Мустақил Ўзбекистонимизнинг келажагига ғоявий асос бўладиган миллий мафкурани шакллантириш ва ёшларни бой маданий меросимиз, тарихий қадриятларимизга ҳурмат, ватанга муҳаббат, истиқлол ғояларига садоқат руҳида маънавиятли қилиб вояга етказишимиз бугунги куннинг долзарб вазифаларидан биридир. Жамиятимизнинг ҳар томонлама ривожланиши ва амалга оширилаётган ислоҳотларнинг муваффақияти аҳолининг, айниқса, ёш авлоднинг ақлий, аҳлоқий, ҳуқуқий билими, тарбияси, жисмоний соғломлиги, эстетик маданияти ва маънавиятининг юксак даражада шаклланганлигига боғлиқ. Ёшларимизнинг ҳар томонлама камолга етиши, маънавиятли баркамол шахс сифатида шаклланиши ҳамда уларнинг жамият ҳаётида фаол иштирок этишлари бевосита, уларга бериладиган мақсадли ва тўғри ғоявий таълим-тарбияга асосланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев тарихий меросни асраб-авайлаш, ўрганиш ва авлодлардан авлодларга қолдириш давлатимиз сиёсатининг энг муҳим устувор йўналишларидан биридир, дея таъкидлаган.
Ўзбекистон Республикасининг "Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисида"ги қонунда қуйидагилар маданий мерос сирасига киритилган;
Ансамбллар, диққатга сазовор жойлар, ёдгорликлар, қояга ўйиб солинган тавсирлар, археология ёдгорликлари.
Маданий мерос объектлари - моддий ва номоддий маданий мерос объектларидан иборат:
Моддий маданий мерос объектлари - тарихий илмий, бадиий ёки ўзгача маданий қимматга эга бўлган ансамбллар, диққатга сазовор жойлар ва ёдгорликлар; номоддий маданий мерос объектлари - тарихий, илмий, бадий ёки ўзгача маданий қимматга эга бўлган урф-одатлар, халқ ижодиёти (сўз, рақс, мусиқа, томоша санъати), шунингдек, улар ҳамда халқ бадиий ҳунармандчилиги ва амалий санъати билан боғлиқ билимлар, кўникмалар, асбоб-анжомлар, артефактлар, маданий маконлар.
Маданий мерос деб, ўтмиш авлоддан кейинги авлодга ворислик асосида қолдирилган, замонда барқарорлик синовидан ўтган, сараланган, инсониятнинг ҳозирги ва келгуси тараққиётига хизмат қиладиган моддий ва маънавий маданият мажмуига айтишимиз мумкин.
Ўзбекистон ҳудуди жаҳон халқлари цивилизацияси тизимида муҳим маданий марказларидан бири бўлганлиги ҳамда бир неча минг йиллик ўзига хос давлатчилик анъаналарига эга эканлиги сабабли, бу ерда меъморчилик қадимдан ривожланиб, ўз эволюцияси давомида бир неча босқичларни босиб ўтган. Бинобарин, ўз замонасининг илғор ютуқларини ўзида мужассамлаштирган маданий мерос объектларини сақлаш, таъмирлаш ва янгиларини бунёд этишда давлатнинг роли беқиёс бўлган. Тарихий тараққиёт босқичларидаги беқарорлик табиий-иқлим шароитлари, сиёсий-мафкуравий жараёнлар ва босқинчилик юришлари кўплаб тарихий-маданий архитектура ёдгорликларининг бутунлай ёхуд қисман бузилиб кетишига олиб келган. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси мустақиллиги йилларига етиб келган мазкур ёдгорликларни аксариятининг сақланиши техник ҳолатига ушбу омиллар салбий таъсир қилган.
Ўзбекистон Республикасининг давлат суверенитетига эришиши тарих фанида янги саҳифа очди: бир томондан, тарихдаги "оқ доғ"ларга барҳам бериш учун объектив шарт-шароит яратилган бўлса, икккинчи томондан, мамлакат тарихининг янги саҳифаси ҳисобланган энг янги тарих даврини тарихий узвийликда ўрганиш имкониятини яратди. Шунингдек, Ўзбекистоннинг қадимий тарихи ҳамда бой маданий меросини ўрганишда анъанавий методологик қарашлар билан бирга, янгича методологик ёндошувлар асосида тадқиқотлар ўтказишга киришилди.
Истиқлол одамлар онгида маданий-маънавий, ахлоқий ва миллий қадриятларни тиклаш ҳамда ривожлантириш учун кенг имконият яратди. Бу ўринда Ўзбекистон Республикаси мустақиллик йилларида миллий-маънавий мерос ва қадриятларни тиклаш ва тарғиб қилишни яхшилаш учун бир қатор фармон ва қарорлар қабул қилинганлигини алоҳида таъкидлаш жоиз.
