Раҳматли отам бундан 30 йил илгари вафот этган бўлсалар-да, тез-тез эслаб, руҳи поклари учун Қуръон тиловат қилиб тураман. Ҳар гал катта уй тўрида турган суратларига термулар эканман, нуроний чеҳраларидан менга оқ йўл тилаб, яхши насиҳат қилаётганларини ҳис этаман.
– Бобожон, йиғлаяпсиз-ми?-набирамнинг саволидан сергак тортаман.
– Йўқ,–дейман кўз ёшимни кафтим билан артиб. – Кўзимга чанг тушибди, шунинг учун ёш оқаяпти...
Отажоним Ислом Бур-ҳонов 1900 йили Ўрташиқ маҳалласида туғилган. Ёшлигидан оталари Бур-ҳон бобо мой жувозида ишлаган, деҳқончилик қилган. Хўжаликлар ташкил этилгач, колхозга кириб ишлаган. Иш ҳақи ўрнига заём берилган, бошқа ҳеч қандай ёрдам бўлмаган. Беш нафар болаларни боқиш керак, заёмга бозор қилиб бўлмаса. Битта отлари бўлган. У билан оталаридан қолган жувозни юргизиб пул топган, оила тебратган. Мойжувозни юргизгани учун отамни қулоқ қилишган. Яҳудий жўралари жонларига оро кириб, судда оқлашларини сўраб ариза берган, шарт-шароитни тушунтириб берган. Эскилар айтганидек, “закончилик” қилган. Натижада суд қарори билан отам оқланган, колхозда ишлаган беш йиллик маошларини ҳам ундириб беришган. Ҳа, Репин бобо отамга кўп яхшиликлар қилган, 1970 йилга қадар уйимизга келиб турган.
Гарчи отам Иккинчи жаҳон урушида қатнашмаган бўлсада, Фарҳод ва Бўзсув каналларини қизиш ишларида қатнашганлар. Қарилик нафақасига чиққанларигача қурувчилик касбини улуғлаб келганлар. Бундан ташқари, маҳалламизда чойхона барпо этилишида, қабристон ободонлаштирилишида фаоллик кўрсатганлар. Ўн нафар болаларини ўқитиб, яхши-яхши касблар соҳиби бўлишлари учун йўл-йўриқ кўрсатганлар.
Катта уй тўрида нурли сиймонгиз,
Ҳовлида кезади, ўлмас руҳингиз.
Буларнинг барчаси эслатар сизни,
Отажон, изингиз излар ўғлингиз.
Халқим деб қилдингиз жонингиз фидо,
Фарзанд камоли-чун этдингиз дуо.
Ҳеч кимнинг дилидан ўчмас номингиз,
Отажон, изингиз излар ўғлингиз.
Набиралар улғайди. Ёд этар сизни,
Ҳовлингиз тўлдириб йўқлайди сизни.
Соғинч ҳисси ҳечам тарк этмас бизни,
Отажон, изингиз излар ўғлингиз.
Хуллас, ота-она фарзанд учун Парвардигор томонидан ато этилган суянчиқ, бузруквор. Уларнинг ўгити ёшларга хазина бўлишини унутмаслик керак.
Меҳрожиддин ИСЛОМОВ
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.