Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

ҚУЛАЙ, ОЧИҚ, ХАЛҚҚА ЯҚИН ХИЗМАТ

Янги йил шодиёналари арафасида Гулобод қўрғонида яна бир замонавий иншоот-Давлат хизматлари маркази биноси тантанали равишда очилди. Ушбу маросимни туман ҳокимлиги нашри- "Гулобод тонги" газетаси муҳаррири Нормурод Каримов очиб, табрик учун сўз навбатини туман ҳокими Носир Мавлоновга берди.

- Муҳтарам юртбошимизнинг бевосита ташаббус ва ғамхўрликлари туфайли қулай, очиқ ва халқимизга яқин хизматлар ҳаётга татбиқ этилмоқда, - деди Носир Мамарасулович, - Бугунги кунда Давлат хизматлари марказининг Янги ва муҳташам фойдаланишга топширилиши фикримизнинг далилидир. Эндиликда бу ерда халқимизга 120 хил беминнат хизмат кўрсатилади. Тадбирда шунингдек, давлат хизматлари агентлиги вилоят бошқармаси бошлиғи Мақсуд Қурбонов қатнашди ва сўзга чиқди. Туман ҳокими Носир Мавлонов ушбу замонавий бинони шерикчилик асосида қуришда бош-қош бўлган "Толиббобо" МЧЖ раҳбари Эркинжон Аминжоновга миннатдорчилик билдириб, анъанага кўра унга тўн ва дўппи кийдирди.
Шундан сўнг, тўпланганлар янги бинони кўздан кечиришди. Ҳақиқатан ҳам бу ерда аҳоли ва замон талабларига мос шароит яратилган. Энг муҳими, ёш болали оналар учун дам олиш, инвестор ва нотариус хоналари, милиция таянч пункти, шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш, маслаҳат уйи мавжуд бўлиб, бу билан бошқа хизмат кўрсатиш тамойиллари ҳам оширилди.
- Туманда 230 минг нафардан ортиқ аҳоли истиқомат қилади, - дейди туман Давлат хизматлари маркази бошлиғи Савлат Салоҳиддинов. - Марказ бир вақтнинг ўзида 24 та қабул ойнасида мурожаатларни кўриб чиқади. Бунёд этилган бинода аҳолига 120 дан зиёд хизматлар кўрсатиш йўлга қўйилган. Марказ ходимлари ва мурожаатчилар учун барча шароит яратилган. Марказда замонавий дизайн асосидаги кутиш зали, хизмат кўрсатиш хоналари мижозлар хизматида. Бу ерда хорижий инвесторлар учун ҳам қулайликлар яратилган бўлиб, музокаралар ўтказиш учун алоҳида зал ҳам барпо этилган. Электрон навбат олиш учун инфокиоск ишлаб турибди. Мониторлар орқали эса навбатингиз келгани ҳақида хабар, қайси қабул ойнасига ўтиш кераклиги кўрсатилади. Янада қулайлик яратиш мақсадида бу ерда болалар ўйингоҳи, давлат божини тўлаш учун махсус касса ҳам ишлаб турибди. Ташриф буюрувчилар бепул Wi-Fi дан фойдаланиш имконига эга. Айни вақтда 12 нафар ходим элга беминнат хизмат кўрсатмоқда. Янги йилдан бошлаб хизмат тури ва ходимлар сони кўпаяди. Биз учун алоҳида транспорт ажратилган. Узоқ ҳудудларда истиқомат қилаётган аҳолига ўз манзилларида "Сайёр қабул" усулида Марказ хизматидан баҳраманд бўлишлари имкониятига эга. Зеро, муҳтарам Президентимиз таъбири билан айтганда, "Энг аввало, одамларимиз ислоҳотлар самарасини келажакда эмас, балки бугун ўз ҳаётларида ҳис этишлари зарур". Энг муҳими, ҳаётдаги ўзгаришларни халқимиз билиши, давлат ҳокимияти тизимида ҳақиқатда ҳам ўз вакили борлигини сезиши керак.
Тадбирда вилоятдаги барча туман ва шаҳарлардан соҳа раҳбарлари қатнашди.

З.ҲАСАНЗОДА
Суратда: Янги бино очилишидан лавҳа


Последнее редактирование: 04/01/2020 12:23;   Просмотров: 914
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку