Тушлик вақтини ўтказиб юборганингга ачинма, лекин китоб ўқиш учун ўтказиб юборилган вақт бу катта йўқотишдир, деган экан донишмандлардан бири. Дарҳақиқат, мутолаа завқи, ижобий ва манфий қаҳрамонлар олами, реал ҳаётнинг бадиий талқинлари, адабий тил жозибаси - буларнинг барчаси китоб орқали руҳиятимиз, қалбимизни нур-зиё билан тўлдиради.
Энди асл мақсадга ўтсак. Туманимизда нечта китоб дўкони бор ва улардан ўзингиз истаган адабиётни топа оласизми? Ана шу саволга дуч келганда кўнгилни хижолатга ўхшаш бир илинж қамраб олаётганди.
Чунки 30-35 йил олдин Хожа Аҳрори Вали қўрғонида фаолият юритган ягона китоб дўконининг хусусийлаштирилиб, тадбиркорга бериб юборилгани китобсеварларимиз ҳафсаласини пир қилганди. Ўшанда, ҳақиқатан ҳам, ҳеч вақт ўтмай, китоб савдоси барҳам топди. Орадан йиллар ўтиб, ниҳоят, орзуларимиз амалга ошадиган бўлди. Шаҳарга йўлимиз тушса, пештоқига "Самарқанд китоб олами" деб ёзиб қуйилган, мутолаага хуши йўқ одамни ҳам ўзига чорловчи чиройли зиё масканини кўриб, ҳавасимиз келгани рост. Бунақа қулинг ўргилсин шароит бизга қачон насиб этаркин, деган савол бугунга келиб ўз жавобини топди - туманимиздаги Хожа Аҳрори Вали бекати ёнида, марказий поликлиника биноси қаршисида замонавий китоб дўкони барпо этилди.
Унинг тантанали очилиш маросимида туман ҳокими ўринбосари А.Ҳалимов, вилоят "Овози Самарқанд" газетаси бош муҳаррири Б.Раҳмонов, шоирлар Х.Нуруллаев, Н.Каримзода ва бошқалар сўзга чиқишиб, Юртбошимизнинг машҳур 5 та муҳим ташаббусидан бири - аҳоли, айниқса ёшлар ўртасида китобхонлик маданияти ва тарғиботини кучайтириш борасида ибратли иш қилингани, китобсиз уй - жонсиз тана, маънавий етуклик сарчашмаси - китоб, эканлиги ҳақида тўхталиб ўтдилар.
Бир гуруҳ ёш китобхонлар ўзлари ёдлаган ва ёзган шеърларидан ўқидилар.
- Ойлаб кутилган эзгу мақсадимизга эришдик, - деди фидойи тадбиркор Акбар Маҳмудов. - Маърифат қалдирғочи гўзал масканда қўним топди. Туман ҳокимлиги ёрдами билан бундай китоб дўконларини аҳоли гавжум жойлар - Мотрид, Оқмачит, Равонак, Қайнама ҳудудларида ҳам қуриш ниятимиз бор. Китоб одамларга қанча яқин бўлса, ундан таралган маърифат ёғдулари улар шуурига шунча кўп тегади, қалбларга зиё улашади.
МЕҲРАНГИЗ
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.