Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

СЎЗ ВА ИШ БИРЛИГИ-МУВАФФАҚИЯТЛАР ГАРОВИ

Сўз билан иш бирлигига эришиш учун депутат доимо халқ билан, сайловчилар билан бирга бўлиши, уларнинг орасида туриб ечимини кутаётган муаммоларни ҳал этишда амалий кўмак бериши, энг асосий, ташаббускор, фидойи бўлиши шарт.

Давлатимиз раҳбарининг куюнчаклик билан айтган сўзлари депутатлар, сенаторларнинг ислоҳотларга фаол кўмакчи бўлиш, жойларда, айниқса энг чекка қишлоқ ва маҳаллаларда йиғилиб қолган долзарб муаммоларнинг қонуний ечимини маҳаллий ижро ҳокимияти ҳамда жамоат ташкилотлари ҳамкорлигида излаб топиш, аҳолини амалий-ташкилий ва тарғибот ишлари билан рози қилишга ундайди. Бу борада сусткашликка йўл қўйиш, тадбир ва мажлисбозлик билан халқни меъдасига тегиш, ҳавойи ваъдалар, майда ишлар билан ўралашиб қолиш замони ўтди. Бу аччиқ ҳақиқатдан етарлича хулоса чиқариш даври келди. Сохта ҳисоботлар бериш, учрашувларга ўз ўрнига бошқа одамларни юбориш, ўрганиллаётган масаланинг туб илдизига етиб бормаслик муаммони оширадики, наф келтирмайди. Туман Кенгаши депутатлари томонидан амалга оширилган депутатлик сўровларининг натижалари ва ҳал қилиниши даражаси ҳам етарли эмаслиги айни ҳақиқат. Маҳаллий депутатлар ҳужжат юритиш, халқ билан мулоқотлар, сайловчилар билан доимий учрашувлар ўтказиш, йиллик чора-тадбирлар режаларини амалиётда қўллаш, ўз сайлов округларида ҳудудий дастурлар рўёби қай даражада эканлиги, аҳолининг ҳокимлик, секторлар ва Халқ қабулхонасига мурожаатлари қандай ечим топаётганлигидан қониқиш ҳосил қиляптими? Бу ва бошқа саволлар билан ҳурматли депутатларимизга мурожаат этиб, газетамиз орқали ўз сайловчиларига бажараётган ишлари юзасидан ахборот беришни сўрадик. Келинг, сўзни навбати билан уларга берсак:
10-Урганжи сайлов округидан туман Кенгаши депутати
Нуриддин Бердиев:
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев томонидан қабул қилинган давлат ва жамият қурилиши, фуқаролар эркинлигини таъминлаш ва халқимиз орасида бирдамлик, соғлом маънавий муҳитни мустаҳкамлашга хизмат қилувчи қатор фармон ва қарорлари мазмун-моҳиятини кенг аҳолига етказиш ва уларнинг ижросини таъминлашда ваколатимдан фойдаланиб иш тутяпман. Жумладан, "Доимий прописка қилиш ҳамда турган жойи бўйича ҳисобга олиш тартибини ислоҳ қилиш тўғрисида", "Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Жамоатчилик палатасини ташкил этиш тўғрисида" ги фармонлар, шунингдек, "Саховат ва кўмак" умумхалқ ҳаракати мақсад-моҳияти кўпсонли сайловчиларим эътиборига етказилмоқда. Хусусан, Урганжи МФЙ (раиси Отамурод Турсунов) ҳудудида истиқомат қилувчи 745 та оила ёхуд 635 та хонадонда 3400 нафар аҳоли мавжуд бўлиб, шундан 23 та камбағал оила рўйхатга олинган. Камбағалчиликдан чиқориш бўйича қўйидаги тадбирлар амалга оширилди: 8 та фуқаро жамоат ишларига, 5 таси хоҳишига қараб корхоналарда ишга йўналтирилди, 10 таси ишга жойлаштирилди. Маҳаллада саноат корхоналари йўқ, аммо "Бред бекор" МЧЖ нон ишлаб чиқаради, 4 та озиқ-овқат, 1 та хўжалик моллари, 1 та гўшт савдо дўконлари мавжуд. Аҳоли асосан корхона, ташкилот, муассасаларда ва хусусий тадбиркорлик билан банд. Пандемия даврида туман ҳокимлиги томонидан ташкил этилган "Саховат ва кўмак" умумхалқ ҳаракати ташкилотчилари ва маҳалла тадбиркорлари иштирокида санитария нормаларига риоя қилган ҳолда 23 та камбағал (4 та камтаъминланган) оилага 2-3 мартадан 10 турдаги озиқ-овқат ва шахсий гигиена воситалари етказилди. Бухорий МФЙ (раиси Обид Ғафуров) аҳолиси ҳам (3328 нафар) сайлов округим ҳудудига мансуб бўлиб, доимий назоратим остидадир. Бу маҳалладаги 43 та камбағал, 8 та камтаъминланган оиланинг ҳол-аҳволи, муаммолари талаб-эҳтиёжи ўрганилиб, тегишли моддий-маънавий ёрдам берилмоқда. Ҳудудда "Лифт грууп" МЧЖ саноат корхонаси (раҳбари Алишер Каримов) 11 та турли савдо дўконлари халқ хизматида. Карантин шароитида ишсиз, камтаъминланган, яшаш аҳволи оғир оила ва фуқароларни озиқ-овқат, антисептик воситалари билан таъминлаш йўлга қўйилган.
Маҳалла шаҳар билан чегарадош бўлганлиги боис аҳоли шаҳарнинг турли корхона, ташкилот ва муассасаларида меҳнат билан банд, бир қисми эса хусусий тадбиркордир. Фаолиятим давомида депутат сўрови билан ишлашга ҳам эътибор бердим. Шу кунга қадар у ёки бу муаммоли масала хусусида туман ҳокими ўринбосари Ш.Жумаев, Ободонлаштириш бошқармаси бошлиғи Р.Хайруллаев, туман Автомобиль йўллари бошқармаси бошлиғи С.Алиев, вилоят "Сувоқова" бошқармаси, вилоят Электр тармоқлари бошқармаси, (бошлиғи У.Жўраев), туман Электр тармоқлари бўлими бошлиғи Ш.Саломовларга жами 11 та депутатлик сўрови тақдим этдим. Ушбу ташкилотларнинг асосли қонуний жавобларини олишга ишонч билдираман.
12-ЧОРДАРА САЙЛОВ ОКРУГИДАН ТУМАН КЕНГАШИ ДЕПУТАТИ ҒУЛОМЖОН ЮСУПОВ:
Депутатлик фаолиятимга ҳам ярим йил бўляпти. Бу ваколат, энг аввало, халқ ишончини оқлаш, дардини эшитиш ва енгиллаштириш учун берилганини яхши англайман, қадрлайман. Бугунги кун депутати шунчаки нишон тақиб депутатлик гувоҳномасини кўтариб юрадиган шахс эмас, деб ҳисоблайман. Бугунги депутатда, аввало халқ дарди билан яшаш, давр талабига ҳамоҳанг ишлаш, ўзи сайланган ҳудудни, одамларни, уларнинг ютуқ ва муаммоларини яхши билиш, депутатлик ишига жонфидолик, самимият ва садоқат билан ёндошиш каби фазилатлар устунлик касб этиши керак. Ана шунда унинг мавқеи ҳам мустаҳкам бўлади, ишида унум, ижобий натижа ошади. Йил бошидан сайловчиларим билан учрашув ўтказиб, иш режамни белгилаб олдим. Менга ишонч билдириб, депутатликка сайланган Юқори Чордара маҳалласи халқига миннатдорлик билдирган ҳолда, ҳудуддаги муаммоларни жойида ўрганиш ва чора-тадбирлар дастурини тузиб амалга оширишга киришдим. Кам таъминланган оила бекаси Муҳаббат Маматованинг невараси (2017 йили туғилган) Меҳрибонни мактабгача таълим ташкилотига имтиёзли тартибда жойлаштириш учун хусусий "Радуга" МТТ раҳбариятига учрашдим. Масала ижобий ечим топди. Ёки Клара Ражабованинг оилавий шароитини яхшилаш, моддий таъминотидаги камчиликларни бартараф этиш мақсадида унинг 20 бош парранда ва 1 бош қора моли учун озуқа захирасини яратишга кўмаклашдим. Боқимандалик кайфиятидаги одамларни ҳалол, фойдали меҳнатга жалб этишга эътибор қаратдим. Гулбаҳор Исматованинг ўғли, биринчи гуруҳ ногирони Ҳасан Маматқулов учун ногиронлик аравачаси олиш ҳақидаги мурожаати 3-сектор раҳбари, туман ИИБ бошлиғи подполковник А.Тошев аралашуви билан ҳал этилди. Шу ўринда таъкидлашим жойизки, аҳолини йиллар давомида қийнаб келаётган айрим муаммоларни бартараф этиш юзасидан тегишли органлар ҳамда мансабдор шахсларга мурожаат этишимизга тўғри келади. Аммо... афсуски, депутатлик сўровимиз баъзи идораларда бир пулга арзиймайдиган қоғозга айланиб, эътибордан четда қолиб кетмоқда. Ҳеч бўлмаганда қисқа ва лўнда жавоб беришни ҳам эп кўришмайди. Жумладан, аҳоли томонидан такрор-такрор билдираётган эътироз, яъни "Нарпай" кўчасига чиқишдаги муаммо бўйича шу йил 17 февраль куни туман ҳокимига юборилган депутат сўрови, ёки фуқаро Нозима Ўлмасованинг тадбиркорлик билан шуғулланиш (нон ва кондитер маҳсулотлари ишлаб чиқариш) учун АТ Халқ банки томонидан тегишли кредит маблағи ажратилмаётганлиги сабабли 18 апрелда туман ҳокими ўринбосари И.Комилов номига юборилган депутат сўрови ҳали ҳамон жавобсиз қолаётгани ажабланарли ҳол эмасми? Ҳолбуки, давлат ҳокимияти ва бошқарув органларининг мансабдор шахслари депутат сўровини олган кундан эътиборан ўн кундан кечиктирмай жавоб беришлари қонунда кўрсатилган. Бу йилги халқаро COVID-19 пандемияси, албатта, ҳар бир ташкилот, корхона, маҳалла, оила, ҳатто фуқарони қаттиқ синовдан ўтказаётган давр эканлиги ҳеч кимга сир эмас. Кутилмаган оғир ташвишлар юзага келди. Бугунги вазиятни чуқур англаган ҳолда, ҳамжиҳат, ҳамнафас бўлиб курашсак, кўзланган марраларга етамиз.


Дата добавления: 10/06/2020 16:06;   Просмотров: 839
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку