Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

МАКТАБ ОБОДЛИГИ ЙЎЛИДА

Тумандаги 33-умумий ўрта таълим мактаби энг катта ва нуфузли ўқув муассасаларидан бири бўлиб, ҳозирги пайтда 1148 нафар ўқувчи 10 та синфда 84 нафар ўқитувчи-педагоглардан таълим ва тарбия олмоқда. Таълим муассасаси 90 йиллик тарихга эга. Минглаб ёш кадрларни тайёрлаб, комил инсонлар этиб ҳаётга йўлланма берган. Шўролар даврида Қўлбаи поён қишлоқ фуқаролар йиғини (ўша даврда селсовет дейишган) ҳудудида ягона 10 - 11 йиллик мактаб эди. Атрофдаги 39,40,41,45,46 мактабда ўқиганлар 7-8 синфни битириб ушбу мактабда ўрта маълумотни тожик тилида олар эди. Шогирдлар ичидан академик, профессор хўжалик раҳбарлари, агроном, ўқитувчилар, тиббиёт ходимлари, туман ва вилоят раҳбарлари етишиб чиққан. Бу билим даргоҳи ҳамма учун ниҳоятда қадрли. Яқинда иш юзасидан ушбу мактабга ташриф буюрдик. Мактаб директори Мамлакат Равшанова Тошкентдаги малака ошириш олийгоҳида ўқишда экан. Бизни мактабнинг маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари Марям Ҳусенова қабул қилди.

Марям Ҳусенова билан суҳбатлашиб, мактаб кутубхонасига кирдик. Кутубхона мудираси Гулмира Салоҳиддинова 7 йилдан бери ушбу вазифада ишлаб келар экан. Анча тажрибага эга. Ўқувчилардан китобларни қабул қилиб, уларни келаси ўқув йили учун тартиб билан жойламоқда.
- Мактабда дарсликлардан ташқари қанча китоб бор?, - сўраймиз ундан.
- Жами 1504 нусха китоб мавжуд. Шундан 1192 нусхаси бадиий китоб, 64 нусха методик, 82 нусха илмий-оммавий, 64 нусха ижтимоий-сиёсий ва 102 нусха маълумотнома.
- Президент қарори билан ҳамма жойда китобхонликка эътибор қаратилмоқда. Сизларда китобхонлик қай аҳволда?
- 902 нафар ўқувчи ва 85 нафар ўқитувчилар кутубхонага аъзо бўлиб, бадиий китобларни олиб ўқимоқда. Бундан ташқари, китоб ярмаркалари ташкил қилдик. Ўқитувчи ва ўқувчилар ўзлари учун китоб сотиб олдилар.
Директор муовини Марям Ҳусеновадан мактабнинг капитал реконструкцияси ҳақида сўрадик.
- Мактаб 2018 йил капитал таъмирлаш дастурига кирган эди. Бунда директоримиз Мамлакат Равшанованинг хизматлари катта. У киши бошчилигида мактаб таъмирдан яхши чиқди. 2 миллиард 300 миллион сўм ҳажмдаги ишлар бажарилди. Химия-биология, физика, 2 та бошланғич синф кабинетларига янги жиҳозлар берилиб, шароит анча яхшиланди.
- Мактаб ўқувчилари икки тилда ўқимоқда. Агар сир бўлмаса, нечта синфингизда таълим тожик тилида?
- Бу йил битта синф ота-оналар таклифига биноан очилди. Юқори синфларнинг 4 таси тожик тилида, 13 таси ўзбек тилида ўқитилмоқда.
Хулоса ўрнида айтадиган бўлсак, мактабнинг ички ва ташқи қиёфаси батамом ўзгарган. Кириш қисмидаги ҳовли ободонлаштирилган. Бундай таълим муассасасида ҳар қандай ўқитувчининг кўтаринки руҳда меҳнат қилишига шубҳа йўқ.

Раҳматилло ШАРИФЗОДА


Дата добавления: 07/06/2019 15:44;   Просмотров: 970
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку