Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

ҚУЛАЙ ВА БЕМИННАТ ХИЗМАТ

Маълумки, 2003 йилдан буён тадбиркорлик субъектларини "ягона дарча" тамойили бўйича рўйхатдан ўтказиш туман ҳокимлиги ҳузуридаги тадбиркорлик субъектларини рўйхатдан ўтказиш инспекцияси томонидан амалга ошириб келинар эди. 2016 йил 1 январдан бошлаб Инспекция негизида Тадбиркорлик субъектларига "ягона дарча" тамойили бўйича давлат хизматлари кўрсатиш ягона марказлари ташкил этилди. Туман "Ягона дарча" бошлиғи Рустам Раҳматов билан бўлган суҳбатимиз ҳам қилинган ишлар ва келгуси режалар ҳақида бўлди.

- 2017 йил 1 февралдан Ягона марказларнинг туманлар ҳокимликлари тузилмасидан Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги тасарруфига ўтказилиши мазкур соҳани ривожлантириш бўйича кейинги қадам бўлиб, вертикал бошқарувни шакллантириш, уларнинг самарали фаолиятини ташкил этиш имконини берди. Натижада Ягона марказлар томонидан кўрсатиладиган давлат хизматлари сони 33 тагача ошди - деди Рустам Иззатуллоевич, - келгусида 141-тага етади.
2017 йил 1 апрелдан бошлаб рўйхатга олиш тартиб-таомилларини 30 дақиқагача қисқартириш имконини берувчи тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказишнинг автоматлаштирилган тизими ишга туширилганлиги "Doing Business 2018" глобал рейтингидаги "Бизнесни рўйхатдан ўтказиш" кўрсаткичи бўйича Ўзбекистоннинг мавқеини 24-ўриндан 11-ўринга яхшилашга хизмат қилди.
Шу билан бирга, давлат хизматлари кўрсатиш миллий тизимининг аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари эҳтиёжларини тўлиқ қаноатлантирадиган сифат жиҳатидан янги даражага ўтишига айрим тизимли муаммолар тўсқинлик қилмоқда. Хусусан:
биринчидан, "ягона дарча" тамойили бўйича давлат хизматлари кўрсатиш имкониятидан фақат тадбиркорлик субъектлари фойдаланиши мумкин. Бунда фуқаролар ҳанузгача турли давлат органларида ҳужжатларни расмийлаштириш бўйича мураккаб тартиб-такомиллардан ўзлари ўтишга мажбур бўлмоқда;
иккинчидан, қатор давлат органларида ахборот тизимлари, ресурслари ва маълумотлар базаларининг мавжуд эмаслиги, улар идоралараро интеграция қилинишининг паст даражада эканлиги жисмоний ва юридик шахслар томонидан барча давлат хизматлари мажмуасидан қулай ва ўз вақтида фойдаланишни таъминламаяпти;
учинчидан, кўпчилик давлат хизматларини кўрсатишнинг тартиб-таомиллари мураккаб ва фойдаланиш учун қийин бўлиб қолмоқда, нархни шакллантириш механизмлари шаффоф эмас, алоҳида ҳолларда тор идоравий манфаатларда "монопол" хизматлар кўрсатишга талаблар белгиланмоқда;
тўртинчидан, ахборот-коммуникация технологиялари жорий этилишининг паст даражада эканлиги, қоғоз ҳужжатлар айланмасининг сақланиб қолган андозалари асоссиз молиявий харажатларга, фуқаролар кўп вақт кутиб қолиши ва навбатлар юзага келишига ҳамда оқибатда, айрим ҳолларда коррупция ва бюрократия ҳолатларига олиб келмоқда;
бешинчидан, давлат хизматлари кўрсатишни, шу жумладан реал вақт режимида масофадан мониторинг қилиш ва жамоатчилик фикрини ўрганиш орқали назорат қилиш ва сифатини баҳолашнинг таъсирчан тизими мавжуд эмас.
Юқорида қайд этилган омиллар аҳолининг давлат хизматларидан кенг фойдаланишини таъминлаш, уларни кўрсатиш билан боғлиқ вақт ва молиявий харажатларни камайтириш, аҳолининг давлат органлари фаолиятидан қаноатланганлик даражасини ошириш имконини бермайди.
2017 - 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси ва Ўзбекистон Республикасида Маъмурий ислоҳотлар концепциясини амалга ошириш, шунингдек, аҳолига давлат хизматлари кўрсатиш миллий тизимининг сифат жиҳатидан янги даражага ўтишини таъминлади.
Қуйидагилар давлат хизматлари кўрсатиш миллий тизимини тубдан ислоҳ қилишнинг энг муҳим йўналишларидир:
биринчидан, давлат хизматлари кўрсатиш соҳасида уларнинг сифати, тезкорлиги, шаффофлиги ва фойдаланиш имкониятини тубдан ошириш орқали "Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак" деган улуғвор ғояни сўзсиз амалга ошириш;
иккинчидан, Тадбиркорлик субъектларига "ягона дарча" тамойили бўйича давлат хизматлари кўрсатиш ягона марказларини ҳам юридик, ҳам жисмоний шахсларга "ягона дарча" тамойили бўйича хизматларни тақдим қилувчи Давлат хизматлари марказларига ўзгартириш;