Мустақиллик йилларида ўзбек халқини ўзини англаш, тарихий меросини тиклаш жараёни юз берди. Ўзликни англаш жараёнида миллий қадриятлар, анъаналар, урф-одатларни тиклаш, халқимиз ўртасида тарғиб қилиш ишлари олиб борилди. Шунингдек, номоддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш, асраш бўйича чора-тадбирлар белгиланди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2010 йил 7 октябрдаги 222-сонли "2010-2020 йилларда номоддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш, асраш, тарғиб қилиш ва улардан фойдаланиш Давлат дастурини тасдиқлаш тўғрисида"ги қарорининг ижроси таъминланиб келинмоқда. Дастурда белгиланган тегишли бандларнинг сифатли ва самарали амалга оширилишини таъминлаш борасида институтда чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилган бўлиб, ушбу тадбирларнинг бажарилиши белгиланган муддатларда амалга оширилмоқда. Дастурда белгиланган тегишли бандларнинг сифати ва самарали амалга оширилишини таъминлаш борасида қуйидаги масалаларга алоҳида аҳамият бериш мақсадга мувофиқдир.
- Маданий мерос обидалари ҳамда мустақиллик йиллари амалга оширилган бунёдкорлик ишлари билан таништириш мақсадида ёшларни тарихий обидалар, музей ва кўргазма залларига саёҳатларини ташкил этиш;
- Ноёб илмий асарларга ҳурмат, асраб-авайлаш ҳиссини уйғотишга доир масалалар юзасидан талабалар ўртасида давра суҳбатлари, учрашувлар ташкил этиш;
- "Аждодларимиз илмий меросини ўрганамиз" рукни остида аждодларимиз қолдирган илми, бадиийй маданий меросларни ўрганиш ҳамда асраб-авайлаш борасида амалга оширилган ишларни акс эттирувчи ҳужжатли фильмлар ва видео материаллар асосида юртимизнинг ҳар бир аллома мутафаккирлар меросининг беқиёслиги ғоясини ёшлар онгига сингдириб бориш;
- Талабалар турар жойида "2010-2020 йилларда номоддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш, асраш, тарғиб қилиш ва улардан фойдаланиш Давлат учун тасдиқлаш тўғрисида"ги қарорининг мазмун - моҳиятини етказиш борасида талабалар ўртасида давра суҳбатлари ташкил этиш;
Юқорида таъкидлаб ўтилган масалалар юзасидан аҳоли ўртасида тарғибот-ташвиқот ишлари мунтазам равишда олиб борилиши, ёшлар қалбида миллий бойликларимизни асраб авайлаш, аждодлар меросини ўрганиш, уларни келажак авлод ворисларига етказиш, номоддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш, асраш, тарғиб қилиш ва улардан фойдаланиш сингари тушунчаларнинг пайдо бўлишига пойдевор бўлади.
Мустақиллигимизгача ўрганилмай келган ёхуд таъқиб остига олинган Абдухолиқ Ғиждувоний, Аҳмад Яссавий каби буюк зотларнинг меросига бўлган кизиқиш кучайди. Бу борада, ислом оламининг забардаст алломалари буюк саналарининг, хусусан, Абу Исо ат-Термизийнинг 1200 йиллиги, Маҳмуд аз-Замахшарийнинг 920 йиллиги, Нажмиддин Кубронинг 850 йиллиги, Баҳоуддин Нақшбанднинг 675 йиллиги, Хожа Аҳрори Валийнинг 600 йиллиги, Имом ал-Бухорий таваллудининг 1225 йиллиги, Бурхониддин ал-Марғиноний таваллудининг 910 йиллиги, Абу Мансур Мотрудий таваллудининг 1130 йиллиги, Абдухолиқ Ғиждувоний таваллудининг 900 йиллиги, худди шунингдек, буюк даҳоларимиз ва давлат арбобларимиз Алишер Навоий, Мирзо Улуғбек, Амир Темур, Аҳмад Фарғонийларнинг таваллуд топган кунлари ва юбилейлари ўтказилди.
Миллий каҳрамонларимиз бўлган Жалолиддин Мангуберди таваллудининг 800 йиллиги, "Алпомиш" достонининг 1000 йиллиги, "Авесто" китобининг 2700 йиллиги нишонланиши, ёки Бухоро, Хива, Термиз, Шаҳрисабз шаҳарларининг 2500-2700 йиллиги 2006 йилда Қарши шаҳрининг 2700 йиллиги, 2007 йилда Марғилон шаҳрининг 2000 йиллиги юбилейларини ўтказилиши бу борадаги катта тарихий ижтимоий-маънавий аҳамиятга эга бўлган тадбирлар ҳисобланади.
Р.АБРИЕВ
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.