Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

ТУМАНИМИЗ ҲАЁТИНИНГ ОЙНАСИ

1957 йили тумандаги 21-сон ўрта мактабнинг 10-синфида ўқиб юрган пайтларим эди.

Ўша йили туманимизда “Самарқанд ҳақиқати” номли газета нашр этила бошланди. Бу хабарни эшитиб, бундан олдин вилоят ва республика рўзномаларида хабар ва мақолаларим нашр этилганлиги боис, мазкур рўзномага ҳам кичик хабар ва мақолалар ёзишга жазм қилдим. Газетанинг ҳажми ҳам кичик – атиги бир варақ (ҳозирги “Гулобод тонги”нинг тўртдан бир қисмига тенг) ҳажмда, газета қошидаги кичик матбаада ҳафтада бир марта нашр қилинар эди.

Ушбу газетада дастлабки хабарларим нашр этилгач, рўзноманинг ўша вақтдаги биринчи муҳаррири Аҳмаджон Ражабов бир куни мактабимизга келиб, мени директор кабинетига чақиртирди. У мени газетанинг фаол мухбирлари сафига қўшилганлигим, шу ҳудуддаги жамоатчи мухбири этиб тайинланганлигим билан табриклади ва келгусида мунтазам равишда хабар ва мақолалар ёзиб туришимни тайинлаб, вақт топиб рўзнома идорасига боришимни айтди.

Туман рўзномаси муҳаррирининг ёш мухбирни излаб мактабга келгани тезда овоза бўлиб кетди. Энди мен туман газетасининг жамоатчи мухбири сифатида газетада қишлоқ, жамоа хўжалиги ва мактабимиз ҳаёти тўғрисида мунтазам хабар ва лавҳалар ёзиб, баъзида газета идорасига ҳам бориб турардим.

Ўша вақтда газета идораси кичик бир босмахона билан бирга туман маркази ҳисобланган Хожа Аҳрори Вали масжид-мақбараси олдидаги катта бир универсал магазин орқасида эди.

Таҳририятда мухбирларга йўл-йўриқлар, маслаҳатлар бериларди. Бир сўз билан айтганда, менинг келгусида журналист, ёзувчи, қолаверса филология соҳасининг билимдони бўлишимга газетада бўлиб турадиган адабий-ижодий учрашувларда шоирлар Мардонқул Муҳаммадқулов, журналистлар Акбар Усмонов, Ғулом Алиев, ижодкор ўқитувчилар Берди Ҳамроев, Олимжон Орифий ва бош-қалар билан мулоқотда бўлиб, адабиёт ва публицистика сир-асрорларидан воқиф бўлганлигим сабаб бўлди. Кейинчалик бу адабий гурунгларда Ваҳоб Асрорий, Саттор Аҳрорий, Ҳусейн Рашидий, Абдуманнон Розиқов, Салим Кенжа, Нусрат Раҳмат, Эркин Азаматов, Пўлат Ҳамдам, Ғазанфар Иброҳимов, Баҳрилло Шукуров каби ижодкорлар ҳам қатнашиб туришганига гувоҳман.

Газетада маълум муддат Насим Нориев, кейинчалик узоқ йиллар истеъдодли журналист ва ташкилотчи раҳбар Насриддин Зайниев бош муҳаррир лавозимида ишлади.

Ана шу даврда газетанинг обрў-эътибори ортиб, туман марказида газета идораси учун 7-8 хонадан иборат алоҳида бино қуриб берилди. Газета ижодий ходимларининг сони ҳам ортди, газета вилоят босмахонасида сифатли қилиб босиладиган бўлди. Бунда матбуот фидойиси Аҳрорқул Ҳамроқуловнинг хизмати катта эди. Газетада янги рукн ва саҳифалар пайдо бўлиб, мен газетада ойида бир-икки марта мунтазам чиқиб турадиган “Адабиёт ва санъат” саҳифасининг жамоатчилик асосидаги муҳаррир-мутасаддиси эдим.

Биз газетанинг ижодий ходимлари билан биргаликда тумандаги ижодкорларни, ёш истеъдодларни излаб топиб, уларнинг илк машқларини мазкур саҳифада нашр қилиш билан бирга, газета идораси қошида ёш ижодкорлар мактабини ташкил қилиб, мазкур мактаб тингловчиларининг таниқли ёзувчи ва шоирлар, олимлар ва маданият арбоблари билан учрашувларини уюштириб, таниқли ёзувчи ва олимларнинг туғилган кунларига ва юбилей саналарига бағишлаб илмий-амалий анжуманлар, семинарлар ўтказардик. Ана шундай ташаббуслар самараси сифатида ўша вақт-лар туманимиз ҳудудида бўлган Сочак қишлоғидаги Садриддин Айний номли жамоа хўжалигида (ҳозир бу ҳудуд Тайлоқ туманига қарайди) ўзбек ва тожик адабиёти равнақига катта ҳисса қўшган улкан ёзувчининг 100 йиллик юбилейи ўтказилди.

“Гулобод тонги”нинг кўпсонли ўқувчилари мурожаатини эътиборга олиб, 1988 йилнинг октябрь ойидан бошлаб газетанинг бир саҳифаси тожик тилида нашр этила бошланди.

Биз мазкур саҳифанинг илк сонларини ана шу газетада журналистик фаолиятини бошлаган, ҳозир республика “Овози тожик” рўзномасининг вилоятдаги махсус мухбири вазифасида ишлаётган таниқли журналист Зоҳир Ҳасанзода билан биргаликда тайёрлаб, биринчи саҳифани 1988 йил 29 октябрида нашрдан чиқардик. Шундан кейин мазкур саҳифа мунтазам равишда нашр этилмоқда ва ўзига хос адабий-ижодий марказ сифатида ёш адиблар ва журналистлар тарбиясига муносиб ҳисса қўшиб келмоқда. Бир неча йилдирки “Субҳи Гулобод” саҳифаси истеъдодли ёзувчи ва журналист Бахтиёр Жумаев таҳрири остида мазмунли ва сифатли ҳолатда газетхонларга тақдим этилди.

Ҳозирги вақтда мазкур рўзноманинг Бош муҳаррири сифатида шоир ва журналист, ташкилотчи раҳбар Нормурод Каримов, журналистлар Нормамат Олимов, Тошпўлат Юсупов, Хуршид Нуруллаев, Дилрабо Насимий, Баҳодур Зоҳир фотомухбир Бекзод Қодиров, матнларни компютерда терувчи Мастура Султонова, газета обунасидан то унинг ҳар бир сони қандай сарф-харажатлар билан чиқишини аниқ ҳисоб-китоб қиладиган ҳисобчи Назифа опалар ҳамда кўпгина жамоатчи мухбирларнинг меҳнат, ижод ва ғайратлари билан рўзнома ҳафтада бир марта катта ҳажмда, рангли ва сифатли қоғозда мунтазам равишда нашр этилиб, газетхонларга етказилмоқда.

Туманимиз ойнаси ҳисобланмиш “Гулобод тонги” – “Субҳи Гулобод” туманда юз бераётган янгиликлар тўғрисидаги хабар ва мақолалар, шеър ва ҳикоялар нашр этилиши ва сифати билан республика туман газеталари орасида етакчи ўринлардан бирида туради. Газетанинг мухлислари ҳам, жамоатчи мухбирлар ва ижодкорлар сафи ҳам кун сайин кенгайиб бормоқда. “Гулобод тонги” кутубхонаси” сериясида (силсиласида) “Истиқлол ва истиқбол”, “Суханобод”, “Шукрона” каби китоблар нашр этилди.

Ушбу сатрлар муаллифи зуллисонайн ижодкор ҳозир ҳам “Гулобод тонги” рўзномасининг жамоатчилик кенгаши аъзоси сифатида газета ижодий жамоаси билан мунтазам алоқада.

Мен матбуот ва журналистиканинг заҳматини яхши англайдиган бир ижодкор сифатида севимли “Гулобод тонги” рўзномасининг 60 йиллиги муносабати билан унинг барча ижодкорларини ва ўқувчиларини бу шонли сана билан қизғин муборакбод этаман. Газета келгусида ҳам туман аҳлига ҳаёт ойнаси бўлиб хизмат қилаверсин.

Аслиддин ҚАМАРЗОДА,                              
Самарқанд Давлат университети профессори,
Ўзбекистон журналистлар ижодий уюшмасининг аъзоси,
“Гулобод тонги” жамоатчилик кенгашининг аъзоси

 


Дата добавления: 03/02/2017 15:37;   Просмотров: 1664
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку