Халқ шоири Абдулла Орипов устозлар ҳақида ёзар экан, бир иборани ишлатиб, шеърнинг бадиий юкини шу фразеологизм орқали ифодалашга ҳаракат қилади:
Муаллим ҳақида сўзим ушбудир:
Муаллим камолот ичра кўзгудир.
Ҳа, муаллим-бу сўз ҳар қандай маънавиятли инсон онгида ўзгача қадрият касб этади. Адаб илмида Арастуни “Биринчи муаллим”, Фаробийни “Иккинчи муаллим”, Исмоил Гаспиринскийни эса “Учинчи муаллим” ҳисоблашади. Чунки, улар ўзларининг номларини абадийликка муҳрлайдиган улкан назариялар яратишган.
Бу сўзлар ва шарҳларни беҳуда келтирмадик. Туманимизда ҳам ўз касбини улуғлаб, ёшлар дилидан бир умрга жой олаётган муаллимлар жуда кўп. Уларнинг ҳар бири ҳақида алоҳида лавҳа ва очерклар ёзса арзийди. Ушбу мақоламизда эса уларнинг бири ҳақида сўз юритамиз. Гулобод ижтимоий-иқтисодий коллежининг физика фани ўқитувчиси Мавлуда Турсунқулова 25 йилдирки муаллимлик касбини улуғлаб келмоқда. Ана шу йиллар давомида у қанчадан-қанча шогирдларни тарбиялаб чиқарди, уларни ҳаётда ўз ўринларини топиб олишларига муваффақ бўлди.
Мавлуда асли Қашқадарёлик бўлсада, вилоятимизга келин бўлиб, шу ерда ишлаб қолган. Воҳамиз ширмой нонларини татиб, тиниқ сувларидан ичиб, ушбу масканга ипсиз боғланиб қолган. Айни дамда бу инсон коллежнинг энг пешқадам ўқитувчиларидандир.
- Коллежимизда яхши ўқитувчилар жуда кўп, - дейди коллеж раҳбари М.Кичибоев. - Лекин, ўз ишига фидойилик билан ёндашадиган устозларимиздан бири Мавлуда Турсунқуловадир. Муаллима физика фани сирларини ўқувчиларга қунт билан ўргатади. Шунинг учун ана шу фан асосида туман, вилоят Олимпиада беллашувларида қатнашаётган ўқувчиларимиз кўпчиликни ташкил этади.
Тарбия масканида фан кабинетлари, лаборатория хоналари мавжуд бўлиб, улар зарур техника асбоблари, кўргазмали қуроллар билан жиҳозланган. Ўтган йили Кореядан яна бир қанча зарур жиҳозлар келтирилдики, улардан ўринли фойдаланаётган М.Турсунқулова келажак авлодга ҳар томонлама пухта таълим ва тарбия бермоқда. Аълохон Маҳмудова, Меҳрангиз Тошмуқумова, Фотима Холиқова, Рухсора Фарходова, Шавкат Тошпўлатов каби иқтидорли ўқувчилар бу фанни яхши ўзлаштириб, турли тадбирларда фаол қатнашмоқдалар.
Муаллиманинг ширин- сўзлигидан ҳамма уни ҳурмат қилади, “Устоз” дея эъзозлайди. Бунга жавобан Мавлуда Турсунқулова бор билим ва маҳоратларини ишга солиб, келажагимиз ворисларига пухта билим бермоқда, жамоат ишларида фаоллик кўрсатмоқда. Шунингдек, оиласида меҳрибон бека, бир-биридан ширин 3 нафар фарзанднинг онаси у.
Н.ОЛИМОВ
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.