1957 йилнинг 17 декабрида туманнинг сўлим Боғимайдон қишлоғида туғилган Нормамат Олимов мактабда ўқиса ҳам, олийгоҳда сабоқ олса ҳам журналистлик касбига қизиқди. Илк нусхаси чоп этилиши ўз туғилган йилига тўғри келган газетанинг кейинчалик ҳар бир сонидаги барча мақола, лавҳа ва очеркларни қизиқиб ўқиди, ўзи ҳам унга мақолалар, шеърлар ёзиб юбораверди. Ҳар бир мақоласи чиққан куни унинг учун байрам бўлар, мухбирлик касби уни ўзига оҳанрабодек тортарди. Ниҳоят 1980 йили олийгоҳни битириб, шу ерга ишга келди. Гарчи расман қабул қилинмаган бўлса-да, у газета ва босмахона ҳаёти билан танишиб, ижодий ва техник ходимларнинг машаққатли меҳнатларини кузатиб борди.
Ниҳоят уни 1982 йили ишга қабул қилишди. Нормамат дастлаб газета мусаҳҳиҳи Саноат Шодиевага ёрдамчи бўлиб ишлади. Орадан олти ой ўтгач, турмуш ва маданият бўлими мудирлигига ўтказишди.
–Журналист бўламан, деган одам тинмай ёзиши, ўз устида ишлаши, таниқли журналистлар ҳаёти, иш жараёнини ўрганиб бориши керак,–деди бир куни газета муҳаррири Насриддин ака Зайниев (жойлари жаннатда бўлсин!) –Шундагина қобилиятли мухбир бўлиши мумкин. Журналист шоир ёки ёзувчи бўлиши мумкин, лекин ёзувчининг иқтидорли журналист бўлиб етишиши қийин.
Отахон сўзларига қатъий амал қилган Нормамат Олимов ўз устида тинмай ишлади, билмаганларини журналистлар Абдусалом Муҳаммадалиев, Эркин Ҳожиқурбонов, Аҳмаджон Жумаев, Холиқ Ҳакимов, Пўлат Ҳамдамлардан сўраб ўрганди.
Қалам ҳузурида бош эгаман жим,
Бир нафас шу дунё тингласин мени!..
Ерни ва қуёшни тинглар эрса ким,
Қўлига олсин-да, севсин қалбимни!..
Ҳа, журналистлик қаламини қўлдан қўймай, дастлаб “Самарқанд ҳақиқати”, “Шарқ тонги”, кейин “Гулобод тонги” номлари билан чиқаётган газетада мана 40 йилдирки, баракали меҳнат қилиб келмоқда. Бугун ўзининг ва газетанинг 60 йиллик тўйини нишонлаб, шуларни хаёлидан ўтказди. 1984 йили Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмасига аъзо бўлди, Ўзбекистон Республикасининг биринчи Президенти Ислом Каримов Фармони билан таъсис этилган “Ўзбекистон Мустақиллигининг 10 йиллиги” нишони, бир қанча фахрий ёрлиқ, қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди. Шунингдек, 4-5 та китоблар, бир нечта қисса ва таржималар муаллифи ҳамдир.
Айни пайтда ҳам Нормамат Олимов таҳририятда масъул котиб вазифасида ишлаб, туман маркази “Гулобод” шаҳарчасида истиқомат қилиб келмоқда.
Т.ЮСУПОВ,
таҳририят бошланғич касаба уюшма қўмитасининг раиси
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.