Кексалик - инсон умрининг донишмандлик палласи. Чунки умрнинг бу довонига етиб келгунга қадар киши не-не сир-синоатларни англаб етади, ҳаётнинг аччиқ-чучугини тотиб кўради. "Қариси бор уйнинг париси бор" ҳикматининг мазмуни ҳам шунга ишора.
Азалдан халқимизда бирор ишни бошлашдан аввал ёши улуғлар маслаҳатини олиш, уларни хонадон фариштаси дея эъзозлаш одатга айланган. Айни пайтда ушбу халқона қадрият давлат сиёсати даражасига кўтарилди.
Хусусан, жорий йил 27 сентябрь куни Вазирлар Маҳкамасининг "Кекса авлод вакилларининг жамиятдаги ўрни ва ижтимоий фаоллигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори қабул қилиниши ёши улуғларимиз учун яна бир рағбат, юксак эъзознинг намунаси бўлди.
Қарорга мувофиқ, БМТ Бош Ассамблеясининг 1990 йил 14 декабрдаги резолюцияси билан эълон қилинган "1 октябрь - Халқаро кексалар куни"ни ҳар йили мамлакатимизда муносиб нишонлаш мақсадида октябрь ойининг биринчи ҳафтаси "Кексалар ҳафталиги" этиб белгиланди. Ҳафталикни юқори савияда ташкил этиш бўйича алоҳида чора-тадбирлар дастури қабул қилинди. Ундан ўрин олган ҳар бир лойиҳа ва ташаббус отахону онахонларимизга катта қувонч улашиши тайин.
Шу ўринда ушбу хайрли тадбирларнинг 1 октябрь - Ёқитувчи ва мураббийлар куни санаси билан уйғунлигида ҳам ўзига хос рамзий маъно бор. Негаки, аслида кексалик ҳам ҳаёт сабоқларию тажрибалари туфайли устозлик даражасига етишиш билан баробар. Қолаверса, аксарият кексалар умр бўйи давлат ва жамоат ташкилотларида меҳнат қилиб, кўплаб ёш кадрларга йўл-йўриқ кўрсатишади, ўз соҳалари бўйича етук мутахассисларни мамлакат тараққиёти учун тайёрлаб беришади. Шундай экан, мураббийлик ва кексалик фақатгина муайян санада эмас, ҳар доим - йил ўн икки ой эъзозга, рағбатга, меҳр кўрсатишга муносиб.
Муҳтарам Президентимиз жойларга ташрифлари чоғида ҳар гал кекса авлод вакиллари билан учрашиб, нуронийларимиз шунчаки дуогўй эмас, аксинча, жамият ҳаётида фаол иштирок этадиган қатлам бўлиши кераклигига алоҳида урғу беради. Катта авлоднинг бой тажрибаси Ўзбекистоннинг бугуни ва буюк келажагини қуриш учун ниҳоятда асқотиши, ундан қай йўсинда, қайси йўналишларда фойдаланиш мумкинлигини такрор-такрор эътироф этадилар.
Шу маънода 2019 йил 2 апрель куни Президентимизнинг "Аҳоли муаммолари билан ишлашда маҳалла институтининг мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармонига асосан барча маҳаллаларда "Кексалар маслаҳати" гуруҳлари ташкил этилган эди.
Вазирлар Маҳкамасининг юқоридаги қарорида "Кексалар маслаҳати" гуруҳлари тўғрисидаги намунавий низомнинг тасдиқланиши қарияларнинг муаммоларини манзилли ўрганиш ва бартараф этишга хизмат қилади. Уларнинг катта ҳаётий тажрибасидан оилалар ва маҳаллаларда ижтимоий-маънавий муҳитни барқарорлаштиришда унумли фойдаланишга кенг йўл очади. "Кексалар маслаҳати" гуруҳларининг энг фаол аъзолари мунтазам равишда "Меҳнат фахрийси", "Мўътабар аёл" ва "Маҳалла ифтихори" каби кўкрак нишонларига тавсия этилиши эса бундай хайрли амалларга янада куч-ғайрат бағишлайди.
Шубҳасиз, фаол ва фидойи кексалар маҳаллаларда жуда кўп. Жумладан, туман ва шаҳар маҳаллалар кенгашлари томонидан 244 минг 827 ижтимоий фаол, ташаббускор кексалардан иборат рўйхат шакллантирилган. Улар 162 минг 617 кам таъминланган, 106 минг 983 боқувчисини йўқотган, 11 минг 445 нотинч ва ноқобил оилаларга, 18 минг 779 ичкиликка ружу қўйган, 5 минг 507 ижтимоий кўмакка муҳтож бўлган шахсга бириктирилган. Шунингдек, маҳаллаларда кексалар томонидан 12 минг 810 махсус рўйхатдан чиқарилган, 2 минг 960 афв этилган ва адашган шахслар, 31 минг 570 нотинч оилалар билан доимий мулоқот йўлга қўйилган.
Обрў-эътиборли кекса авлод вакилларидан 82 минг 619 нафари "Кексалар маслаҳати" гуруҳлари, 85 минг 985 нафари "Қайноналар кенгаши" жамоат тузилмасига қамраб олинган.
Уларнинг беминнат хизмати, саъй-ҳаракати туфайли жамиятимиздаги салбий кўрсаткичлар пасайиб бораётгани диққатга сазовор. Масалан, жорий йилнинг ўтган даври мобайнида муаммоли, нотинч, жиноятчиликка мойил ёки жиноят аъзоларидан бири сифатида профилактик рўйхатда турадиган оилалар билан 38 минг 790 якка тартибда, 26 минг 860 жамоавий суҳбатлар ташкил этилди. Шу асосда 22 минг 640 оила яраштирилди, 7 мингга яқин фақат шаръий никоҳ асосида яшаб келаётган оилалар қонуний никоҳдан ўтказилди.
"Кексалар ҳафталиги" доирасида Адлия вазирлиги, Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича республика кенгаши ҳамда Тошкент давлат юридик университети масъуллигида "Кексалар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга оид халқаро шартномалар ва Ўзбекистон Республикаси норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари тўплами" нашрга тайёрланиб, чоп этилиши режалаштирилган. Бу эса кекса авлод вакиллари ҳақ-ҳуқуқларининг муносиб ҳимояланиши ва айни йўналишда халқаро илғор тажрибаларнинг мамлакатимизда жорий этилишига замин яратади.
Айтиш жоиз, маҳаллаларда 3 миллион 37 минг 955 меҳнатга лаёқат ёшидан ошган, 137 мингга яқин 85 ёшдан ошган, 11 минг 171 якка-ёлғиз ва 13 минг 638 ўзгалар парваришига муҳтож отахону онахонлар билан манзилли ишлар олиб борилаётир. Бундай илиқ муносабат ушбу нуронийларнинг ҳаётдан розилиги, миннатдорлигини оширмоқда.
Ҳозирда 2772 маҳалла гузарлари, 601 нуронийлар масканлари ҳамда 1963 оталар чойхоналари ҳар бир оиланинг мустаҳкамлиги, хонадонлар осудалиги, ҳудудлар ободлиги, фарзандлар тарбияси учун меҳнатини, маслаҳатини аямаётган кексаларнинг мароқли дам олиши учун хизматда.
Энди "Кексалар ҳафталиги" доирасида ана шу гузарларда нуроний ҳамда фахрийлар учун байрам тадбирлари ташкил этилади. Мутахассислар ҳамда қишлоқ врачлик пунктлари, оилавий поликлиникаларнинг умумий амалиёт шифокорларидан иборат таркибда "Тиббиёт автобуси" фаолияти йўлга қўйилади. Улар кексаларни чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказади. "Ҳар куни 5 минг қадам" шиори остида бўлиб ўтадиган пиёда юриш марафонлари ҳам бобо ва бувиларимиз саломатлигини мустаҳкамлашда муҳим омил бўлади.
Айни пайтда маҳалла гузарларида иш олиб бораётган кутубхоналарга 30 мингдан ортиқ, соғломлаштириш гуруҳларига 29,5 мингдан ортиқ кексалар, нуронийлар қамраб олинган. Ҳафталик доирасидаги тадбирлар натижасида ушбу кўрсаткичлар янада кенгаяди.
Ҳафталик давомида кекса авлод вакилларининг театр ва музейларга, тарихий шаҳарлар ва зиёратгоҳларга ташрифи имтиёзли тарзда уюштирилиши кўзда тутилган.
"Кексалик - ҳаётнинг ажиб фасли" мавзусидаги ўтказилиши режалаштирилган кўргазма ёшу қарига кексалик комиллик фасли, инсон меҳнатларининг мевасини, роҳатини кўрадиган даври эканини ўзига хос тарзда намоён этиши кутилмоқда. "Кексалар ва фахрийларга эътибор ва уларнинг муаммоларини ҳал этишда давлат ва жамоат ташкилотларининг ўзаро ҳамкорлиги" мавзусида ўтказиладиган илмий-амалий семинар эса айни йўналишдаги муаммоларга асосли ечим топишда қўл келади.
"Муваффақиятли кексаликнинг 50 кафолати", "Бобом, бувим ва мен китобхон" китобхонлик акциялари ҳам ҳафталикнинг энг ёрқин лойиҳаларидан бўлиши шубҳасиз. Боиси орамизда китоб мутолаасига меҳр қўйган отахону онахонлар, оилалар кўп. Хусусан, "Муваффақиятли кексаликнинг 50 кафолати" лойиҳасида кекса авлод вакиллари ўқиши учун 50 китоб тавсия этилиши назарда тутилган. Бу кексаларимиз вақтини мазмунли ўтказишга ёрдам беради. Қолаверса, ушбу даврга қадам қўйган кишиларда турли руҳий тушкунлик ҳолатларининг олдини олишга ҳам хизмат қилади.
Маҳаллаларда "Кекса авлод - оилавий ажримларга қарши!", "Биз бор жойда жиноятга ўрин йўқ!" шиорлари остида ўтказиладиган маънавий тарғибот тадбирлари юртимиздаги ижтимоий муҳит барқарорлигига ҳисса қўшади.
Яна бир муҳим масала - ҳафталик доирасида тегишли вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда кекса авлод вакиллари ўртасида социологик сўров ўтказилади. Ушбу сўровда кексаларга хос умумий ва шахсий муаммолар, уларнинг турмуш сифати ва даражаси ўрганилади.
Сўров натижалари ёши улуғларга амалдаги ҳуқуқий ҳужжатлар доирасида кўрсатилаётган ижтимоий ёрдам, тиббий-ижтимоий хизматлар самарасини баҳолаш, мазкур йўналишда қонунчиликка ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш эҳтиёжини аниқлашга хизмат қилади.
Умуман олганда, ушбу қарорнинг қабул қилиниши кекса авлод вакилларининг жамият ҳаётидаги иштирокини ортиб боришига юксак эътибор, катта рағбат ва кенг имкониятдир. Пенсия ёшига чиқиб, баъзан ўзини жамиятдан узилиб қолгандек ҳис қиладиган нуронийларнинг жамият ҳаётидаги фаоллигини ошириш эса ҳар томонлама хайрли ва манфаатли. Энг муҳими, умрнинг улуғ фасли соҳибларига бундай эҳтиром бардавомдир.
Шавкат ЖАВЛОНОВ,
Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини
мувофиқлаштириш бўйича Республика кенгаши
бошқаруви раиси
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.