Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

САМАРҚАНД ШАЪНИНИ АСРАБ-АВАЙЛАЙЛИК

Касбим тақозоси билан Халқаро туризм муаммоларига бағишланган конференция, семинар, йиғинларда жуда кўп бор иштирок этганман.

Одатда бу тадбирларда мамлакатимизнинг сайёҳларни ўзига жалб қиладиган Самарқанд, Бухоро, Хива, Шаҳрисабз ва бошқа шаҳарларда уларга замонавий талабларга жавоб берадиган даражада хизматни ташкил этишга асосий диққат-эътибор қаратиларди. Шу билан бирга жаҳон туризм майдонида кучли хуфёна рақобат мавжудлиги ҳақида ҳам турли маъруза, баҳс-мунозаралар бўлиб турарди. Чунки, экстремизм йўналиши бўйича махсус тайёрланган кишилардан иборат сайёҳлар борган мамлакатлардаги ёки шаҳарлардаги экологик тоза бўлмаган (ифлос) жойларни атайин суратга тушириб, матбуот орқали кўпгина давлатларда реклама қилар, иштиёқманд сайёҳларни ушбу юрт ва шаҳарларга бўлган ҳавасу ихлосларини сўндиришга уринишарди. Шунинг учун уларни шум ниятларидан доим огоҳ бўлишлик алоҳида таъкидланарди.
Шу ўринда бир мисол келтираман. Ўтган йилнинг ёз ойлари эди, Хожа Аҳрори Валий зиёратгоҳи олдидан оқиб ўтадиган ариғқ бўйлаб борар эканман, ногаҳон кўприқ яқинидаги ариқ устидан ўтган трубага илашиб қолган сув юзасидаги, асосан бакалашка ва ҳар хил чиқиндиларни суратга олаётган чет эллик сайёҳга кўзим тушди. У ушбу манзарани турли ҳолатларда суратга олиб қайтмоқчи бўлганида, уни илтимос тариқасида қўлимни кўксимга қўйган ҳолда тўхтатдим. Сайёҳдан рус тилида қаердан эканлиги ва неча кундан бери Самарқандда меҳмон эканлигини сўрадим. Жавобидан, 3 кундан бери шу ердалигини билдим ва унга мана шу муддатда сен Самарқанднинг тоза, мусаффо ҳавосидан нафас олаяпсан, унинг нон-тузидан истеъмол қилаяпсан, шу ишинг тўғрими, қолаверса, бу маконда улуғ сиймо Хожа Аҳрори Валий бобомизнинг жасадлари мангу қўним топган, у кишининг руҳларини безовта қилиш яхшиликка олиб бормайди, деб тушунтирдим. Гапларим таъсир қилди шекилли, у ҳам қўлини кўксига қўйиб кечирим сўради. Олган суратларини бирма-бир ўчириб, (улар учта экан) туялар карвони ҳайкали олдида турган ҳамроҳлари томон равона бўлди.
Айтмоқчи бўлганим мен фақат ўзим гувоҳ бўлган бир ҳолат тўғрисида гапирдим. Бундай мақсадда юртимизга ташриф буюрган шум ниятли сайёҳлар шунга ўхшаш нохуш жойларни суратга тушириб, юртига қайтгандан сўнг юқорида айтилган рекламаларни уюштирмасликларига ким кафолат бера олади. Биринчи Президентимиз Ислом Каримов она шаҳримизга таъриф бериб, “Самарқанд – Аллоҳнинг назари тушган жаннатмакон юртдир” деган эдилар. Шундай экан, азизлар, Самарқандимиз шаъни, мавқеи, нуфузини доимо ҳимоя қилиш, унинг ҳар бир гўшасини тоза, обод ва кўркам сақлаш, шу юртга муносиб фарзанд бўлиш ҳар биримизнинг инсонийлик бурчимиздир. Шаҳримиз ободлиги – бу, энг аввало бизнинг обрўйимиз эканлигини унутмайлик!

Зокир ҚОСИМОВ, Тошкент Давлат
Иқтисодиёт университети доценти,
Хожа Ғулом маҳалласи


Дата добавления: 05/05/2017 12:13;   Просмотров: 1500
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку