Рамазон Исломий ойлар ичида энг буюк ва фазилатларга бойлиги, унда Қуръон нозил бўла бошлагани билан у ўн бир ойнинг султонидир. Ушбу ойда Аллоҳнинг раҳмати ёғилиб мағфират этилган бандалар охир-оқибат дўзахдан ҳам нажот топганлари учун унинг дастлабки ўн кунлиги раҳмат, кейингиси мағфират, охирги ўн кунлиги эса дўзахдан нажотдир.
Пайғамбаримиз Муҳаммад с.а.в шундай дейдилар: Рўза тутиш-ейиш ва ичишдан тўхталишгина эмас, балки рўза беҳуда гап ва ёмон қилиқлардан ҳам ўзини сақлашликдир. Агар сени биров сўкса ёки сенга нодонлик қилса, мен рўзадорман, мен рўзадорман дегин. (Пайғамбир Муҳаммад. с.а.в ҳадисларидан).
Абу Хурайра (розияллоҳу анҳу) ривоят қилган ҳадисда, Пайғамбаримиз соллалоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: "Сизга муборак Рамазон ойи келди. Аллоҳ таоло сизга унинг рўзасини тутмоқликни фарз қилди. Унда осмонларнинг эшиклари очилур, жаҳаннамнинг эшиклари ёпилади. Унда ўзбошимча шайтонлар кишанланади. Унда Аллоҳнинг бир кечаси бўлиб, у минг кечадан яхшидир. Ким у кечанинг яхшилигидан маҳрум бўлса, батахқиҳ маҳрум бўлибди. Ибн Маъсуд (р.а) шундай дейдилар: "Ким осойишталик ва ҳузурли вақтларида Аллоҳни эслаган ҳаром ишларни қилишдан сақланган ҳолда Рамазон ойи рўзасини тутса ушбу ой тугамай туриб барча гуноҳлари афв этилади.
Расули Акрам (с.а.в) Рамазони шарифда хутбага чиқаётганларида биринчи, иккинчи ва учинчи зиналарда "омийн" дедилар. Саҳобалар сўрадилар: Ёнингизда ҳеч ким бўлмаса ҳам, ўз-ўзингизга уч марта омийн" дейишингизни сабаби нима, эй Аллоҳнинг Расули? Шунда Расулуллоҳ шундай дедилар: "Жаброил алайҳиссалом келиб менга шундай дедилар: "Ким Рамазони шариф ойига етиб келиб, Аллоҳдан афв тиламасдан у ойни ўтказса, жаҳанамга кирсин". Мен ҳам шу вақт "Омин" дедим. Рамазони шариф келди деб норози бўлган, рўзадорларга ёмонлик қилган ва рўзасини бузганларга жаннат ҳаромдир". Мен яна "Омин" дедим. "Эй Расулуллоҳ, сизнинг муборак исмингиз тилга олинган вақтда сизга саловоти шариф келтирмаган ҳам жаҳаннамга кирсин" мен яна "Омин" дедим.
