Туман "Кумуш тола" пиллакорлари вилоятда биринчи бўлиб давлатга пилла топширишни бошлаб беришди. Шу муносабат билан "Samarkand silk-form" МЧЖ Ўзбекистон - Хитой қўшма корхонаси биносида тантанали тадбир бўлиб ўтди. Унда туман ҳокими Шуҳрат Жамолов сўзга чиқиб, тўпланганларни ушбу муваффақият билан қутлади.
- Бу йил биз давлат қабул пунктига 60,4 тонна саноатбоб хомашё етказиб беришимиз керак, - деди Шуҳрат Ўроқович. - Ундан 26 тоннаси уруғлик ҳисобланади. Шуниси диққатга сазоворки, қурт уруғлари Хитой ва Япония мамлакатларидан келтирилди. Пилла Хитой технологияси асосида парвариш қилинди. Туманимизга хитойлик мутахассислар ташриф буюриб тажриба ўргатишди.
- Ёшим олтмишдан ошган бўлса-да пиллачилик билан шуғулланиб келаяпман, - дейди "Моҳигул" фермер хўжалиги раҳбари Маҳтоб Ёқубова. - Муҳтарам юртбошимиз биз, пиллачиларга кўпгина имтиёзлар яратиб бераётгани, айниқса, қанот бағишламоқда. Бир киллограмм саноатбоб хомашё учун 25-30 минг сўмдан ҳақ тўламоқда. Фарзандларим, келин ва набираларим ҳам пилла қурти боқиш билан шуғулланмоқда. Чунки моддий даромаддан ташқари иш стажига эга бўлишмоқда.
- Янги ҳосилни қабул қилиб олиш учун пухта тайёргарлик кўрдик, - дейди мазкур корхона директори Зайниддин Бобомуродов. - Энг муҳими, пиллачиликда янгиликлар жорий этилди. Пилла қурти учун даста ва шипирги каби нарсалар учун сунъий пласмасса мосламаларидан фойдалинишга киришдик. Энди қўл меҳнати камайиб, маҳсулот сифати ошмоқда.
- Вилоятимиз бўйича 2645 тонна пилла етиштириш режалаштирилиган, - дейди вилоят "Агропилла" бошқармаси бошлиғи Ёдгор Жўраев. - Озуқа базасини мустаҳкамлаш учун 558 гектар тут плантацияси мавжуд. Бу йил Хитойдан уруғлик олиб келиб 20 минг туп тут ниҳолларини кўкартирдик. Улар фермерларга тарқатилади. Шуниси диққатга сазоворки, Самарқанд тумани пилла парваришида бой тажрибага эга. Бу ерда ўзига хос тажриба мактаби бор. Шунинг учун туман "Кумуш тола" пиллакорлари вилоятда етакчи бўлишди.
Тадбирда туман ҳокими Шуҳрат Жамолов бир гуруҳ илғор пиллакорларга қимматбаҳо совғаларни топширди. Биринчи куни 500 килограмм маҳсулот хорижга экспорт қилинди. Пилла топшириш давом этмоқда.
З.ҲАСАНЗОДА
Б.ҚОДИРОВ олган сурат
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.