23 май куни Талибарзуипоён маҳалласида истиқомат қилувчи Шарофбобо Мамадалиев хонадони ёнидан ўтганлар бу ерда тўй бўлаяпти, деган хаёлга борганлари аниқ. Маҳалла аҳли эса бу оилада ўсиб-улғайган ўғил-қизларнинг 30-40 йиллар олдин шу ҳовлида тўйлари бўлишгани, бугун уларнинг фарзандларининг ўғилчалари ҳам “тўй бола” бўлиб, шуларнинг шарофатига халққа кўп бор ош тортилганини билишади.
Майнинг 23-санаси фақат Шарофбобо хонадони аъзоларининг эмас, маҳалла аҳлининг ёдидан ҳам ҳар қандай тўй тарихидан узоқ сақланиб қолса, ажаб эмас. Саксон ёшни қаршилаган Шарофбобо Мамадалиев шу куни ўз уйидан бир хона ажратиб, маҳалладаги мактабда ўқийдиган кичкинтой болалар учун кутубхона ташкил этди. Шу муносабат билан оддий ва кўркам отахоннинг хонадонига таниқли шоир ва ёзувчилар, олим ва журналистлар, жамоатчилик вакилларидан Ф.Тошев, Х.Нуруллаев, А.Қамарзода, Н.Каримзода, М.Маъдиев, Р.Шарифзода ва бошқалар ташриф буюришди.
– Мингдан ортиқ китобим бор, – дейди Шарофбобо бугунги тадбирдан хурсандлигини яширмай, – Асосан, болалар учун битилган китоблар. Маҳалла болаларига, ширин-шакар невараларимга келиб шу ерда китоб ўқишлари учун ҳам шароит яратилган, хоҳлашса уйига олиб бориб ўқисин. Ниятим, болалар кўпроқ китоб ўқийдиган бўлишсин. Чунки маърифатли одамдан ёмонлик чиқмайди. Одамларимиз қанчалик илмли, ўқимишли бўлишса, давлатимиз ҳам янада ривожланади, ҳаётимиз фаровон бўлади.
Шарофбобо қаламига мансуб табиатга аталган шеърни унинг невараси ўқиб берганда, тадбир иштирокчиларининг барчасини ҳаяжон чулғагани рост. Қувончдан кўзида ёш ҳалқалаган отахонга қараб эса ҳамманинг ҳаваси келгани ҳам бор гап. Зеро, одамларга эзгулик улашган кишилар ҳамиша обрў-эътиборда бўлишган.
Н.МЕҲРАНГИЗ
ҲАММАМИЗ ТАБИАТМИЗ
Мавжудоту наботот,
Ҳаммамиз бир табиат.
Уни асрашга бўлган
Бизларда бўлсин ният.
Бобом айтган ноёб қуш,
Қизилиштондир оти.
Қани сасиқпопишак,
Дом-дараксиз йўқолди.
Ҳар бир қуш, ҳар бир
жонзот
Тангридан бизга эҳсон.
Кўпин қирилди тури,
Наҳотки айбдор инсон.
Она каби меҳрибон
Бу ер, бу сув, бу ҳаво.
Биздан юз ўгиришар
Бўлсак агар бепарво.
Мувозанат бузилса
Табиат бир тарози.
Ҳар неки бор асрасак,
Ҳақ бўлар биздан рози.
Бобо Шароф шу сўзим,
Тинмасман ҳолим бўлса.
Тинч ва гўзалдир олам,
Болалар олим бўлса.
Шарофбобо МАМАДАЛИЕВ,
Талибарзуипоён маҳалласи фахрийси
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.