Тарихдан маълумки, ҳозирги ривожланган давлатлар ҳам ўтиш даври, ривожланиш аввалида, биздаги каби синовлардан ўтишган. Интилиш, ҳаракат, изланиш, давлатлар тажрибасидан ўрганиш туфайли муваффақиятларга эришганлар. Пандемия ва иқлим ўзгариши муаммоларининг салбий оқибатлари кучаётган замонда ривожланган давлатлар тажрибасидан сабоқ олиш фойдадан холи эмас. Шу йил бошларида БМТ бош котиби Аньтонио Гуттьериш бир чиқишида, инсоният томонидан Она табиатга нисбатан беэътиборлик сабабли, кўп салбий ҳолатлар юзага келганини айтиб ўтди.
Шу сабабдан Она табиат барчамиздан норози. Инсониятдан "Ўч" олаяпти, деган фикрни айтди. Пандемия ҳам шу "Ўч" олишнинг бир тури, деди у. 140 йиллик метеокузатувлар натижалари шуни кўрсатаётган эканки, илгари атмосферанинг ўртача ҳарорати +14,5 градус бўлган, ҳозирга келиб бир даражага кўтарилган. Шу сабали иқлим ўзгариб ўз салбий оқибатларини намоён этаётганлиги маълум бўлмоқда. Иқлим ўзгариши глобал исишга, шунингдек, инсон томонидан атмосферага чиқаётган заҳарли газлар муҳим омил қилиб кўрсатилмоқда. Заҳарли моддалар атмосферада қатлам ҳосил қилиб иссиқхона эффекти ("парниковий эффект") глобал исишга сабаб бўлмоқда. Зеро, одам тана ҳарорати ҳам 36,6 градусга мослашган, агар ҳарорат 37,0 градусга ошса касаллик бошланади, деган.
Эътибор берсак, табиатда ҳам шу жараён кечаётганига гувоҳ бўламиз. Иситма, касаллик олди олинмаса, янада кучайиши табиий. Охирги йилларда мамлакатимизда, қолаверса бутун дунёда кўзга ташланаётган табиатдаги ўзгаришлар салбий оқибатлари билан тобора жиддий тус олмоқда. Озиқ-овқат хавфсизлиги муаммолари янада кескинлашаяпти. Минтақамизда қурғоқчилик, фаслларга хос бўлмаган рекорд иссиқ ва совуқлар кузатиляпти. Саҳрои Кабирда қор ёғиши иқлимга хос эмас. АҚШнинг Техас штатида қор ёғиб совуқлар кузатилиши, Францияда апрель ойида ҳаво ҳарорати 12 даражада совуқ тушиб 90% қишлоқ хўжалик экинлари нобуд бўлиши ҳаммани ташвишга солмоқда.
Норвегия, Финляндия, Швеция давлатларининг Она табиат ва экологияга муносабати таҳсинга лойиқ. Улар атроф муҳитга зарар етказмасликка интилиб, уй-рўзғор чиқиндиларини аралаштириб яроқсиз ҳолга келтирмасдан, алоҳида полиэтилен халталарга, баклажка, пластмасса ва бошқа кимёвий, қоғоз, темир ва озиқ-овқат чиқиндиларини ажратиб, қайта ишлаб чиқариб, экологияга зарар етказмасликка жиддий қарашар эканлар. Бу ишлар таҳсинга сазовор бўлиб, соғлом атроф-муҳит, табиий бойликларни келажак авлодларга қолдиришга эътибор беришларининг исботидир.
Бизда ҳам экологияга бўлган муносабат етарли даражада эмас. Чиқиндиларнинг 90% қайта ишлашга яроқли бўлишига қарамай ташлаб юборилади.
Натижада тайёр ҳом ашё бекорга исроф бўлаяпти, ёқиб юборилса, атмосферани булғайди. Чиқинди ташлашган минглаб гектар ер майдонлари ишдан чиқмоқда. Хуллас, зарарларни санаб адоғига етмаймиз. Ҳозирги чиқиндилар асоси кимё маҳсулотлари бўлиб ёнса атмосферани булғаб, глобал исишга замин яратади. Ерга кўмишса 100 йиллаб ҳам чиримайди. Чириса ҳам ерни заҳарли моддалар билан булғайди, ишдан чиқаради. Қайта ишлаб чиқариш корхоналари қурилса, янги иш ўринлари яратилиб иқтисодий фойда ҳам келтиради.
Шуни айтиб ўтиш жоизки, чиқиндиларга қўшиб қанча нон ва озиқ-овқат қолдиқлари ҳам ташланади. Озиқ-овқат қолдиқларини авваламбор ташламаслик керак. Яроқсиз ҳолга келса, алоҳида ҳолда йиғиб чорва мол, товуқларга олиб боришни ташкиллаштирса, яна иш ўрни яратилиб хом ашё иқтисод бўлишига сабаб бўларди. Шу каби мулоҳазаларни яна келтириш мумкин. Скандинавия давлатларида мана шу ишлар йўлга қўйилган.