учинчидан, давлат хизматларининг ҳар бир тури бўйича "Фуқаролар эмас, ҳужжатлар ҳаракатланади" тамойилига кўра давлат хизматлари кўрсатиш механизмини, энг аввало, ортиқча тартиб-такомилларни бартараф этиш, ваколатли давлат органлари ва бошқа ташкилотлар зарур ҳужжатлар ва ахборотларни бошқа тузилмалардан мустақил равишда олиши ҳисобига соддалаштиришни назарда тутувчи маъмурий регламентларни тасдиқлаш;
тўртинчидан, давлат хизматлари кўрсатиш соҳасига инновацион ечимлар ва ахборот-коммуникация технологияларини жадал жорий этиш, давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг маълумотлар базаларини идоралараро электрон ҳамкорлик ягона тизимига интеграция қилиш, Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали давлат хизматлари кўрсатиш амалиётини кенгайтириш;
бешинчидан, давлат хизматларини, шу жумладан олис жойларга чиқиш орқали ("мобиль давлат хизматлари") кўрсатишнинг мақбул, қулай ва шаффоф услубларидан, мазкур соҳада бюрократия ва коррупция юзага келишини бартараф этишга қаратилган навбатни бошқаришнинг автоматлаштирилган тизими ва ишларнинг узайтирилган графигидан фойдаланиш ва бошқа хизматлар амалга оширилади.
- Ҳурматли Рустамжон Иззатуллоевич, сиз раҳбарлик қилаётган соҳанинг асосий вазифалари нималардан иборат?
- Аввало жисмоний ва юридик шахсларга давлат хизматлари кўрсатиш соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга ошириш;
ортиқча маъмурий тартиб-такомилларни бартараф этиш, шунингдек, идоралараро электрон ҳамкорликни ривожлантириш ҳисобига давлат хизматлари кўрсатиш тартибини такомиллаштириш;
Давлат хизматлари ягона реестрини шакллантириш, мазкур соҳада давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг фаолиятини мувофиқлаштириш;
давлат хизматлари кўрсатишда фойдаланиладиган ахборот тизимлари, ресурслари ва маълумотлар базаларини лойиҳалаштириш, тайёрлаш, жорий этиш ва интеграция қилишга ягона ёндашувларни ишлаб чиқишда иштирок этиш;
давлат хизматлари кўрсатиш соҳасида, шу жумладан тегишли ахборот тизимлари, ресурслари ва маълумотлар базаларини жорий этиш бўйича давлат органлари ва бошқа ташкилотлар фаолиятини назорат қилиш ва самарадорлигини баҳолаш;
давлат хизматлари кўрсатишнинг инновацион шакллари ва услубларини жорий этишни ташкил қилиш, мазкур соҳада қонунчилик ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш.
Хабарингиз бор, шу йил 1 январдан Тадбиркорлик субъектларига "ягона дарча" тамойили бўйича давлат хизматлари кўрсатиш ягона марказлари Ўзбекистон Республикаси Президентининг туманлардаги Халқ қабулхоналари ҳузурида фаолият юритувчи Давлат хизматлари марказларига айлантирилди ва бизнинг асосий вазифа сифатида қуйидагилар белгиланди:
жисмоний ва юридик шахсларга "ягона дарча" тамойили бўйича, шу жумладан олис жойларга чиққан ҳолда давлат хизматлари кўрсатиш;
давлат хизматлари сервисининг юқори сифати, тезкорлиги, шаффофлиги, қулайлиги ва фойдаланиш имкониятини таъминлаш, мазкур соҳада бюрократия, сансалорлик ва бошқа маъмурий тўсиқларга йўл қўймаслик;
идоралараро ҳамкорликни, энг аввало, давлат хизматлари кўрсатиш учун зарур ҳужжат ва ахборотларни тезкорлик билан олишни таъминловчи электрон ҳамкорликни амалга ошириш;
давлат хизматлари кўрсатишда жисмоний ва юридик шахсларга малакали ахборот ва маслаҳат ёрдамларини тақдим этиш;
ваколатли давлат органлари ва бошқа ташкилотлар томонидан давлат хизматлари кўрсатишда қонун ҳужжатлари ва маъмурий регламентлар талабларига риоя этилишини таъминлаш ва бошқа хизматлардир.
- Ҳозирги кунда туман Давлат хизматлари марказида кимлар меҳнат қилишмоқда?
- Ўндан ортиқ иқтидорли, билимли, олий маълумотли ёш кадрлар менинг "қанотларим" ҳисобланади. Уларнинг ҳар бири турли хил мутахассисликка эгадирлар. Темур Шамсиддинов, Абулайс Муҳиддинов, Фаёз Хуррамов, Азамат Аҳадов ва бошқалар оддийлик, камтарлик, самимийлик, хушмуомалалик каби юксак инсоний фазилатлари билан мижозлар ҳурмат-эҳтиромига сазовор бўлмоқда.
- Туман Давлат хизматлари маркази орқали асосий хизмат турлари тўғрисида маълумот берсангиз.
- Муҳандислик коммуникация тармоқларига "тайёр ҳолда" уланиш, лойиҳа ҳужжатларини келишиш, ягона тартибда уй-жой қуришга (реконструкция қилишга) рухсат бериш, болаларни давлат мактабгача таълим муассасаларига қабул қилиш бўйича ариза бериш, туғилганликни қайд қилиш, ҳарбий ҳисобга қўйиш, такрорий гувоҳномалар бериш, оталикни белгилаш ва бошқа хил беминнат хизмат кўрсатишдир.
Яна бир янгилик. Самарқанд давлат Университетига ўқишга кириш учун ҳужжатлар қабул қилиш бизнинг идора орқали амалга оширилади.
- Рустамжон, келгуси режаларингиз.
- Гулобод қўрғонида биз учун янги замонавий лойиҳа асосида шинам бино қурилмоқда. Шубҳасиз мазкур иншоотда жисмоний ва юридик шахсларга сифатли давлат хизматларини кўрсатиш учун зарур шароитлар яратилади. Мақсадимиз, Мўҳтарам Президентимиз таъкидлаганларидек, "Фуқаролар эмас, ҳужжатлар ҳаракатланади" тамоили тўла маънода амалга оширилади. Шунинг учун ҳам "Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак" деган улуғвор ғоя сўзсиз амалга оширилади.

Суҳбатни Зоҳир ҲАСАНЗОДА
ёзиб олди.


Дата добавления: 21/06/2019 12:32;   Просмотров: 959
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку