(Эссе)
Отам Тошкент ёки Самарқандга бориб келса, уйга, албатта бир халта китоб-дафтар кўтариб кирарди. Айтгандай, байрамларда ҳам собиқ ўқувчилари ҳам отамга фақат янги китоб совға қилишарди. Ҳаммасини авайлаб, асрарди:
Бу - Афғонистон тоғларида ўсадиган ўсимликлар расми ва тавсифи. Комилжон ҳарбий хизматдан юборган. Мана бу - указка (безакли кўрсаткич таёқ)ни Қурбонбой келтирган. Янги жўғрофик харитасиям бор.
Қишлоқда боғ-роғнинг юмушига ўрганиб қолган падари бузуркворимни фақат байрамлардагина Самарқандга келишига кўндирардик. Онам-ку, неваралари билан уйда ўтирарди, аммо отам эрталабки нонуштадан сўнг дарҳол кўчага отланарди. Музей, архивларга борарди, одати бўйича уйга бир даста газета билан қайтарди.
- Бобоси, уйдагилари етмасмиди, ҳамма ёқни газет босиб кетди. Ўқийдиган тайинли нарсаси борми ўзи?! - нолийди онам.
- Вой, кампири тушмагур. Газетаниям ёмони бўларканми. Ёзилган нарсани ўқиган киши маърифатли бўлади. Дунёдан хабардор бўласан. Қоринни ҳамма тўйғазиши мумкин, бироқ шуурни, онгни илм билан тўйдиришни ҳаммаям эплайвермайди.
Мен билан суҳбати нуқул матбуотга келиб тақаларди. Чунки у киши енгил-елпи мақола, кўнгилочар газетани ўқимас, фақат жиддий, мулоҳазали материалларни мутолаа қиларди.
Илгари қайси раҳбарнинг ҳузурига кирсанг, столи устида бир тахлам газета турарди. Ўқимаса, ҳаётдан орқада қолиб кетарди. Нега ҳозир шундай эмас-а! Қайси газетга қарама, сканворд, бошқотирма. Нима, улар жиддий газета ўқишмайдими?
Очиғи, ҳеч нарса деёлмасдим. Чунки у киши ҳақ гапни айтаётганди. Яна қўшиб қўярди:
- Одамларни ўргатиш керак. Мақола охирида ўша раҳбарнинг исми-шарифини ёзиб, «Сиз нима дейсиз?» деб сўраганлар. Одамларни муносабат билдиришга кўниктириш лозим, болам.
Бошқа бир куни суҳбат чоғида отам дардини куйиниб изҳор этди:
- Илмсиз тадбиркорлик бўлмайди. Илмсиз, маърифатсиз халқ ишбилармон бўлмайди. Аввал шу ишга уларни яхшилаб тайёрлаш, ўқитиш керак. Катта бир хўжаликда биттаям тарғиботчи бўлмаса-я?! Бунақа штатларни кўпайтириш ўрнига нега қисқартириб юборишаяпти?
Фармон ТОШЕВ
«Тазарру»
китобидан олинди
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.