Нурулло Остонов (тахаллуси Нуруллоҳ Остон) 1955 йил 10 сентябрда Самарқанд туманидаги Туркман қишлоғида туғилган. Илк мақолалари 1970 йилларда “Шарқ тонги” (ҳозирги “Гулобод тонги”) газетасида чоп этилган.
1981 йилда Тошкент Давлат университетининг журналистика факультетини, 1989 йилда Ленинград олий сиёсатшунослик мактабини, 2011 йилда Тошкент Давлат педагогика университети психология курсини битирган.
1991 йилдан Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси. Болалар учун “Юлдузлар чақнаган тун”, “Баҳор рақси”, “Тонг-га пешвоз чиқайлик”, “Қўрқмас улоқча“ номли шеърий тўпламлар, катталар учун “Йўлдаги булоқ”, “Юрагимнинг безовта гули”, “Қадим йўлларда”, “Осмон тўла фаришта”, “Фасли кўклам”, “Фасли ишқ”, “Ҳидоят чароғи” номли шеърий ҳамда “Расмий лақма”, “Йиғлайдиган ўлик”, “Кесакнинг таъсири” номли ҳажвий тўпламлар муаллифи.
Нурулло Остонов ўтган асрнинг 80-йилларида Ўзбекистон радиосининг тарғибот таҳририятида муҳаррир, 1991-1996 йилгача Ўзбекистон телевидениеси “Ахборот” бош таҳририятининг Самарқанд вилояти бўйича мухбири бўлиб ишлади. Ўша даврда “Ахборот”да бирорта танқидий материал берилса, ҳамма ёқда шов-шув бўлиб кетарди.
Кунлардан бирида режа бўйича материал тайёрлаш учун Ургут туманига кетаётганида, йўл четида пластмасса идишларда бензин сотиб ўтирган турнақатор одамларга кўзи тушган Н.Остонов операторига шуларни кадрга тушириб беришни сўрайди. Кейин вилоят нефть маҳсулотлари бошқармаси бошлиғи билан учрашиб, автомобилларга ёнилғи қуйиш шахобчаларида тақчил бўлган бензин кўчаларда чайқовга чиқиб кетганлиги билан қизиқади.
– Шунга ҳайронман, – дейди бошқарма бошлиғи. – Қаерга қарасанг, йўлларда бензин савдоси авж олган.
– Шуни “Ахборот”га берсак, икки оғиз гапирасизми?
– Гапириш шартми?
– Шарт эмас...
Бошқарма бошлиғи интервью берди, танқидий мақола “Ахборот”да чиқди.
Интервью берган бошқарма бошлиғи ишдан кетди, Ўзбекистонда нефть маҳсулотларини мақсадли ишлатишни назорат қилиш тўғрисида қарор чиқди. Республика бўйича нефть маҳсулотларини манзилли тақсимлашда йўл қўйилаётган хато ва камчиликлар очилиб кетди. Н.Остоновга ҳам бу кўрсатувнинг шамоли тегди – икки ой ишдан четлатилди.
Аммо эфирда бериб турилган ўткир мавзули танқидий материаллар туфайли Н. Остонов 1996 йилдан Тошкентга қайтиб келиб, “Ахборот” таҳририятида ишлай бошлади.
2003 йилнинг бошларида Самарқанд шаҳар ҳокимлигининг ташкилий бўлим мудири Комил Тошев анчадан буён қарздорлиги ва маблағ йўқлиги учун чоп этилмай ётган “Самарқанд” газетасига Нурулло Остоновни ишга таклиф қилди. Маблағни шахсан шаҳар ҳокимининг ўзи топиб беради, деди. Н.Остонов бунга рози бўлмади, “Ўйлаб кўрай”, деди.
Эртаси куни Комил Тошев Н.Остоновга қўнғироқ қилди, “Газета масаласида ҳоким сизни кутяпти”, деди.
– Мен розилик берганим йўқ-ку, – деди у.
– Ҳокимга айтиб қўйганман, келмасангиз бўлмайди, – деди К.Тошев.
Шу билан Н.Остонов “Самарқанд” газетасига муҳаррир бўлди, газета қарздорлиги зўрға қопланди, бошқа маблағдан дарак ҳам бўлмади. Н.Остонов бир йил мобайнида маблағ йўқлиги туфайли бир қизини компьютерда ҳарф терувчи, бир ўғлини газета саҳифаловчиси сифатида ойлик маошсиз ишлатди, лекин газетани оёққа турғазди. Бир йилдан кейин ходимлар унчалик кўп бўлмаса-да, ойлик маош оладиган бўлишди.
Икки йил илгари таҳририят ходимлари “Самарқанд” газетаси ташкил қилинганлигининг 10 йиллигини нишонлашган экан. Нурулло Остонов ўша пайтда Самарқанд вилоят прокуратурасида алоҳида муҳим ишлар бўйича бош терговчи, адлия катта маслаҳатчиси бўлиб ишлаётган Исматулло Йўлдошев билан Пушкин номидаги кутубхона архивидан 1904 йил 10 апрелдан чоп этила бошлаган “Самарканд” газетасини ва “Туркестанские ведомости” газетасининг янги газета чиқиши муносабати билан ўз саҳифасида берган табригини топди.
Шундан кейин Н.Остонов бундан юз йил аввал “Самарканд” номи билан чоп этилган ва бугунги кунда қайта тикланган “Самарқанд” газетаси унинг издоши сифатида ўзининг юз йиллигини нишонлай оладими-йўқми, деган масалага ойдинлик киритиш учун Республикамизнинг кўзга кўринган, атоқли давлат ва фан аробоблари, журналистлар, шоир ва ёзувчиларнинг шу ҳақдаги фикрларини газета саҳифаларида ёритиб борди.
Оммавий ахборот воситаларини демократлаштириш ва қўллаб-қувватлаш жамғармаси ҳамда Ўзбекистон миллий матбуот маркази томонидан мазкур газетанинг юз йиллигини нишонлашга кўмак бериш ҳақида Самарқанд вилоят ҳокимлиги ва шаҳар ҳокимлигига берилган хати мазкур фикрларни умумлаштиришга ва Самарқанд шаҳар ҳокими М.Ҳошимов томонидан 2004 йил 29 мартда “Самарқанд” газетасининг юз йиллигини нишонлаш тўғрисида” қарор қабул қилинишига асос бўлди.
2004 йил 10 апрел куни “Самарқанд” газетасининг 100 йиллиги шаҳар миқёсида нишонланди ва шу муносабат билан чиқарилган юбилей медали газетанинг дастлабки асосчилари – Болотин, Поздняков, Морозов сингари журналистларнинг авлодларига етказиш учун Россиянинг Ўзбекистондаги элчихонасига тақдим этилди.
Н.Остонов Самарқандда ишлаётган пайтида, Тошкент-даги уйида вақтинчалик яшаб турган қўшни келин уни ўзлаштириш ҳаракатига тушганидан кейин у ишни Ж.Сирожиддиновга топшириб, Тошкентга қайтишга мажбур бўлди. 2008 йилда “Муштум” журналининг бош муҳаррири в.б. Носир Тошматов Н.Остоновни муҳаррир ўринбосарлигига ишга таклиф қилди ва Тошкент вилояти бўйича мухбири қилиб олди.
2014 йилдан бошлаб то ҳозиргача “Ўзбекистон овози – Голос Узбекистана” газетасида маданият ва маънавият бўлими мудири сифатида ишлаб келаётир.
Нурулло Остонов болалар шоири сифатида жаҳон болалар шоирлари шериятидан кўплаб намуналар таржима қилган. Унинг мактабгача таълим муассасалари ва мактаб ўқувчилари учун ёзган шеърлари дарсликлардан жой олган, шеърий китоблари “Шарқ” нашриётида 5-10 минг нусхагача босилиб чиққан. Нурулло Остонов Ўзбекистон телевидениесида ишлаб юрган йиллари Самарқанд туманида қандай янгиликлар, хайрли ишлар бўлса, “Ахборот”га чиқариб турарди, ҳозир ҳам шу юрт фарзанди сифатида Ватанга хизмат қиляпти. Самарқанднинг забардаст ижодкорлари – Адаш Истад, Акбар Пирузий (жойлари жаннатда бўлсин), Салим Кенжа, Муқимжон Гулханий, Комилхон Каттаев ва бошқалар билан доимий мулоқотда бўлиб келмоқда.
Вақтнинг югурик оҳудай ўтишини қарангки, Нурулло Остонов бугун 60 ёшдан ошибди. Болалар ичида бола бўлиб юрган болалар шоири маълум бир довонга етибди. Бу – шоир учун синов довони, бардош довони. Янги-янги уфқлар эса тобора очилиб бораверади.
Хайрулло ҲАМРО,
Ботир МУҲАММАД,
Бахтиёр ШАРИФ
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.