Ҳидоят Умурқулованинг асли касби алоқачи. Китоб, газета-журналлар мутолааси опанинг жону дили. Шу боис ҳам кўп йиллардан буён таҳририятимиз билан ҳамкорлик қилаётган фаол муаллифларимиздан бири ҳисобланади. Чунки, у кишининг газетамиз саҳифаларида ёритилган турли хил фикр-мулоҳазаларга бой, кишини мушоҳадага ундовчи мақолалари, хабар ва лавҳалари газетхонлар томонидан севиб ўқилмоқда. Биз опани бугунги байрам билан қутлаб, эътиборингизга ижодларидан янги намуна ҳавола этяпмиз.
Таҳририят
Х А Т О Л А Р
Қизиқ, хатолар инсон зотини бир зум ҳам тинч қўймас эканда. Ёшлар ёшлик қилибди-да деймиз, биз катталарчи. Ҳаётий тажрибамиз бўла туриб хатоликка йўл қўямиз. Яшашнинг ўзи қийин бўлса, биз уни янада мураккаблаштирамиз. Арзимас нарсалар учун азият чекамиз. Ахир умр қисқа, вақт кам, қачон ўзимизни ўйлаймиз. Минг истаганимиз билан пешонада борини кўрамиз. Мол-дунё, ҳаттоки фарзандимиз ҳам биз учун жавоб бера олмаслигини яхши биламиз. Кўп ҳам ўзимизни қийнамай, ҳаммани борича қабул қилайлик. Қўлимиздан келганича ўзимизни ҳам ўйлаб, кўпимиз кетиб озимиз қолганини ҳис этиб яшайлик. Аввало Худо берган умр бўйи нима бўлганда ҳам сабр-тоқат, мустаҳкам ирода, чин инсонийлик бизни тарк этмасин. Бугунни эртага қайтара олмаймиз. Соат миллари чиқ-чиқ қилиб тез бўлинглар деб огоҳлантиради. Биз барибир хом сут эмган бандалармиз. Қизиқ, ҳар кунги ташвишларимиз бизни кутиб тургандек. Уларни бартараф қиламиз деймизу баттар кўпайтирамиз. Яхшилик қиламиз деймиз, одамлар бизни тушунишмайди. Ўзи яшашнинг формуласи қийин экан. Минг уринганимиз билан уни ечолмаймиз. Дунё олимлари ҳам яшаш тилсимини еча олмайдилар. Бахт ёнимизда бўла туриб уни қидирамиз. Ортиқча ҳою-ҳавасларимиз кўзимизни шамғалат қилиб қўйган. Тоза ҳаводан нафас олаяпмиз, кунимиз ўтиб турибди, қачон шукур қиламиз? Атрофимизда яхши инсонлар борлигига, улар бизни севишини, инсон бир-бирига қадрли эканини қачон тушуниб етамиз. Кеча кўрган одамимиз бугун йўқ бўлганини эшитиб қоламиз. Ажал ёш танламайди. Қадр-қиммат ҳар нарсадан устун. Сизни тушунишмаса сиз тушунинг. Улар ён беришмаса сиз ён босинг. Ҳақиқат аччиқ. Ҳудда- беҳуда ташвишлар билан ўзингизни уринтирманг. Қалбингизга ҳам қулоқ тутинг. Юракни тоза эзиб юбордингиз, қўйинг ўз вазифасини бажарсин, бўлди. У ёғига сабрим чидамайди, деса нима қиласиз, уни йўлдан қайтара олмайсиз. Сизни қадрлайдиганларга интилинг. Била туриб жонингизни оғритманг. Оилада сиз керакли инсонсиз. Оёққа турганингиз оилангиз бахти. Улардан бахтни тортиб олманг. Борингизга яйраб яшашсин.
Ора-орада сал эркалик қилинг, ёшлар кўтаришсин. Қайтар дунё дейишади. Сиз кафтга кўтарилиб юришга арзийсиз. Болам, болам деманг, энди улар онам, онам дейишсин.
Ҳидоят УМУРҚУЛОВА
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.