: 794
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку