Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

КИТОБ - РУҲИЯТ ОФТОБИ

Уйингизда китоб борми?

Ота-онаси ўзбек халқ достонларини ўқимаган ёшлар дунё адабиёти нари турсин, адибларимиз асарларини ўқимаслиги аниқ. Ҳатто ота-онаси эътиборидан қолган бошланғич синф ўқувчиси бирор китоб ўқиш ёки шеър ёдлашдан кўра, интернетдаги воқеаларга, ур-йиқит, отишма, ўлдир-куйдирларга қизиқади, даҳшатли ўйинларни табиий қабул қилади. Катта пул топиш васвасасида хорижга кетаётган ёшларнинг сон-саноғи йўқ. Бинобарин, маърифатсизлик, билимсизлик калтабинликни келтириб чиқаради ва бошга бало бўлади. "Нимага уйимда китоб йўқ экан, мана, тахланиб ётибди", дея биттаси кўча газеталарида, кейин эса нашриётларда катта ададда чоп қилинган олди-қочди китобларни олдимга қалаштириб ташлади. Бундай савиясиз китоблар ҳаммаёқни эгаллаб бўлди. Бир умр бошқа касбда ишлаган, бир думалаб "ёзувчи" ёки "шоир" бўлиб олган пули бор кимсалар икки пулга қиммат, ҳеч ким ўқимайдиган китобларини чиқариб ётишибди. Улар эса китоб дўконларида чанг босиб ётибди, матбуот шахобчаларида, кўча-кўйда китоб сотувчилар қўлида, мактаблар, лицейлар, коллежлар, олий ўқув юртларида мажбурий сотиляпти. Бу китобларни ўртамиёна бир шоир ёки ёзувчи ўша "шоир" окахоннинг пулини қуртдай санаб олиб "рамкага" тушириб беряпти. Бундай савиясиз китоблар, олди-қочдига тўла хиёбон газеталари хориж сериалларига ўхшаб ахлоқсизлик, жиноятчилик, бузғунчилик, ҳурматсизлик каби иллатларнинг болалаб кетишига таъсир кўрсатади. Нашриёт ва муҳаррирлар учун китобга пул тўланса бўлди - уларни китоб савияси, мазмун-моҳияти қизиқтирмайди.
Бу билан китобнинг қадри тушмайдими?
Кейинги пайтларда кўча-кўйда юрган ёшларга эътибор берсангиз, ё қулоғига қулоқчин тақиб, ёки телефонини ковлаб кетаётганининг гувоҳи бўласиз. Уларнинг ташқи дунё, одамлар билан умуман иши йўқ. Серқатнов автомобиль трассаларида содир бўлаётган автоҳалокатларнинг кўпи ёшларнинг қўл телефони ва интернетдан тинимсиз фойдаланиши ва атроф-муҳитга эътиборсизлиги туфайли содир бўлмокда. Бундай шароитда ёшларни китоб ўқишга ундаш еки қизиқтириш Дон Кихотнинг шамол тегирмонлари билан жанг қилишидай бефойда. Қачонки, ёшларнинг ўзи бир кун келиб халқаро ўргимчак - интернетга маҳлиёлик иллатини ва китобнинг беқиёс ҳикматини, улар ўртасидаги фарқни англаб етсагина, китобнинг қадри ошади, китобга муносабат ўзгаради.
Интернет текин ва сийқа ахборотлар, ёлғон-яшиқ ва беҳаё рекламалар билан тўйинтирилган дунё чиқиндихонасига айланиб бўлди. Мия тафаккур қилишдан кўра, кўпроқ текинхўрликка ўрганди Мағзава олди-қочдилар, фикрлашга ўрин қолдирмайдиган дунёқарашлар ҳаммаёқни ишғол қилди. Китоб ўқимай қўйган оломон интернет тили билан гапира бошлади. Бу оломон ҳамма жойда ўз дунёқарашини маъқуллашни хуш кўради, ўзидан бошқа ҳеч кимни тан олмайди.
Телевидение, радио ва интернет тараққиёти, барибир, китобга бўлган муносабатни, унинг қадрини туширолмайди. Чунки ҳар қандай ахборот ижод маҳсули, адабиёт босма манбалар асосида юзага келади. Яқин ва узоқ келажакда ҳам китоб руҳият офтоби, бизнинг энг яқин дўстимиз, маслаҳатдошимиз, кўмакчимиз бўлиб қолаверади.

Нуриллоҳ ОСТОН


Дата добавления: 09/08/2019 12:02;   Просмотров: 905
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку