Ҳудудларда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари, янгилик ва ўзгаришлардан оммавий ахборот воситалари ходимларини хабардор қилиш, ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш мақсадида Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси вилоят бўлими, вилоят ахборот ва оммавий коммуникациялар бошқармаси ва Тойлоқ туман ҳокимлиги томонидан ўтказилган ушбу тадбир туман "Қўшчинор" газетаси таҳририятининг янгиланган биноси ҳамда ижодий жамоа фаолияти билан танишишдан бошланди. Таҳририятда узоқ йиллар баракали меҳнат қилиб келаётган зуллисонайн шоир Абдулла Нисорий ўзининг "Чақнасин кўздан олов" номли янги шеърлар тўпламини иштирокчиларга ҳадя этар экан, қадимий Шовдор (бугунги Тойлоқ) тумани ҳусну жамоли, шон-шуҳрати, олижаноб ва меҳнатсевар ҳалқига бағишлаб ёзган ғазалида жумладан, шундай дейди:
Лол қалам, васфингга сўз айтурда ашъорим, Ватан,
Эй, Яратган лутфидин Жаннат сазоворим, Ватан.
Не чамансен - гул тутиб, маҳбуб этар олам элим,
Айт, келинчак дейму, иқбол сепли Шовдорим-Ватан.
Таҳририят жамоаси барча қулайликларга эга кўркам бинода газета муҳаррири Муътабар Йўлдошева бошчилигида туманнинг кўпқирралари ҳаётидаги ижобий ютуқларни оммалаштириш билан бирга мавжуд муаммо ва камчиликлар ечимини топишда мутасадди ижро ифодаларига кўмакдош бўлмоқда. Дарҳақиқат, дилбар Зарафшон дарёси ва тошқин Дарғом канали бағрида ястаниб ётган бу хушҳаво, серҳосил боғ-роғлар, ям-яшил экинзорлар, муҳташам ва замонавий саноат корхоналари, осмонўпар бинолару муқаддас қадамжоларни кўриб ҳайрат-ҳаяжондан ёқа ушлайсиз. "Пет Агро Оил " қўшма корхонасининг "Ўсимлик ёғи" ишлаб чиқариш, "Тойлоқ бахмали" корхонасининг бахмал матолари ишлаб чиқариш цехлари ҳамда "Сиёб Шавкат орзу" фермер хўжалигининг "Мева-сабзавотни қайта ишлаш ва қадоқлаш линияси" фаолиятини жойида кузатиб, юртимизда кечаётган шиддатли ислоҳотлар, инновацион ривожланишнинг амалий натижаларига гувоҳ бўлдик, қойил қолдик. Ёки "Янги Тойлоқ" массивида Туркия давлати билан ҳамкорликда қурилаётган уй-жойларга боқиб, Тойлоқ ойда, йилда эмас, кунаро ўзгариб, янгиланиб бораётганини ҳис этдик. Бунинг баробарида одамлар тафаккурида чуқур ўзгариш, руҳиятида бахтиёрлик, эртанги кунга ишонч ҳисси мустаҳкамланаётгани ҳам айни ҳақиқат. Тойлоқ собиқ аграр тумандан жадал саноатлашаётган, экспорт салоҳияти устувор диёрга айланаётгани шундоқ кўз ўнгимизда намоён бўлди. "Боғизоғон" МЧЖнинг узумни қайта ишлаш заводи ҳам 8 турдаги аълосифат маҳсулот билан дунёнинг қатор давлатлари эътибор ва эътирофига сазовор бўлмоқда. Туман ҳокими Б.Бобоназаров билан бўлиб ўтган брифинг блогер ва журналистларнинг кўп саволларига ойдинлик киритди.
Таниқли санъаткорларнинг жонли концерт дастури пресс-тур иштирокчиларига ўзгача завқ бағишлади.
Н.КАРИМОВ
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.