ёхуд мавзунинг моҳияти хусусида
Убай ҚОДИР (Сирожев Убайдулла ҚОДИРОВИЧ) Самарқанд давлат университети механика математика факультетини битирган. 1996-2018 йилларда Самарқанд вилоят ҳокимлигининг "Зарафшон" газетаси таҳририятида мухбир, бўлим мудири бўлиб ишлаган. Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси аъзоси. "Наврўз боқий байрам - 2000" республика кўрик-танловининг мутлақ ғолиби. "Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 15 йиллиги" кўкрак нишони билан тақдирланган.
Уч ойдирки, матбуот ва телерадио каналларининг асосий мавзуси коронавирус бўлиб турибди.Жаҳон оммавий ахборот воситалари ўтган йилнинг декабридан буён COVID -19 ҳақида, дунёни ларзага солаётган хавфли, юқумли касаллик ҳақида бонг урмоқда."Ўзингизни, оилангизни, яқинларингизни асранг", "Уйда қолинг!" каби даъватлар замирида инсон ҳаёти, тириклик неъмати мужассамки, бу даъватнинг нечоғли қимматини англаш учун одамзот кўзларини каттароқ очиб дунёга назар солмоғи, коронавирус инфекцияси билан боғлиқ аянчли ҳолатларни тушуниб етмоғи керак.
Маданияти тугалликка даъводаги не-не мамлакату элларнинг қандай кўйга тушаётганига гувоҳ бўлаяпмиз. Аллоҳнинг кўзга кўринмас митти бир зарраси ҳеч кимни аяб ўтиргани йўқ. Дунёнинг илғор мамлакатлари Бош вазирлари, Президент ва давлат олий маҳкамасидаги масъул ходимлар, вазирлар, БМТдек дунё халқлари, миллат ва элатларининг "соябони" бўлган халқаро ташкилот аппарат ходимларидан 60 нафари, яна қанча-қанча арбобу амалдорлар коронавирус инфекциясига чалиниб даволандилар.
Айни чоғда Ўзбекистондек ўттиз тўрт миллионлик аҳоли жоннинг ҳар биттаси учун бор масъулиятни зиммасига олиб, том маънода матонатини намойиш этаётган Президентимизни ва давлат, ҳукумат фидойиларини ҳам кўриб турибмиз. "Бу балои офат ҳеч бир фуқаромизнинг бошига соя сололмайди. Халқимиз, ҳаммамиз бу офатни биргаликда енгамиз!" дея аҳолини ишонч ва бирдамликка даъват этмоқда давлатимиз раҳбари.Дард, дарддошлик эмас, миллатдошлик, ватандошлик туйғулари бизни ҳамжиҳат қилаяпти.Ҳушёр, огоҳ бўлиб яшашга, меҳнат қилишга ўрганаяпмиз. Доимий равишда гигиена ва санитария қоидаларига риоя қилишга одатланаяпмиз.Пандемия шароитида ишлашга кўникаяпмиз.
Ижод аҳли учун чуқур ижтимоий мавзу пайдо бўлди - инфекцияга чалинган беморлар ҳолати, даволаш жараёни, ҳолатлар, қаҳрамонлар ва ҳал қилувчи мезон - беморларни соғайиб реабилитацияга кузатиш лаҳзалари , қувонч онлари -шарафли мавзулар! Ижод аҳли, журналистлар бу мавзуни теранроқ англади, моҳиятини бошқалардан-да кўпроқ ҳис этди. Бу не чоғли ҳақиқатга яқин мушоҳада, билмадим, аммо бошимизда давлатимиз, ҳукуматимиз ғамхўрлиги, инфекцияга қарши курашиш учун қатъий чораларни белгилаб амалга ошираётгани, вирусни кенг тарқалишининг олдини олиш бўйича қилинган амалий ишлар, шунингдек, соғлиқни сақлаш соҳаси ходимларининг қўрқмай, жонини гаровга қўйиб беморларни даволаётгани, ички ишлар, фавқулодда вазиятлар, мудофаа вазирликлари тизимлари, миллий гвардия ходимлари фидойилиги ҳали бадиий асарлар, кино ва драма асарларига мавзу бўларли шарафдир.
Ҳушёр мушоҳадалар кишини умидли тонгларга, ёруғ келажакка чорлайди.Ҳар биримизнинг ҳаётимизда шартсиз рефлекс ҳам борки, ихтиёрсиз телевизорга нигоҳ қадаймиз. Ахборот дастурларига қулоқ тутамиз.Америкада коронавирус инфекциясига чалинган тўрт яшарли болакайнинг шифохонада тўрт кун нафас ололмай бўғилгани, оғзи-бурнига қўйилган сунъий нафас олиш мосламасида оғир аҳволда қийналгани, ўлим билан олишуви видео лавҳалари юракларни ларзага солди. Юрак аталмиш танадаги митти аъзонинг шу қадар катта куч билан курашаётгани ҳаётнинг, тирик жоннинг атом заррасидан ҳам кучлироқ эканига амин бўласан киши. Болакай тўртинчи куни шифокорлар саъй-ҳаракати билан табиий нафас ола бошлади, ҳаётга қайтди - бошида тўрт кун йиғлаб, туз тотмаган онаизори кўзларида умид учқуни порлай бошлади.Ҳаммамизнинг фарзандимиз, набирамиз бор, улар салгина шамолласа, иситмаси кўтарилса еру кўкка сиғмаймиз.Яратган эгамдан илтижо қиламиз, болаларимизнинг тани жони соғ бўлсин.
Буюк Британия Бош вазири Борис Жонсон коронавирус ҳали Англияда юқори чўққисига чиқмасдан бурун, ўзи, ҳа пандемияга қарши курашнинг бошида турган инсонни, давлат раҳбари тани жонини, вужудини вирус қоплади - коронавирусга чалиниб, махсус клиникада стационар шароитда даволанди. Клиникада даволаниш жараёнида мамлакатни, давлат аппаратини бошқарди. Соғайиб, яна ишга қайтди. Бир ҳафта ўтгач, аёлининг кўзи ёриди - эллик беш ёшли Бош вазир фарзандли бўлди. Чақалоққа Бош вазирни даволаган шифокорнинг исмини қўйдилар. Жонсон "Олтинчи фарзандим врач бўлади", дея жаҳон аҳлига фахр этди. Инглизча имон, инглизча эътиқод, миллати шаъни ва шарафи шу бўлдики, шифокорга бўлган меҳр-муҳаббат ва ҳурмат ифодаси, омонликка шукрона Бош вазирнинг ҳаётий ақидаси бўлди.. Бу лаҳзаларни бутун дунё кўрди, тинглади, юраклар ҳаяжондан қувончга тўлди.
Бу воқеалар инсонни, ижодкорни фикр- мушоҳада ва ибратли хулосаларга ундайди. Хаёл уммонини яхшиликка тўлдиради.Тарихда бунга мисоллар кўп. Ўтган аср ўрталарида Ҳиндистон, Афғонистон ва бошқа Осиё мамлакатларида тарқаган вабо-ўлатнинг таъсирида қанча аҳоли қирилиб кетди, Иккинчи жаҳон уруши йиллари азоб-уқубатлари, очарчилик, йўқчилик, бобо-момоларимизнинг нон тугул ушоғи ҳам кўзга тўтиё бўлган қаҳатчилик йилларида тутқоқи, қоқи ўт еб, кўкламга чиқиб олганликлари, шифобахш гиёҳлар томирини қайнатиб ичганликлари ҳали ёддан кўтарилгани йўқ. Бу каби бало-қазолар халқнинг бардошини синовдан ўтказади. Президентимиз кўп бора таъкидлаётганидек "Бу офатдан, синовлардан янада кучли, иродамиз мустаҳкам бўлиб ўтамиз!".
Коронавирус ва матбуот... Мавзунинг нечоғли аҳамияти, долзарблиги унинг ижтимоий ҳаётимизга таъсирини ўлчаб бўлмайди. Мезон тарозиси шуки, Ер юзи бу инфекциядан халос бўлмагунча, бошқа бирорта мамлакат вирусдан тозаланади, деб ҳеч ким айтолмайди.Олимлар касалликнинг даво чораларини кўришмоқда, ваксиналар ишлаб чиқарилиб инсонларда синаб кўрилмоқда. Эмлаш ишлари кенг миқёсда олиб борилмоқда. Бу битта одам, битта оила ёки битта давлатнинг муаммоси эмас, бутун инсоният қаттол бало қаршисида бор кучи билан курашаётир.
Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, битта коронавирусга чалинган бемор ўзидан 406 кишига вирус юқтириши мумкин экан. Бу оддий гап, оддий ва кичкина рақам эмас. Бу инсоннинг яшаш бахти, саодатли умри лаҳзаларини асраб қолиш борасидаги кураш, ижтимоий ҳаёт негизидир.Насиб бўлса, Гиппократ қасамига содиқ минглаб шифокорлар, тиббиёт ходимлари меҳнати ҳақида асарлар битилади, бугунги синовли кунлар тарихга муҳрланади, халқимиз омон-омон кунларга чиқади.Тиббиёт аҳлининг журъати шуки, қалбида ватанпарварлик туйғуси устун келиб ўзини коронавирус чангалига отди - битта бемор бошида тўрт нафар шифокор тик турди, ухламади. Бу айтишга осон, воқеанинг ичида бўлиш жасорат. Воқеалар келажакда катта асарларга туртки беради. Авлодлар халқ бошига тушган синовларни ёддан чиқармайдилар.
Убай ҚОДИР,
журналист
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.