Давлатимиз раҳбарининг икки йил олдин ун ва ун маҳсулотларининг нархи эркинлаштирилиб нафақаси кам тоифаларга компенсация тўланиши ҳақида чиқарилган фармони эътиборга молик амаллардан бири бўлди. Нонга муносабат ўзгарди. Илгари нонни чиқиндиларга қўшиб ташланганини гувоҳи бўлардик. Ўзимиз қўй боқиб нон ва бошқа озиқ-овқат маҳсулотларига дуч келардик. Ҳозир шу ножоиз ишлар нисбатан камайгани, нон ва озиқ-овқатга муносабат ўзгараётгани сезилмоқда. Диний таълимотда ҳам бу хил ножоиз амаллар қатъий қораланади. "Увол" ва "Савоб" иборалари қўлланилиб кўп исрофгарчилик, ношукрлик олди олинади.
Беадад шукрлар бўлсинки, ҳозирги диний амалларни адо этиш учун барча шароит ва имкониятлар муҳайё. Дунё миқёсида барча динлар, шу жумладан Ислом дини таълимоти ҳам инсонни яхшиликка етаклайди. Диний таълимотда бу ҳаёт-дунё бизларга имтиҳон учун берилганлигию, ўзимиз тупроқдан яратилганимиз, Ер, Она табиат имтиҳон макони, омонат эканлигию, ободонлиги, барбодлиги ҳам ўз қўлимизда эканлиги, ҳар бир яхши-ёмон ишларимизга жавоб беришимиз кераклиги бот-бот таъкидланган.
Маълумки, пахта яккаҳокимлиги даврида, сувдан оқилона фойдаланмаслик оқибатида минтақада салбий ҳолатлар юзага келди. Буни биргина Орол денгизи мисолида кўришимиз мумкин. Республикамизнинг чўл зоналари ана шу улкан денгизнинг суви ҳисобида бўстонга айлантирилди. Натижада Орол денгизининг майдони ўнлаб километрга камайиши натижасида экологик муҳит бузилиб, сарҳадлари туз конига айланиб қолди. Бунинг оқибатида наботот ва ҳайвонот оламига жиддий зарар етказилди.
Экологик ҳаётнинг издан чиқиши натижасида касалликлар сони кўпайиши бу ҳақиқий фожиа деб айтишаяпти олимлар. Коронавирус- Тож вирус ҳам янги шакллари билан кучаяётгани ҳаммага аён. Иқлим ўзгариши олдини олишда фуқаролар ҳам ўз ҳиссаларини қўшишлари зарурдир. Шу соҳанинг мутахассислари томонидан аҳоли ўртасида тез-тез чиқиш қилиб экологик тарбия, ободончилик, озодалик, санитария, гигиена ҳолатларига риоя қилиш тўғрисидаги кенг қамровли суҳбатлар, маърузалар уюштирилса нур устига аъло нур бўларди. Бундай суҳбатларни халқ таълими олий таълим ва ўрта махсус муассасаларида ҳам уюштириш мақсадга мувофиқ. Айниқса, экологик тарбияни боғча ёшидан бошлаш керак. Оилада ота-оналар болаларга ибрат бўлмоғи лозим. Белгиланган кунларда ахлат олиш машинаси хонадонлар олдига келиб чиқиндиларни олиб кетаётган бир пайтда айрим виждонсиз фуқаролар уйидаги чиқиндиларини кўчаларга ташлаб кетмоқда. Дайди ит ва мушуклар эса чиқиндиларни титкилаб турли жойга ёйиб кетмоқда.
Қуш уясида кўрганини қилади. Бола жуда кузатувчан бўлганлиги сабабли у ҳам катталар қилган ишга қўл уради. Хулоса, экологик тарбияни ҳар ким ўз уйидан, маҳалласидан бошлаши керак. Шундагина иқлим ўзгариши олдини олишга оз бўлсада ўз ҳиссамизни қўшган бўлардик.
Шундай экан, биз ёнимиздан оқиб турган оддий сув ариқларини тозалаб, чиқиндиларни махсус қутиларга ташлаб, экологияни бир маромда тоза сақлаб турсак, қисман бўлсада, мақсадимизга эришган бўламиз.
Юқоридаги салбий ҳолатларни инобатга олиб Ўбекистон Республикаси Олий Мажлиси депутатларига маблағ талаб этмайдиган айрим таклифларимизни билдирамиз:
- Республика миқёсида ҳафтанинг бир кунини - Тозалик куни деб расман эълон қилиш.
- Шаҳар ва туманлар миқёсида 3-ойлик, вилоятлар миқёсида 6-ойлик, Республика миқёсида 1-йиллик ишларни таҳлил қилиб, ғолиб деб топилган МФЙни Фахрий ёрлиқ ё давлат мукофоти билан тантанали равишда тақдирлаш.
- Аҳолини, хусусан ёшларни кўкаламзорлаштириш, ободонлаштириш ишларига тарғиб этиб, озодалик маданиятини шакллантириш бўйича иш олиб боришни кучайтириш ва бошқалар.
Шундагина Она табиатга эътиборли бўлиб, жаҳон ҳамжамиятини ҳам жалб этган ҳолда жиддий экологик хавф-хатарни бартараф этишга муваффақ бўлсак, ажаб эмас.
Меҳрож МАМАТОВ,
меҳнат фахрийси.
Олимжон ҒАФУРОВ,
Ўзбекистон журналистлар
ижодий уюшмаси аъзоси.
Зоҳир ҲАСАНЗОДА,
"Овози тожик" газетасининг
Самарқанд вилояти бўйича мухбири.
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.