"Маърифат ва диний бағрикенглик" тўғрисидаги резолюция жаҳонда экстремизм, терроризм муаммоси авж олиб, турли дин ва эътиқод вакилларига нисбатан тоқатсиз, муросасиз муносабатлар кузатилаётган бир вақтда глобал таҳдидларга қарши курашишнинг самарали воситаси сифатида маърифат, таълим-тарбия масаласини илгари сургани билан, айниқса, аҳамиятлидир.
Таҳлиллар натижалари сўнгги 10 йилда терроризм оқибатида жаҳон иқтисодиётига 583 триллион АҚШ доллари миқдорида зарар етказилганини кўрсатмоқда. Кейинги 15 йилда террорчилик ҳаракатлари натижасида 91 минг бегуноҳ инсон ҳалок бўлган. Уларнинг аксарияти болалар, аёллар ва қариялардир.
Минг афсуски, айрим манфаатдор кучлар томонидан террор тушунчасини тинчлик ва инсонпарварлик дини бўлган ислом билан ёнма-ён қўйиш, 1,6 миллиардлик дунё мусулмонларига нисбатан салбий кайфиятни шакллантириш, исломофобияни кенг ёйиш ҳаракатлар кузатилмоқда. Бу эса жаҳоннинг турли минтақаларида этно-конфессионал зиддиятлар вужудга келиши, янгидан-янги низо ўчоқлари пайдо бўлишига сабаб бўлмоқда. Терроризмни нафақат ислом, балки христиан, яҳудий каби бошқа динлар билан боғлаш ҳам асло мумкин эмас. Бинобарин, барча илоҳий таълимотлар асосида инсонни улуғлаш, унга муносиб иззат-ҳурмат кўрсатиш ғоялари ётади.
Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида сўзлаган тарихий нутқида ушбу долзарб масалага алоҳида эътибор қаратиб: "Биз муқаддас динимизни азалий қадриятларимиз мужассамининг ифодаси сифатида беҳад қадрлаймиз. Биз муқаддас динимизни зўравонлик ва қон тўкиш билан бир қаторга қўядиганларни қатъий қоралаймиз ва улар билан ҳеч қачон муроса қила олмаймиз. Ислом дини бизни эзгулик ва тинчликка, асл инсоний фазилатларни асраб-авайлашга даъват этади", - дея таъкидлаган эди.
Бундай адолатли ёндашув халқаро доираларда кенг муҳокамаларга сабаб бўлди. БМТ Хавфсизлик Кенгашининг 2017 йил 21 декабрдаги 2396-сонли резолюциясида: "Терроризм, зўравон экстремизм ҳеч бир дин, миллат ва цивилизация билан алоқадор эмас ва боғлиқ ҳолда талқин қилинмаслиги керак", деб қайд этилди.
Ўзбекистон ташаббуси билан қабул қилинган "Маърифат ва диний бағрикенглик" резолюциясининг тинчлик-осойишталикни сақлаш, диний бағрикенгликни таъминлашдаги аҳамиятини қуйидаги жиҳатларда кўриш мумкин:
Биринчидан, резолюция Ўзбекистон Президентининг диний-маърифий соҳага оид ташаббуслари нафақат халқимиз, балки халқаро жамоатчилик томонидан ҳам фаол қўллаб-қувватланаётганини кўрсатади.
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий, Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказлари, Ўзбекистон халқаро ислом академияси - буларнинг барчаси халқаро даражадаги йирик лойиҳалардир. Ушбу ташаббусларнинг аҳамияти шундаки, илм-маърифат, маданият замини бўлган Ўзбекистондан маърифий ислом ғоялари тарқалиши, муқаддас динимизнинг асл инсонпарварлик таълимотларини ёйиш бўйича Мовароуннаҳрда шаклланган тарихий мактаблар анъанасининг давом этиши "Жаҳолатга қарши - маърифат" билан курашишнинг энг самарали ечими бўлади.
Иккинчидан, "Маърифат ва диний бағрикенглик" резолюцияси дунё жамоатчилигини безовта қилаётган терроризм, экстремизм, зўравонлик, муросасизлик каби бугунги куннинг ўткир муаммоларига ечим сифатида илм-маърифат, ўзгаларга адолатли ва бағрикенг ёндашув ҳамда тинчликпарвар сиёсатни тарғиб қилади.
Жаҳоннинг етакчи эксперт ва илмий доира вакиллари таъкидлаётганидек, хавфсизликка таҳдидларни куч ишлатиш йўли билангина ҳал этиш усули бугунги кунда кутилган натижани бермаяпти.
Дунё бўйлаб экстремистик ташкилотларнинг 38 йиллик фаолияти таҳлиллари шуни кўрсатмоқдаки, радикал гуруҳлар фаолиятининг 7 фоизи қуролли аралашув натижасида тўхтатилган бўлса, уларнинг 40 фоизи тинч йўл билан - сиёсий музокаралар ўтказиш воситасида барҳам топган.
Ўзбекистоннинг Афғонистон муаммосини тинч йўл билан ҳал этиш, Марказий Осиё минтақасида хавфсизлик ва барқарор тараққиётни қўллаб-қувватлаш борасидаги таклиф ва ташаббуслари ҳам мазкур ғояни ўзида ифода этади.
Учинчидан, ушбу ҳужжатнинг асосий мақсади - барчанинг таълим олиш ҳуқуқини таъминлаш, саводсизлик ва жаҳолатга барҳам беришга кўмаклашишдан иборат.
АҚШнинг Иқтисодиёт ва тинчлик институти хулосаларига кўра, зўравон терроризмнинг олдини олиш, тинчликни таъминлашнинг муҳим шартларидан бири бу - таълимга йўналтирилган инвестиция ҳисобланади. Айниқса, мусулмон дунёсида фан-таълим тизимига катта эътибор қаратиш, соҳага замонавий, илғор тажрибаларни жорий этиш, ёшларни бугунги ҳаёт талабларига мос тарзда ўқитиш ҳар қачонгидан муҳим аҳамият касб этмоқда.
Тўртинчидан, ушбу резолюция жамиятда барқарор маънавий муҳитни таъминлашнинг муҳим шарти сифатида дини ва эътиқодий қарашлари турлича бўлган инсонлар ўртасида ўзаро ҳурмат, бир-бирини тушуниш қадриятларини қўллаб-қувватлаш, уларнинг камситилишига йўл қўймасликни илгари суради.
Диний бағрикенглик Ўзбекистоннинг кўп йиллик тарихий тажрибасида турли эътиқод вакилларининг тинч-тотув ҳаёти давлат ва жамият тараққиётининг асосий омилларидан бири бўлишини исботлаган. Кўп миллатли халқимизнинг юрт тинчлиги, ватан тараққиёти йўлидаги умумий саъй-ҳаракатлари мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг кенг кўламлилиги ва жадаллигини таъминламоқда.
Хулоса қилиб айтганда, ушбу резолюция Ўзбекистоннинг дунёда тинчлик ўрнатиш, низо ва зиддиятларнинг олдини олиш, муросасизликнинг ҳар қандай кўринишига чек қўйиш борасидаги долзарб ташаббуслари халқаро майдонда муносиб эътироф этилаётганидан далолат беради.
Т.ЮСУПОВ тайёрлади.
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.