Абу Айюб ал-Ансорий (р.а.) ривоятларида Пайғамбаримиз (с.а.в) шундай деганлар: "Бир киши Рамазон рўзасини бошидан охирига қадар тўла тутса ва бунга шаввол ойи рўзасини олти кунини ҳам қўшса, бир йилни рўза билан ўтказган бўлади. (Муслим)" Салмони форсийдан ривоят қилинган бир ҳадисда Аллоҳнинг Расули "с.а.в" шундай дейдилар: "Эй инсонлар! Буюк ва жуда муборак бир ойнинг сояси сизни устингизга тушибди. У ойда қадр кечаси бордирки, минг ойдан хайрлидир. Аллоҳ уни рўзасини фарз, тунгги ибодатини эса нафл қилди. Ким у ойда хайрли ишлар қилса, бошқа ойлардаги фарз қилинган ишларни бажарган бўлади. У ой сабр ойидир, сабрнинг жавоби эса жаннатдир.у -яхшилик ойдир. У ой мўминнинг ризқини оширадиган ойдир, "Арши аълони кўтариб туриб унинг атрофида айланган фаришталар, Аллоҳга ҳам айтиш билан у зотни поклаб тасбеҳ айтурлар ва у зотга иймон келтирурлар ҳамда иймон келтирган бандаларни мағфират қилишни сўраб: эй Робиммиз! Сен уларни ҳам уларнинг ота-боболари, жуфти ҳалоллари ва зурриётлари орасидаги солиҳ мўмин бўлганларни ҳам ўзинг уларга ваъда қилган абадий жаннатингга дохил қил. Шубҳасиз сен қудрат ва ҳикмат соҳибисан. (Ғофир 8)
Рамазон ойида беш вақт намоздан сўнг қуйидаги сураларни ўқиш жуда ҳам фазилатлидир. Булар Ихлос-Оятул курси, ва Фотиҳа сураларидир. Бу ой раҳмат ва шафқат, барака ва савоб ойидир. Барча мўмин-мусулмонлар кутган рамазон ойи кириб келди. Рўза биз учун муборак вақт, бу ойда ибодат амалининг мукофоти бир неча баробар кўпайтирилади. Рамазон ойи Аллоҳ таолонинг ўзининг бандаларига нисбатан олий ҳиммат неъматларининг намоён бўлишидир. Ана шу неъматларидан бири сиҳат-саломатликдир. Рўза инсон саломатлигига ижобий таъсир ўтқазади. Масалан: Юрак-инсоннинг бу аъзоси тана бўйлаб қоннинг 10 фоизи таом ҳазм қилиш тизимига йўналтирилади. Рўза чоғида ушбу фоиз камаяди. Натижада юракнинг ишлаш муддати камаяди ва унчалик чарчаб қолмайди. Рўзадорнинг аъзои-танасида тўпланиб қолган ёғлар эрийди. Натижада атеросклероз ҳамда қон босимини олдини олади. Мия рўза даврида аъзои-тана ўз ёғ захирасини бир қисмини истеъмол қилади. Бу қондаги холестерин миқдорини камайтиради, шу тариқа инсульт эҳтимоли камаяди. Тери-рўза пайтида қондаги сув миқдори камаяди. Натижада тери касалликлари шифо топади. Шу билан бирга иммунитет ошиши, аллергия касалликларининг камайиши, ҳуснбузарларни шифо топиши, ҳатто саратон касалликларига чек қўйилишига олиб келади, меъда: - Ошқозон шираси рўза пайтида камроқ ишлаб чиқорилади.
Ошқозондаги кислота миқдори камаяди. Натижада ярали касалликлар пайдо бўлиши эҳтимоли пасаяди.
Жигар: Бу аъзо рўза чоғида ўз фаолиятини кучайтиради. Аъзои-танадан пешоб пуфаги ва йўғон ичак орқали заҳарли моддалар чиқиб кетади ва жигар ҳужайраларини фаоллаштиради.
Рўза ошқазон ости безига дам олиш имкониятини беради. Натижада қанд касалини олиб келмайди. Дарҳақиқат, ҳар бир одам рўза тутишни истар экан албатта, парҳезга риоя қилиши шарт, кўп овқат еб, ўзингизни қийнаманг, кам овқат истеъмол қилиб аъзои-танангизга дам беринг. Натижада кўзлаган мақсадингизга эришасиз. Бундан ташқари рўза пайтида тилни ёлғон сўзлардан, ғийбат, чақимчилик, фаҳш гаплардан сақлаш лозим. Тилни Аллоҳ таоллонинг зикри ва Қуръон тиловати ила машғул қилиш тилнинг рўзасидир. Рамазон ойингиз муборак бўлсин!
Ҳожи Қамар Муаззамов,
интернет манбалари асосида тайёрлади.
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.