Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

ЖУРНАЛИСТ ВА ШОИР

ЭРКИН АЗАМАТОВНИ ЭСЛАБ

Туман "Гулобод тонги" (собиқ "Шарқ тонги", "Самарқанд ҳақиқати") газетаси ташкил этилган 1957 йилдан буён не-не фидойи инсонлар ишламади бунда. Айниқса, унга муҳаррирлик қилган Насим Нориев, Аҳмаджон Ражабов, Насриддин Зайниев, Эркин Азаматов, Абдусалом Муҳаммадалиев, Шоди Мирмаҳмадовлар газетани чиройли, мазмунли чиқишига, жамоанинг янада баракали ижод қилиб, ўқиса арзигули мақола, лавҳа, очерклар ёзишлари учун ўзларининг салмоқли ҳиссаларини қўшишди. Шу ўринда биз галаосиёлик Эркинхон Азаматов ҳақида тўхталиб ўтмоқчимиз. Эркин Азаматов ўз ижодий фаолияти билан Самарқанд катта имкониятлар майдони, иқтидор соҳиблари неларга қодирлигини намоён қиладиган жой эканлигини яхши билдирди. Отаси таниқли молиячи Аълохўжа Азаматов турли вилоятлар молия бошқармаларида ишлаган. Сўнгги манзил Самарқанд бўлгач фарзандларини ҳам Қашқадарё вилоятидан кўчириб келган, Галаосиё қишлоғида турғун яшай бошлади. Унинг фарзанди аржуманди Эркинхон ёшлигидан яхши ўқиди, келгусида журналист бўлиш иштиёқида таълим ва тарбия олди. Қўлига қалам олиб сайқали рўйи замин-Самарқандда меҳнат қилаётган, яратиш, юксалтириш иштиёқи билан яшаётган инсонлар меҳнатини таъриф айлаб элга машҳур қилди. У кишининг қаламига мансуб китобларни муштарийлар севиб мутолаа қилдилар - қилмоқдалар. Эркин Азаматов бир неча йил давомида Оқдарё туман газетаси, вилоят ёзувчилар уюшмаси, "Ленин йўли" (ҳозирги "Зарафшон") газетасида фаолият кўрсатди. Қаерда, қайси лавозимда ишламасин, доимо баракали меҳнат қилишга, ёш ижодкорларга ғамхўрлик кўрсатишга интилди. Унинг ўз касбига бўлган меҳрини инобатга олган вилоят раҳбарияти Самарқанд туман ҳокимлигининг нашри ҳисобланган "Шарқ тонги" (ҳозирги "Гулобод тонги") газетасига ишга юборишди. Эркин ака бу ерга ишга келганидан кейин ижодий муҳитни яхши йўлга қўйди, берилаётган хабар ва мақолалар, лавҳа ва очерклар мазмундорлигини оширишга диққатини қаратди. Шуни алоҳида қайд этиш керакки, Эркин Азаматов газета ҳажмини кенгайтириш мақсади билан ёнди. Туманда ижодкорлар кўп, уларнинг бадиий асарларини газета саҳифаларига олиб чиқиш учун бор имкониятини ишга солди. Елиб-югуришлар асносида газета ҳажми республика "Халқ сўзи" газетаси форматидай кенгайтирилди. Хусусан, "Гулобод тонги" ижодий жамоаси Эркин Азаматов раҳбарлигида газетани техник жиҳатдан чиройли , мазмунан бой қилиб чиқаришга ҳаракат қилди.Ҳар доим оталар насиҳатлари-ю устозлари-таниқли тожик ёзувчиси Болта Ортиқов маслаҳатларига амал қилди. Болта Ортиқов асарларини ўзбекчага ўгириб, вилоят ва туман газеталарига чиқарди. Яқинда отахон журналистнинг қадрдонлари ташаббуси билан таҳририятда адабий мулоқот бўлиб ўтди. Унда "Гулобод тонги" газетаси ижодий жамоаси, фахрий журналистлар, отахонни биладиган инсонлар ташриф буюришди. Тадбирни газета муҳаррири Нормурод Каримов очди ва Эркин Азаматов ҳақидаги хотираларидан ҳикоя қилиб берди. Устознинг шогирди, кекса журналист Нормуҳаммад Олимов эса хотираси барҳаёт устозини ҳурмат билан эслаб ёзган шеърларидан ўқиб берар экан, шундай хотира кунини уюштирган Э.Азаматов фарзандларига миннатдорлик билдирди. Шунингдек, хотира тадбирида таҳририят масъул котиби, туман Кенгашининг депутати Тошпўлод Юсупов, журналист Дилрабо Насимова ва бошқалар ҳам сўзга чиқишди.

Н.МУҲАММАД

ГАЛАОСИЁ

Шуҳрат пардасига ўраб номини,
Узоқларга етмиш Галаосиё.
Меҳру оқибатнинг шимиб жонини,
Йигитлари мағрур, қувноқ доимо.
Қизлари пиширган нони Осиё,
Довруғи кетгандир етти оламга.
Бир ён Обираҳмат, бир ёнда ёниб,
Ором бағишлайди сувлари танга.
Мусаффо самога боқиб маҳлиё,
Бу юрт боғларини кезсанг арзийди.
Шифокорга ишинг тушмагай асло,
Чашмалари малҳам, мармар ҳавоси.
Бу юрт одамлари билмас нолани,
Ғийбату иғводан диллари холи.
Ардоқлаган каби гўзал лолани,
Шу юртга қадалган ҳоким нигоҳи.


Последнее редактирование: 24/01/2020 16:36;   Просмотров: 1002
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку