Шу кунларда туманда ҳам Президентимизнинг “Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида”ги Фармони ҳамда “Хотира ва қадрлаш кунига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори “Қаҳрамонлик, бурч ва фидойилик” ҳамда “Аждодларни хотирлаш – муқаддас қадрият” шиорлари остида юқори савияда олиб борилмоқда. Мазкур қарорда таъкидланганидек, “... букилмас ирода ва жасорат намунасини амалда намоён этиб, ўз ҳаётини азиз Ватанимизнинг ҳар томонлама равнақ топиши, бугунги тинч ва осойишта кунлар учун жонини фидо қилган аждодларнинг муқаддас хотирасини ёд этиб, эзгу ишларини давом эттириш, сафимизда юрган кексаларни эъзозлаш – одамийликнинг энг олий мезони ва бизга тинчлик, омонлик керак, деб яшайдиган бағрикенг ва олижаноб халқимизга хос замонавий қадриятдир”. Ҳақиқатан ҳам қадр-қимат инсонни юксакликка кўтарадиган, унинг фаолиятига, бутун интилишларига олижаноблик бағишлайдиган нарсадир.
Давлатимиз раҳбарининг Фармонига мувофиқ, туман ҳокимлиги туман мудофаа ишлари бўлими, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди ва “Нуроний” жамғармаси туман бўлимлари бир қатор ташкилотлар билан ҳамкорликда уруш қатнашчилари ва фронт ортида меҳнат қилган фахрийлар ҳолидан хабар олинмоқда.
Қайнама маҳалласида яшовчи 94 ёшли Нарзиқул Бобоев хонадонида бўлдик. Отахонни Президентимиз номидан байрам билан табриклаб, пул мукофоти ва совға-саломлар топширдик.
– Мен ўзимни дунёдаги энг бахтли инсонлардан бири деб ҳисоблайман,-ҳаяжондан кўз ёши тўкди Нарзиқул бобо, – чунки осойишта юртда одамийликнинг энг олий мезони бўлса, элпарвар Президентимизнинг ғамхўрлигидан баҳраманд бўлиб яшаяпман. Имкониятдан фойдаланиб мамлакатимиз раҳбарига, сиз, азиз меҳмонларга чин кўнгилдан миннатдорчилик билдираман.
Талибарзу маҳалласида истиқомат қилаётган Саломбобо Исоқов шу йил ўзининг 94 баҳорини қаршилади. Улуғ ёшга кирганлиги боис тўшакка ётиб қолганига қарамасдан, анча тетик, ҳушёр ва энг муҳими, фарзандлари, невара-чеваралари ардоғида. Биз унга ҳам Президентимиз совға-саломларини торширдик. Бундан ташқари, ҳар икки отахонни яшаш уйларини жорий таъмирлаш учун ҳукуматимиз томонидан 20 ва 23 миллион сўмдан маблағ ажратилиб, таъмир ишлари давом этмоқда.
–Раҳмат, Сизлар келишингиз билан хонадонимиз қувончга тўлиб кетди, – табассум ила миннатдорчилик билдирди отахон, –мўҳтарам Президентимиз раҳнамолигида, аввало инсон манфаатларини кўзлаб амалга ошираётган ислоҳотлардан беҳад мамнунмиз. Биз, кексаларга, иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларига кўрсатилаётган ғамхўрлик, рағбатлантириш, фарзандларимиз, ширин-шакар набираларимизнинг порлоқ келажаги йўлида қилинаётган олижаноб ишлар учун шахсан мустақил Ўзбекистон Президентидан миннатдормиз. Шунингдек, Арабхона қишлоғидан Аҳад Очилов, чоршанбалик Жума Ҳасанов, туркманқишлоқлик Бозор Муродовлар ҳолидан хабар олдик.
Ўтганлар руҳини шод этиш мақсадида туман ҳудудидаги бир қатор қабристонларни ҳам зиёрат қилдик. Лекин барча қабристонлар обод эмас экан. Хотира кунигача ўтганлар манзилини кўкаламзорлаштириш вазифаси туман Ободончилик бошқармасига топширилди.
Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, Хожа Аҳрори Валий, Хожа Абду Берун, Талибарзу, Равонак қишлоқларидаги қабристонлар ҳақиқий зиёратгоҳ десак, муболаға бўлмайди.
Ишончимиз комилки, Хотира ва қадрлаш куни пухта тайёргарлик билан ўтади. Ҳеч ким ва ҳеч нарса унутилмайди.
Ботир ҚОДИРОВ, туман ҳокими
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.