юртимиз тараққиётига хизмат қилади
Инсоният тафаккури ҳамиша соғлом ва холис ахборотга таяниб иш кўрган, ривожланган. Ахборотсиз ривожланишни тасаввур қилиш амри маҳол. Улуғ бобокалонимиз Мир Алишер Навоийнинг дурдона фикрига эътибор беринг:
Деди ҳар не ки қилмиш одамизод,
Тафаккур бирла билмиш одамизод.
Кундалик ҳаётимизда ҳам янгиликни билиш, билимимизни оширишга ўч халқмиз. Ҳар кун, ҳар соат кўча-кўйда одамлар бир бирига "дунёда нима гап?", "янгиликлардан гапиринг", "бу хабарни эшитдингизми?" деган саволлар билан мурожаат қилишларига гувоҳ бўламиз.
Демак, ахборот ҳаётимизнинг бир бўлаги, муҳим эҳтиёжи ҳисобланади.
Бу соҳага умрини бағишлаган фидойи инсонларни катта ҳарф билан "Журналист", "Мухбир" деб эъзозлаймиз. Бугун журналистлар учун ахборот майдони очиқ. Ахборотни одамларга холис, ҳаққоний етказиши керак. Айниқса, бугунги кунда мамлакатимизда катта суръат ва шиддат билан амалга оширилаётган кенг кўламли ўзгаришлар, халқнинг муносиб ҳаёт кечиришига қаратилган ижтимоий-иқтисодий, сиёсий ва мафкуравий ислоҳотлар мазмун-моҳияти ҳамда пировард самараларини элимизга, кенг жамоатчиликка ишончли, тезкор ва тўлақонли етказиб бериш, одамларда реал ҳаётимиз тўғрисида ижтимоий фикрни шакллантириш устуворлик касб этмоқда. Ҳар қандай ёлғон, қалбаки, асоссиз ахборот хуружидан холи ижтимоий муҳитни қарор топтириш, ҳимоя қилиш ҳаётий заруратга айланмоқда. Бу борада журналистнинг билими, малака ва маҳорати, иқтидор ва жасорати, ахлоқий сифатлари муҳим омилдир.
62 йилдан буён миллий матбуотимиз майдонида самарали фаолият кўрсатиб келаётган севимли нашримиз "Гулобод тонги" газетаси ҳам бугунги ўқувчига юзаки, оддий, зерикарли хабар ва майда-чуйда маълумотларни етказишдан тийилиши керак.
Асосий эътиборни таҳлилий-танқидий, муаммоли масалаларни кўтариб чиқишга қаратиши мақсадга мувофиқ деб ўйлайман. Назаримда, ижодий ходимларимиз газета орқали ўзларининг эркин ва кескин сўзларини баралла айтишлари учун қонуний асослар етарли. Таҳлиллар ва далилларга бой чиқишлар замони келди. Туманнинг чекка қишлоқ ва маҳаллалари, одамларни қийнаётган муаммолар, сайёр қабулларда кўтарилаётган масалаларга кўпроқ эътибор бериш лозим. Давр нафаси, халқ талабидан келиб чиқиб янги рубрикалар очиш, долзарб мавзуларни қаламга олиш, ҳудудий дастурлар ижроси шарҳига жой ажратиш айни муддаодир. Таҳририят ижодий ходимлари таркибини иқтидорли ёшлар, етук мутахассислар ҳисобидан бойитиш, жойлардаги жамоатчи мухбирлар, фаол муаллифлар ҳамкорлигидан кенгроқ фойдаланиш орқали газета мазмун-мундарижасини бойитиш, газетхонлар сафини кенгайтиришимиз керак. Газетамиз сифати, мазмун-моҳияти ҳақида фикр юритишни газетхонларимизга ҳавола этаман. Газета халқники экан, баҳосини ҳам халқнинг ўзи бериши керак. Матбуот ва халқ, газета ва муассис ўртасидаги ижобий муносабат, алоқа йўналишларини бугунги давр талаблари асосида йўлга қўйишимиз даркор. Обуна сиёсати ҳоким учун, таҳририят учун эмас, халқ манфаати, муштарий эҳтиёжи учун хизмат қилиши лозим. Айрим раҳбарларимизнинг "Газетага обуна мажбурийми?", "Қачон обун машмашасидан қутуламиз?" каби иддаоларидан хафа бўлганимиз рост. Бу сўзлардан кўра, ўзининг яхши таклиф-мулоҳазалари, ўқимишли мақолалари билан халқимизни воқиф этиши жойиз эмасми, дегимиз келади бу азизларимизга. Газета ва китоб ўқимайдиган кишининг саводию савияси ҳамин қадар бўларканда.
Истардимки, қадрли муштарийларимиз, маърифатли юртдошларимиз газетага бефарқ бўлмасинлар. Дил сўзларини, жонли таклифларини таҳририятга етказсалар фойдадан ҳоли бўлмасди. Гоҳида бир қимматли фикр, доно маслаҳат катта таъсир кучига эга бўлади.
Жорий йилнинг иккинчи ярмида таҳририят ходимлари қатор ижодий ниятларни рўёбга чиқармоқчи. "Отам ҳақида билганларим", "Оиламиздаги удумлар", "Маҳаллам-ифтихорим", "Бизнинг депутат", "Мени қийнаётган муаммо", "Раҳбарга очиқ хат", "Қалб тубидаги туйғулар" сингари рубрикалар остида туркум материалларингизни кутамиз. Яна бир гап.
Келаси йил учун обунани сифатли ташкил этиш борасида қандай таклиф-лойиҳангиз бор? Энг яхши лойиҳа рағбатлантирилади. Обуна нархини пасайтириш учун нима қилмоқ керак ва ҳ.к.
Матбуотни халқ ҳаётининг кўзгуси дейишади. Бу борада таниқли ўзбек олимаси Назира Абдуазизованинг қўйидаги фикрлари билан сўзимни якунламоқчиман.
"Газета ўз ўқувчиларига ҳаёт воқеаларига нисбатан маълум муносабат, турмуш тўғрисида муайян тасаввурлар пайдо бўлишида, сиёсий, иқтисодий, маънавий идеал ва эътиқодлар шаклланишида шубҳасиз, муҳим аҳамият касб этади".
Муҳтарам қалам соҳиблари! Азиз касбдошлар, эзгу ва муштарак мақсад йўлида барчангизга ижодий зафарлар тилайман. Қутлуғ касб байрамингиз муборак бўлсин!
Нормурод КАРИМОВ
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.