Яқинда туман хотин-қизлар қўмитаси ташаббуси билан миллий қадриятларимизни ўзида мужассам этган халқ ҳунармандчилигининг каштачилик йўналишида "Каштадўзлик-момомерос ҳунар" шиори остида кашта сайли бўлиб ўтди.
Унда туманнинг барча маҳаллаларидан каштачилик, зардўзлик, кўрпа-ёстиқ, миллий либослар ва шу каби қўл меҳнати орқали тайёрланадиган рўзғорбоп буюмларни тикиш билан шуғулланадиган аёллар иштирок этишди. Қайд этиш лозимки, қўл каштачилиги музей заҳирасининг асосий тўпламларидан бири ҳисобланади. ХIX аср охири - ХХ аср бошларида мамлакатимизнинг деярли барча ҳудудларида кашта тикиш, санъат даражасига кўтарилган бўлиб, аёллар ва қизларнинг асосий касби-кори саналган. Кашта тикиш, билан қизлар болалик чоғлариданоқ шуғулланиб, ўзларининг келинлик сепини ўз қўллари билан тикишган. Ўтмишда хонадонларни каштасиз тасаввур қилиб бўлмас эди. Ҳар бир хона деворлари "зардевор", "сўзана" каби кашталар билан безатиларди.
- Бугунги кашта сайлини ўтказишдан мақсадимиз ҳам ҳунарманд оилавий сулолалар анъаналари, касб сир-асрорларини аждодлардан авлодларга етказиш, устоз-шогирд мактабини давом эттирган ҳолда ёш қизларимизни момоларимиздан мерос бўлган чеварликка жалб этиш, - дейди туман ҳокимининг ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси З.Рофиева. - Қолаверса, мўҳтарам Юртбошимиз томонидан илгари сурилган бешта муҳим ташаббус ижроси бўйича ҳудудларда хотин-қизлар бандлигини таъминлашга қаратилган саъй-ҳаракатларнинг амалий ифодасидир.
Тадбирда вилоят ҳокими ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Г.Алимова иштирок этди.
Тошпўлат ЮСУПОВ
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.