Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

ШАРҚ ТАРОНАСИ – ХАЛҚ ШОДИЁНАСИ

Дарҳақиқат, куй-тарона мусиқа санъатининг минг-минг йиллар давомида инсонлар қалбида юксак ва беғубор туйғуларни жо этиб келаётгани, бу ёруғ оламни янада гўзал, мафтункор, жозибали қилиб кўрсатадиган илоҳий мўъжиза экани барчамизга аён.

Айниқса, инсоният мураккаб технологиялар, глобал муаммолар, шиддатли тараққиёт асрида яшаётган бугунги кунда руҳий эркинлик ва нафосат намунаси бўлган бу санъатнинг ҳаётимиздаги ўрни ва қадр-қиммати бениҳоя ортиб бораётганини ҳеч ким инкор этолмайди.
Ўтган ҳафта шанба куни Гулобод қўрғонидаги Амфитеатрда “Шашмақом” ансамбли жамоаси томонидан “Ироқи Бухоро” куйи билан бошланган байрамда “Шарқ тароналари” Халқаро мусиқа фестивали меҳмонларидан Эквадор, Хитой, Франция, Испания, Италия, Литва давлатлари санъаткорлари туманимиз аҳлига ўзларининг ажойиб концерт дастурларини намойиш этдилар. Туман ҳокими Шуҳрат Жамолов ўзининг табрик сўзида, жумладан шундай деди:
– Сизлар билан мамлакатимизда XI бор ўтказилаётган “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа анжуманида дийдор қўришиб турганимдан ғоят мамнунман.
“Шарқ тароналари” мусиқа фестивали Ўзбекистонда, айнан Самарқанд заминида ўтаётгани бежиз эмас. Самарқанд ҳақли равишда дунё цивилизацияси бешикларидан биридир.
Бу масканда кқплаб давлат ва фан арбоблари, санъат ва ижод намояндалари дунёга келдилар ва ижод қилдилар. Фестивал иштирокчиларидан Франция делегацияси вакили, мусиқачи-созанда Александр Саллетни суҳбатга чорладик:
– Самарқандга биринчи келишим,-деди у. Тарихи бой, меъморий обидалари сирли ва сеҳрли бу шаҳар мени ўзига ром этди. Бир дўстим бу қадимий ва афсонавий диёр ҳақида билганларини айтганда, қизиқиш ва иштиёқим ошганлиги рост. Чиндан ҳам эшитганларимдан зиёда экан. Сизларнинг шундай бетакрор заминда яшаётганингизга ҳавасим келади.
Ҳа, бундай илиқ сўзларни бугун ҳар бир хорижий меҳмонларимиздан эшитиш мумкин. Самарқанд том маънода фестивал ғояларини бутун жаҳон аҳлига етказишга камарбаста муқаддас ва умрбоқий шаҳар бўлиб қолаверади.

Н.МЕҲРАНГЕЗ
Суратда: Эквадорлик созандалар


Последнее редактирование: 13/09/2017 16:16;   Просмотров: 1438
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку