Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

САРОЙМУЛК ХОНИМ

Соҳибқирон Амир Темур Сароймулк хонимни ўз никоҳига олгач, "кўрагон" унвонига мушарраф бўлди. Кўрагон ибораси мўғилча сўз бўлиб, " куёв" деган маънони ифодалайди. Сароймулк хоним мўғул хонларидан бирининг қизи бўлганлиги туфайли Амир Темур мўғул хонининг куёви, яъни "Темур кўрагон" номини олган эди. Амир Темур маликани ўз никоҳига олгунга қадар ҳарамида бошқа хотинлари ҳам бўлган. Лекин хон авлодига мансуб Сароймулк хоним ҳарамидаги барча маликалардан фарқли равишда "катта хоним" ёхуд "Бибихоним" деган унвонга сазовор бўлади. Албатта бундай мартабага эришиш, ҳукмдор эъзозига лойиқ бўлиш учун ақл-заковат, дид-фаросат бош омил бўлган. Зотан, тарихий манбаларнинг гувоҳлик беришича, Сароймулк хоним нозик дид ва фаросати билан ўзгалардан ажралиб турадиган, ҳусн-латофат бобида ҳам беназир аёллардан эди.

Шунингдек, у мамлакатнинг сиёсий-ижтимоий, иқтисодий ва маданий ҳаётидан ҳам яхшигина хабардор бўлган. Салтанат ишларида ўз маслаҳатлари билан қатнашиб турар, айниқса, илм-маърифатга алоҳида эътибор ила қараб, толиби илмларга ҳомийлик қилар эди. Амир Темурнинг ҳарбий юришларида Сароймулк хоним кўпинча бирга бўлган. Тарихий манбалар берган маълумотларга кўра, ўта зийрак, тадбиркор Сароймулк хоним салтанатни бошқаришда пайдо бўлган айрим муаммоларни ҳал қилишда ҳам фаол иштирок этган. Амир Темур Сароймулк хонимнинг оқилона маслаҳатларига доимо эҳтиёж сезиб турган. Нақл қилишларича, Амир Темур Эронга қарши юриш бошлаганда, Исфаҳоннинг қамали кўпга чўзилиб, қўшинни озуқа билан таъминлашга маблағ етишмай қолади. Ниҳоят, Амир Темур Самарқандга чопар йўллаб, Сароймулк хонимга мактуб жўнатади. Мактуб қисқа бўлиб: "Қўшиннинг захираси тугади, хазинадан зар юборинг, дейилганди. Сароймулк хоним мактуб мазмунидан огоҳ бўлгач, мактубнинг орқа томонига: "Улуғ амир, зарингиз тугаган бўлса, сиёсатингиз ҳам тугадиму?" деб ёзади ва уни чопарга тутқазади. Сароймулк хонимнинг кинояли сўзидан қаттиқ мутаассир бўлган шоҳ ниҳоят бир қарорга келади: лашкаргоҳда сўйилган қўй, қорамол, от ва туя суякларини ўша куниёқ йиғдириб, турли ҳажмларда ясаттириб, қиймат белгилайди ва унга пўлат муҳрни қиздириб тамға бостиради. Буни эса муваққат пул ўрнига муомалага киритишга фармон беради. Натижада, шаҳар ва қишлоқлардан суяк пулга қўшин учун озиқ-овқат сотиб олинади. Тез кунларда Исфаҳон шаҳрини эгаллагач, суяк пуллар зар билан алмаштирилади. Саройда жорий қилинган тартибга кўра, хорижий элчиларни қабул қилиш маросимларида ҳукмдор ёнида хотинлари ҳам иштирок этишган. Испания қироли Генрих III нинг Самарқанд ҳукмдори Амир Темур ҳузурига юборган элчиси Рюи Гонзалес де Клавихонинг ёзилишича, 1404 йил 8 сентябрь душанба куни Амир Темур Самарқанд четидаги "Дилкушо" боғида элчиларни қабул қилади. Клавихонинг ҳикоя қилишича, Клавихонинг ёнида Сароймулк хоним етакчилигида бошқа хотинлар ҳам юзларига парда ташлаб ўтиришарди. Испан қироли юборган ҳадялар орасида ҳукмдорга кўпроқ қизил мовут маъқул бўлган. Бу ҳақида у аввало Сароймулк хоним билан фикрлашади. 1404 йил 17 октябрь жума куни Сароймулк хоним ҳам катта зиёфат беради. Ушбу зиёфатда бошқа элчилар қаторида испан элчиси Рюи Гонзалес Клавихо ҳам қатнашганлигини тарихий манбалар тасдиқлайди. Нақл қилишларича, Сароймулк хоним ўз жамғармаси ҳисобидан савоб учун бир мадраса бино қилдиришга Амир Темурдан ижозат сўрайди. Ҳукмдордан рухсат бўлгач, отаси Қозонхон томонидан совға қилинган бир жуфт олмос балдоғини сотувга қўйиб, бу маблағнинг бирини мадраса қурилишига сарфлайди. Сароймулк хоним қурдирган мадраса XIV аср охири ва XV бошларида Самарқанддаги мадрасалар орасида улкан ва маҳобатлилиги билан ажралиб турган. Мадрасага замонасининг етук мударрислари тайинланиб, улар толиби илмларга диний ва дунёвий илмлардан дарс беришган. Малика эса мадраса толиби илмдарининг аҳволидан тез-тез хабар олиб, уларга доимо ҳомийлик қилиб турган. Афсуски, мадраса биноси хусуматлар қурбонига айланди. У XVI аср охирида Бухоро Амири Абдуллахоннинг Темурийларга нисбатан бўлган хусумати туфайли, махсус фармон билан мадраса биноси буздириб ташланади. Бизнинг давримизгача фақат унинг ёнига қурилган мақбарагина сақланиб қолган, холос. Самарқандда машҳур Бибихоним масжиди жомеси ҳам бор. Бу масжидни Амир Темур Ҳиндистон юришидан қайтиб келгач, 1399-1404 йиллар мобайнида ўзининг суюкли бекаси бўлган Сароймулк хонимга атаб курдирган. "Бибихоним" номи билан машҳур бўлган, Марказий Осиёдаги обидаларнинг энг йириги саналган ушбу жоме масжиди ҳозиргача сақланиб қолган. Даврлар ўтиши билан зилзилалар таъсирида масжид анча путурдан кетиб, вайронага айланган. Бироқ у ҳамон ўз улуғворлигини кўз-кўз қилиб ўша даврдан сўйлаётгандек салобат тўкиб, тарихни эслатиб турибди. Ҳозирги ҳолатида бир-бири билан боғланмаган олти бўлакдан иборат бўлиб ҳовлининг юқори қисмида меҳробли, баланд пештоқли биноси, пойгакда масжиднинг иккига ажралган пештоқи ҳамда шимоли-ғарб қисмида якка ҳолда сақланиб қолган минораси мавжуд. Ўз даврида мазкур бўлаклар уч қатор мармар устунли, енгил равоқли пешайвонлар билан бир-бирига бирлаштирилган бўлиб, уларнинг устида 400 та гумбазчалар бўлган экан. У кўринишлар ҳозирги кунда сақланиб қолмаган. Бироқ шундай бўлса-да, Самарқандга ташриф буюрган сайёҳлар ушбу иншоотни томоша қилишмасдан қайтишмайди. Мустақиллик йилларида Самарқанд шаҳрининг ободонлаштирилиши муносабати билан ушбу масжид атрофлари ҳам қайтадан обод қилинди. Гавжум муқаддас қадамжолардан бирига айлантирилди. Соҳибқирон Сароймулк хонимдан фарзанд кўрмаган. Аммо Сароймулк хонимни саройда обрўси жуда баланд эди. Амир Темур Сароймулк хонимни жуда қаттиқ ҳурмат қиларди. Қийин вазиятларда ақлли, оқила, фаросатли бўлганлиги учун салтанатни бошқаришнинг энг қийин ва мушкул вазиятларида унинг маслаҳатларини инобатга оларди. Шунинг учун Амир Темур ўғли Шоҳрух Мирзони, суюкли набиралари Муҳаммад Султон Мирзо, Халил Султон Мирзо, Улуғбек Мирзо ва бошқа шаҳзодаларнинг тарбиясини бевосита малика ихтиёрига топширган эди. Бундан шу нарса аёнки, Амир Темур Сароймулк хонимни жуда ҳурмат қилган ва ардоқлаган. Ўз навбатида Сароймулк хоним ҳам шу талабга жавоб бера оладиган малика бўлган. Шунинг учун ҳам Амир Темурнинг энг суюкли аёли сифатида тарих саҳифаларининг энг юқори чўққиларидан жой эгаллади.

("Дунё маликалари: мозий ва янги давр ҳикоялари" китобидан)


Последнее редактирование: 25/03/2020 16:16;   Просмотров: 935
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку