Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

ОҚ ЙЎЛ СЕНГА, ОҚДАРЁ!

Анъанага кўра, навбатдаги пресс-тур тадбирлари Оқдарё туманида уюштирилди. Туман ҳокими Фирўз Абилов вилоят оммавий ахборот воситалари ходимларини кутиб олар экан, Пўлатдархон МФЙ ҳудудида қуриб фойдаланишга топширилган "Миллат хазинаси" давлат- хусусий шерикчилик асосидаги нодавлат мактабгача таълим ташкилоти томон йўл бошлади. Ташкилот раҳбари Дилфуза Маърупова икки қаватли қўркам бино олдида бизларни самимий кутиб олиб, жумладан шундай деди: Ушбу 150 ўринли кичкинтойлар даргоҳини бунёд этиш учун жами 11 млрд, шундан 3 млрди кредит, сарфланди. Ҳудудимиз 60 сотих бўлиб, кўриб турганингиздек ободонлаштирилган, табиий газ билан таъминланганмиз. 6 нафар 3 ёшли болалар бепул, яъни ижтимоий ҳимоя остида тарбияланмоқда, 25 нафарига эса имтиёзли нархларда тўлов амалга оширилади. 1-4 синф болалари учун ҳам қисқа муддатли машғулотлар ўтказиш режалаштирилган. Юқори натижаларга эришиш-бош мақсадимиз.

Ташрифимизнинг кейинги манзили "PICHOQCHI DRY FRUITS" MCHJ бўлди. Ростини айтсам, ушбу корхонадаги манзара, иш жараёни, одамлар кайфияти барчани хушнуд этди.
- Йигирма йилдан буён Ўзбекистондан қуритилган меваларни хорижга экспорт қиламиз, - дейди жамият директори Толибхон Абдужалилов. Шу пайтгача маҳсулотимизни Туркия орқали бошқа давлатларга юборардик. Хитойнинг "Хиан Зҳонгҳе индустриан" Со.ЛТД корхонаси вакилларига ҳам ўз маҳсулотимизни тақдим этдик. Натижада 500 тонна қуритилган меваларни тўғридан-тўғри Хитойга экспорт қилишга келишдик.
Дарвоқе, корхона 50 га яқин доимий, 100 га яқин мавсумий ишчи ходимга эга. 2018 йилда 1 млн 200 минг АҚШ долларилик ёнғоқ маҳсулотларини хорижга экспорт қилишга эришган, жамоанинг ғайрат-шижоати баланд, янги истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш ниятида.
"Зарафшон текстил" МЧЖ Лойиш-2 филиали пресс-турнинг кейинги объекти бўлди. Туркия билан ҳамкорликда ишлаётган бу корхонанинг 450 кишилик жамоаси ҳам юксак марраларни кўзлаб дадил одимламоқда. 36 хил маҳсулот: болалар ва катталар учун кийим-кечаклар, тикувчилик ашёлари тайёрланиб, 95 фоизи хорижга экспорт қилинмоқда. Йўл-йўлакай туман "Оқдарё овози" газетаси таҳририятида ҳам кириб, касбдошларимиз иш тажрибаси билан яқиндан танишдик, ўзаро фикр алмашдик.
Туман ҳокимининг журналистлар билан ўтказилган учрашув-мулоқоти асосан ҳудудий дастурлар мазмун-моҳияти ва пировард натижаларига бағишланди. Режалаштирилган 64 та лойиҳанинг 1 триллион 011 млрд 872 млн сўм миқдорида молиялаштириш ишлари бошланган бўлиб, бугунги кунга 617 млрд сўм маблағ ўзлаштирилган ва 27 та лойиҳа ишга туширилиб, 855 та янги иш ўринлари яратилди.
- Жамият ривожида ОАВнинг ўрни беқиёс-деди туман ҳокими Ф.Абилов. Журналист ходимлар билан ҳамкорлик уфуқлари кенгаймоқда, муаммолар ечими осонлашмоқда. Шахсан мен тўғри, холис танқидни оғринмай қабул қиламан.
Ҳа, туманнинг бугунги иқтисодий кўрсаткичлари, ижтимоий ривожланиш даражаси ислоҳотлар шиддатидан, давр нафасидан дарак бермоқда.
Биз, журналистлар қайтар эканмиз, азамат ва олижаноб оқдарёликларга шавкатли ўтмиши, нурафшон бугуни ва келажаги учун астойдил курашишларини тилаб қоламиз.

МЕҲРАНГИЗ


Последнее редактирование: 20/09/2019 18:10;   Просмотров: 930
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку