Туманда ёзги таътил даврида ўқувчиларнинг мазмунли дам олишларини ташкил этиш, уларни "Оммавий маданият " нинг турли салбий таъсирларидан ишончли ҳимоя қилиш, ўқувчи-ёшлар ўртасида Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан белгилаб берилган 5 та муҳим ташаббус бўйича мусиқа, театр, санъати, компьютер саводхонлиги ва спорт тўгараклари ҳамда китоб мутолааси фаолиятини йўлга қўйиш борасида қатор ишлар амалга оширилмоқда.Туман халқ таълими бўлимига қарашли 4 та мактабда маданий-маърифий ва спорт тадбирлари жорий йил 15 июндан 15 августгача ҳафтанинг душанба-жума кунлари давомида ўтказилиши йўлга қўйилган. Ёз мавсуми давомида оромгоҳларга жалб этилмаган болалар учун умумий ўрта таълим муассасалари қошида соғломлаштириш майдончалари, уларнинг қизиқишлари бўйича тўгарак машғулотлари олиб бориляпти.
Жумладан, 17-умумтаълим мактабининг "Булбулча" соғломлаштириш майдончасида ўқувчилар учун ташкил этилган тугараклар ҳафтанинг душанба-жума кунлари соат 8:00 дан 12:00 гача ўтказилмоқда.
- Ҳозирда биринчи босқич давом этмоқда, - дейди мактаб директори Эътибор Жўрақулова. - Бундан кўзланган асосий мақсад болаларни паст савияли "оммавий маданият" нинг турли салбий оқибатларидан ҳимоя қилиш, уларда теран фикрлаш қобилиятини ривожлантиришдир.
Майдонча бошлиғи Лола Шодиқулова томонидан ўқувчиларнинг ёшларига қараб турли хил тўгаракларда, айниқса, бошланғич синф ўқувчилари учун "Қувноқ стартлар", "Қўлимда китоб - қалбимда офтоб", "Чиройли сурат" каби машғулотлар, миллий ўйинлардан "Оқ теракми - кўк терак", "Ғозлар - ғозлар" ўйини мунтазам ўтказилиб келиняпти. Шунингдек, юқори синф ўқувчиларига ҳам "Китобсевар болалар", "Ёш тарихчилар", "Изучаем русский язык", "Адабиётчиёни ҷавон", "Funny English", "Ёш математиклар" каби тўгараклар йўлга қўйилган бўлиб, унда фидойи ўқитувчиларимиз Назокат Баракаева, Озода Миржалолова, Дилшода Насриддинова, Зилола Оқилова, Истода Назарова ва Дилшода Валиевалар ўз меҳр ва билимларини болажонларга бермоқда.
- Оромгоҳга укам билан биргаликда келганмиз, бу ерда барча шарт-шароитлар яратилган, уйда бекор юриш, кўчаларда сарсон бўлишдан кўра вақтимиз мазмунли ўтаяпти, - дейди 4-синф ўқувчиси Шаҳруз Болтақулов, - Спорт, мусиқа тўгаракларида иштирок этиб, ҳам ақлан, ҳам жисмонан баркамолликка эришаяпмиз.
Шаҳзода ҲАБИБОВА
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.