Ўзбекистон телевидениесида яқинда намойиш этилган “Муносабат” кўрсатуви республикамизда чоп этилаётган босма ахборот воситалари фаолиятига бағишланди. Унда газеталарга обунани ташкил этиш масаласи кўтарилганда, мулоқотда иштирок этган давлат ва хусусий газеталарга тегишли таҳририятларнинг таниқли журналистлари билдирган фикрлар қизғин баҳсни келтириб чиқарди. Ижтимоий тармоқлар муҳокамасига сабаб бўлган “мажбурий обуна” масаласи кўрсатувнинг энг долзарб мавзусига айлангани рост. Лекин, мазкур мақола муаллифи газетага мажбурий обуна қилдириш тарафдори эмас. Ким қайси газетага обуна бўлишини ўзи ҳал этиши керак. Мақсадимиз, газетага обуна бўлишнинг мажбурийлигида ҳам маълум ижобийлик борлигини қайд этган ҳолда, ўз мулоҳазаларимизни билдириш.
“Мажбурийлик” атамасига фақат салбий нуқтаи назардан қарамаслик керак. У жамият ҳаётида ҳамиша муҳим ўрин эгаллаб келган ва бундан кейин ҳам шундай бўлиб қолади. Мисол тариқасида “мажбурий таълим”ни келтириш мумкин. Дунёнинг деярли барча давлатларида қонуний тарзда мажбурий таълим жорий этилган ва бунга ҳеч ким эътироз билдирмайди. Чунки, ҳар бир кишининг ўқиш ва ёзишни билиши, бу аввало ўзи учун, қолаверса давлат учун фойдали. Агар ўқиш ихтиёрий бўлганда эди, ота-оналар ичида фарзандини мактабга юбормайдиганлари ҳам топиларди.
“Мажбурият” ибораси ўзаги “мажбур” деган сўздан олинган бўлиб, бунда киши ўзига маълум бир нарсани амалга ошириш масъулиятини зиммасига олади. Янгиликлардан хабардор бўлишни истаган киши оммавий ахборот воситаларига мурожаат қилишга мажбур бўлади. ОАВ ичида инсон дунёқарашини бойитишда нашрларга тенг келадигани йўқ. Чунки, мутолаа орқали асосан маҳаллий газетани ўқиганлар ўзи яшаб турган ҳудуддаги янгиликлардан воқиф бўлиш билан бирга, хотирани ривожлантириш имкониятига ҳам эга бўладилар. Умуман, инсоннинг ўзи ўсиб-улғайган заминда рўй бераётган воқеа-ҳодисалардан мунтазам хабардор бўлиб туриши - бу огоҳлик фидойилик ва у бу огоҳлик хислатини мажбуриятини бажариш орқали намоён этади. Ҳа, кишида мутолаа қилиш одати ҳам мажбурият даражасига кўтарилиши керак.
Туманимизда атиги битта газета - “Гулобод тонги” ҳафталиги чоп этилади. Туман ҳаётига дахлдор маълумотларни фақат шу газета орқали билиш мумкин. Газета кундалик ҳаётимиз кўзгуси. Туманимизнинг ҳар бир фуқароси уни қўлига олиб, бир бор кўздан кечирса, унда туман ҳаётидаги жараёнлар ойнадагидек намоён эканига гувоҳ бўлади. Газета ҳар бир хонадонда бўлиши керак. Хонадон соҳиб ва соҳибаси маълум вақтини газета мутолаасига бағишлаши шарт. Унинг бу хайрли иши албатта, фарзандлари эътиборига тушади. Қуш уясида кўрганини қилади, дейдилар. Ота-онасининг қўлида газета кўрган болада мутолаага бўлган қизиқиш, ўқишга нисбатан меҳр уйғонади. Демак, болада ўқишга меҳр пайдо қилиш учун, биринчи галда уйда газета бўлиши керак. Газетанинг йил давомида хонадонда мунтазам бўлишини таъминлаш учун эса унга бир бор обуна бўлиш кифоя.
Газетамизнинг мунтазам чиқиб туриши кўп жиҳатдан обунага боғлиқ. Агар унинг адади кўпайса, бу газета нархининг пасайишига имкон туғдиради. Масалан, жорий йилда адади 5 мингта бўлган газетанинг бир нусхаси минг сўм атрофида баҳоланган бўлса, 10 минг ададда баҳоси 500-600 сўмни ташкил этиши мумкин. Шу боис барча тумандошларимиздан газетамизни қўллаб-қувватлашларини илтимос қиламиз. Ўз навбатида газетамиз саҳифаларида туманимиз ҳаётини янада кенгроқ ёритишга, сизга маънавий озуқа берувчи ранг-баранг, қизиқарли мақолалар бериб боришга, энг муҳими, Сизнинг кўнглингизга яқин нашр бўлиши учун бор имкониятларимизни ишга соламиз.
Ҳаётимиз фаровон, турмушимиз ҳавас қилгулик. Шундай экан газетага обуна бўлмасликка маблағ танқислиги баҳона бўлолмайди. Кўпи билан икки кило гўштнинг пулини маънавиятингизни бойитишга ажратсангиз, йил давомида уйингизга газетанинг ўзи кириб келиши имкониятини яратасиз.
Исталган почта бўлимига ёки “Янги аср матбуоти” идораси ҳамда таҳририятга кириб, “Гулобод тонги” газетасига бемалол обуна бўлиш мумкин. Бунинг учун бироз вақтингизни аямасангиз бўлди.
Хуршид НУРУЛЛАЕВ
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.