"Ойи ўша сиз мақтаган бўлажак куёвингиз ғирт тўнканинг ўзи, "романтика"ни умуман тушунмас экан. Бу кетишда дугоналарим олдида шарманда бўлмасам бўлди эди. Очиғи, мени у билан бахтли яшаб кетишимга кўзим етмаяпти. Нималарни орзу қилмагандим-а, "love history", романтик учрашувлар, олдимда тиз чўкиб қўлимни сўраши, "валс", шампан виноси...бир зумда ширин хаёлларим "пуф" этиб осмонга учдию кетди тамом, у кишим хоҳламас эмишлар..."
Ишқ-муҳаббат қиссалари ўтмиш азалдан борлиги ҳақ гап. Бироқ замон зайли билан мана шу илоҳий туйғуларнинг "романтика" деб аталмиш изҳор қилиш шакллари бугунги кунда янги оила қурган, севишган икки дил орасида оммалашиб, анъана тусига айланиб улгурди. Ғарб мамлакатларига хос ушбу одатларнинг ихлосмандлари бўлган баъзибир ёшларимиз энди бир-бирларини кўриб андоза олишмоқда. Агар янги ҳаёт қуриш остонасида турган икки ёшнинг бири "романтика"ни тушунмаса, юқоридаги каби "замонавийликлар" унинг ғашини келтириб эриш туюлса-чи бу улар келажакда бахтсиз бўлишади деганими ва ёки романтик эр-хотин бўлиш кўпчилик олдида жуфтига бўлган ҳис туйғуларини турли шаклларда кўрсатиб намоён қилиш уларни бахтли яшаб кетишларига кафил бўла олармикан? "Романтика" борасида қаҳрамонимизга ўхшаб фикрлайдиган баъзибир қиз-йигитларимизнинг ўй-хаёлида бу гўёки чин севгининг ифодаси бўлиб кўринади, лекин... Атрофимизга назар солиб ҳаётини "романтика" устига қурмаган аммо бир умурлик жуфти ҳалоли билан узоқ йиллар бахтли яшаб келаётган ёши улуғларимиздан шу сўз умуман романтик ҳис туйғуларни ифода этиш ҳақида сўрасак уларнинг кўпчилиги "Бу сиз ёшларнинг ўйлаб топган гапингиз ёки ҳархил четэл киноларни кўришингиз оқибатида миянгизга ўрнашиб олган, ғарбона маданиятга кўр-кўрона тақлиддан бўлак нарса эмас.." деб фикр билдириб тушунтиришга уринишади. Биз бўлсак. баъзан уларга қулоқ солиш, хулоса чиқариш ўрнига "Ҳозир замон бошқа... у даврлар ўтиб кетди.." дея жавоб қайтаришга шошиламиз. Сизнингча ким ҳақ, қачондир бу ҳақида ўйлаб кўрганмизми? Фотима МАҲМУДОВА.
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.