Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

ОНА ТИЛИ – МИЛЛАТНИНГ РУҲИ

* 21 октябрь - Ўзбек тили байрами куни

Она тили - миллатнинг руҳидир. Тил - давлат тимсоли, мулки. Тилни асраш, ривожлантириш - миллатнинг юксалиши демак. Ўзбекистон Республикаси Конституциясида давлат тилининг мақоми ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлаб қўйилган. Шу тариқа ўзбек тили мустақил давлатимизнинг Байроғи, Герби, Мадҳияси қаторида турадиган, қонун йўли билан ҳимоя қилинадиган муқаддас давлат рамзига айланди.

Бундан  31 йил  муқаддам ўзбек тилига давлат тили мақоми берилган эди. Бу ўз даврида том маънода оламшумул воқеа бўлган эди. Чунки, Беруний, Ибн Сино, Ал Хоразмий, Ал Фарғоний, Алишер Навоий, Амир Темур, Мирзо Улуғбек, Бобур Мирзо сингари буюк сиймоларни етиштирган халқ тили йўқолиш арафасига келиб қолган эди. Мустақилликка илк қадамлар ташланаётган даврдаёқ президентимиз томонидан ўзбек тилига давлат мақоми бериш масаласи кун тартибига қўйилиб, бу иш амалга оширилган эди. Она тилимиз - ўзбек тилига 1989 йил 21 октябрда давлат тили мақоми берилди. Бу мамлакатимиз, юртдошларимиз ҳаётидаги унутилмас, тарихий воқеага айланди. Агар ўшанда тил тўғрисида қонун қабул қилинмаганда эди, ўзбек тили ҳам тарих саҳифаларидан жой олган бўлармиди?!.

Шуни таъкидлаш керакки, ўзбек тилига давлат тили мақомининг берилиши халқимизнинг миллий мустақилликка эришиш йўлидаги муҳим қадамларидан бири бўлган эди. Истиқлол йилларида мамлакатимизда барча соҳаларда бўлгани каби тилимиз тараққиётида ҳам муҳим ўзгаришлар юз берди. Ўзбек тилининг халқаро миқёсда обрўси ошди.  "Давлат тили ҳақида"ги қонун она тилимизнинг бор гўзаллиги ва жозибасини тўла намоён этиш билан бирга, уни илмий асосда ривожлантириш борасида ҳам кенг имкониятлар яратди. Олимлар ва мутахассислар томонидан илм-фан ва турли соҳаларга оид энциклопедия ва луғатлар, дарслик ва ўқув қўлланмалари чоп этилди. Мумтоз адабиётимиз намуналари, саксон мингдан зиёд сўз ва сўз бирикмасини, фан, техника, санoат, маданият ва бошқа соҳаларга оид атамаларни, шеваларда қўлланиладиган сўзларни ўз ичига олган беш жилдлик "Ўзбек тилининг изоҳли луғати" бу борада амалга оширилган ишларнинг энг муҳимларидандир.

Тил - миллатнинг маънавий бойлигидир. Тил нафақат муаммола воситаси - балки халқнинг маданияти, урф-одати, унинг турмуш тарзи, тарихидир. Турли халқларнинг тилларига хурмат эса ўз навбатида ўзаро тушунишни, мулоқотларга имконият яратади. Тилларни сақланиб қолиши учун эса бу тилларни қўллаб-қувватлаш зарурдир. Айнан тил туфайли инсоният у ёки бу халққа мансублигидан фахрланиб яшайди. Барча тилларни тан олиш ва хурмат қилиш тинчликнинг бирдан бир кафолатидир. Шу сабабли ҳам хар бир халқ ўз тили сақланиб қолиши учун ҳаракат қилади.

Лингвист олимларнинг фикрича, яна 25 йилдан сўнг хозир муамолада бўлган тилларнинг ўнтасидан биттаси сақланиб қолар экан.

Бугунги кунда дунёда 6809 та тил мавжуд бўлиб, уларнинг тенг ярми саккизта давлат - Мексика, Индонезия, Камерун, Бразилия, ҳиндистон, Хитой, АҚШ ва Россия хиссасига тўғри келади. Энг кўп тилли мамлакат сифатида ҳиндистон тан олинади. Бу мамлакатда ахоли 845 тил ва лахжада сўзлашади. Иккинчи ўринда эса 600та тил ва шевада сўзлашувчи Папуа - Янги Гвинея туради. Сайёрамизда энг кўп аҳоли сўзлашадиган тил сифатида хитой, инглиз ва испан тиллари тан олинган. Биринчи ўнликка ҳинди, бенгал, араб, португал, немец, рус ва  япон тиллари ҳам киритилган. Жаҳон тилларининг атиги 4 фоизи Европа қитъасига тўғри келса-да, энг кўп сўзлашувчи тилларнинг тенг ярми "кўҳна қитъа"да экани маълум бўлди. 341 миллион киши инглиз тилини она тили сифатида тан олади, бироқ яна 350 миллион киши бу тилни иккинчи она тили сифатида кўришини маълум қилган. Тахлилчилар хитой ва инглиз тиллари фойдаланиш бўйича ўз мавқеини ошириб бораётганини айтишади. Вазиятни ўрганаётган кузатувчиларнинг фикрича, фойдаланувчилар сони бўйича айни дамда инглиз тили етакчилик қилаётган бўлса, XXI аср ўрталарига бориб, хитой тили асосий тил бўлиб қолиши мумкин.

ЮНЕСКО томонидан нашр қилинадиган "Йўқолиб кетиш хавфи арафасида турган жаҳон тиллари атласи"да Европадаги 50та, Тинч океани минтақасида эса 200та тил йўқолиб кетиш арафасида экани таъкидланади. Африкадаги 1400та тилдан 600таси келажакда, 250таси эса яқин орада бутунлай йўқолиши хақида бонг урилмоқда.

АҚШ ҳудудларига европаликлар қадам қўйганларида бу минтақада минглаб тиллар мавжуд эди. Айни дамда шимолий Америка ҳиндуларининг камида 150та тили сақланиб қолган. Лейпциг  университети ходими Бальтазар Бикелянинг сўзларига қараганда,  Кавказда атиги 3-4 киши сўзлашувчи тиллар бор.

ЮНЕСКО ҳомийлигида Лейпцигда бўлиб ўтган лингвистларнинг халқаро анжуманида кам сонли халқларнинг тиллари йўқолиб кетишига глобализация айбдор экани айтилди. Бироқ айрим таҳлилчилар, тилларнинг йўқолишига  глобализациядан ташқари айрим ҳукуматлар олиб бораётган сиёсат ҳам айбдор эканини эслатиб ўтишди. Бу каби вазият асосан Африка мамлакатларида учрамоқда.

Қачонки болалар ўз она тилларида ўқишни тўхтатар экан, ўша тил йўқолиб кетиш арафасига келиб қолади. Тилларни сақлаб қолиш бу ўша халқнинг маданияти, урф-одати, расм-русумларининг сақланиб қолинишини   англатади. Чунки, халқ тақдири тил тақдири билан бевосита боғлиқ. Тил ҳар бир миллат маданиятининг ўзагидир. Шу сабабли ҳам тилнинг сақланиши халқ тараққиёти ва келажагини белгилайди. Тил халқни бирлаштиради, тарбиялайди, ўқитади, урф-одат, аньаналарини сақлайди. Шундай экан, она тилимизнинг халқаро миқёсдаги обрў-эътиборини юксалтиришда, уни миллий ва умумбашарий тушунчалар асосида тараққий этган тиллар сафига қўшишда ҳар биримиз тилимизга чуқур ҳурмат билан ёндашимиз керак

Шарофиддин ТЎЛАГАНОВ

ЎзА


Дата добавления: 12/10/2020 10:31;   Просмотров: 993
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку