Аслида жаҳли келмайдиган одам йўқ. Агар луғатларда "жаҳл" сўзининг маъноси "ножўя хатти-ҳаракатдан, гапдан ёки воқеа-ҳодисадан ранжиш, аччиқланиш, ғазабланиш туйғуси, аччиқ ғазаб" дейилганини ҳисобга оладиган бўлсак, табиийки, ҳар биримиз мулоқот давомида бу ҳолатга тушганимизни ёки тушишимизни аниқ тасаввур этамиз.
Шу сабабли ҳадисларда бандаи муслим "Бирор кишида жаҳлу ғазаб қўзиса, дарҳол у сукут сақлашга ўтсин" деб огоҳ этилган.
Зеро, бу ҳолатни бир марта бўлса-да бошдан ўтказган киши жаҳлнинг нечоғлик зарарли эканини яхши билади.
Биламан, худди нафс каби жаҳлни тийиш ҳам ниҳоятда оғир вазифа. Айниқса, ҳозирги шиддатли, доғули даврда. Ахир диди, савияси икки хил инсон мулоқотида қандай қилиб бу ҳолатдан қоча оласиз? Бемаврид ёки ноўрин қилинган мурожаатлар, талабларданчи?
Ўз истаги йўлида бирор қаршиликка дуч келган, рўзғорида камчилик бўлган кимсаларда жаҳл кучли бўлади. Агар сиз ҳам ноўрин муносабатда бўлсангиз, у ғазабга, аламга айланади.
Жаҳл қилган кишининг хавфли томони шундаки, у Сиз ҳақингизда оғзига келган сўзни тортинмай айтаверади, ўзини атрофдагиларга ёмон кўрсатиб қўйганини сезмайди. "Жаҳл келганда ақл кетади" деган нақл бежиз айтилмаган.
Хўш, жаҳлни тийиш мумкинми?
Назаримда, айрим ҳолларда мумкинга ўхшаб кўринди. Сайёр қабулларда баъзи фуқаролар вилоят ҳокимига кулгили, ноўрин талаблар ҳам қўйишади. Шунда у киши ҳолат ечими юзасидан бадиий асарлардан ибратли парча келтиради, эринмасдан унинг талаби нотўғри эканини босиқлик билан тушунтиришга ҳаракат қилади. Ўзим ҳам бундай ҳолатдан бир неча бор шу тахлитда чиқиб кетганман.
Демоқчиманки, жаҳлни тийишда энг аввало зиёлилар, раҳбарлар ибрат кўрсатмоғи, ташаббускор бўлмоғи лозим. Негаки нодон кишига бу талабни қўйиб бўлмайди. Бинобарин, ҳозирги шароитда бундай одамлардан қочиб қутулишнинг ҳам иложи йўқ.
Менимча, бадиий китоблар муомала маданиятини тарғиб этишда қулай восита эди. Минг афсуски, эндиликда мутолаа қилгувчилар унча кўп эмас.
Жаҳли тез киши пировардида ўз мақсадига ета олмайди. Негаки унга ҳам шундай муносабат қайтади. Лекин фаросатсиз кишилар бу ҳақиқатни англаб етмайдилар.
Европада бировга ноўрин жаҳл қилган, ножоиз сўзни айтган, нафсониятига теккан одам дарҳол маъмурий жазога тортилади, яъни ўз қилмишига яраша жавоб олади. Бизда эса жаҳлдор кимсалар "давр қаҳрамони"га айланиб улгурди. Демак қуюшқондан чиққанни тартибга чақиришда андиша қилмаслик керак экан. Бунинг учун қонунларимизда нормалар етарли. Аниқроғи, бу ҳолатга бепарво бўлмайлик. Айниқса, спиртли ичимлик ичиб, ортиқча жаҳл ва ҳаракат қилган кишиларни тийишимиз зарур. Акс ҳолда унинг "ибрати" жамиятга салбий таъсир кўрсатаётганини сезиб турибмиз.
Гоҳида жаҳл устида раҳбарларни қўрқитиб ёки уларнинг "майли, шу шартакидан тезроқ қутилайин" деган кайфиятидан фойдаланиб, ишини битириб оладиганларга ҳам ўтинчимиз йўқ эмас. Албатта, масъулиятсиз, ваъдабоз раҳбарга талабни қатъий ва кескин қўйиш зарур, аммо эсдан чиқарманг, атрофингиздагилар, энг аввало бола-чақангиз Сиздан ибрат олади. "Шантаж" деган нарса ҳамма вақт манфаат келтиравермайди. Умуман, дунёда муносабатларда муросадан ташқари боқий услуб йўқ.
Айтайлик, кимдир Сизга ўз дардини, фикрини сал номаъқул тарзда изҳор этди. Шошилманг, илтимос, шошилманг! Аввал унинг ўрнига ўзингизни қўйиб кўринг. Агар Сиз ҳам жаҳл қилсангиз, демак, савияда ундан фарқингиз йўқ. Яхши гап билан дилини ёритинг. Масалани ўрганиб, сал кейинроқ хулоса айтинг. Иложи бўлса, вазминлик билан муаммо ечимини тушунтиринг. Ушбу ҳолатдан ўз иштиёқи билан чиқиб кетган кишилар ҳаётини мисол келтиринг. Ишонинг, у албатта юмшайди. Айниқса, қўлингиздан совға сифатида ручка, дафтар ёки китоб олса, Сизни диққат билан эшитади.
Жаҳл оқибатида нафақат қариндошлик, дўстлик ришталарига путур етаяпти, балки миллатлар, давлатлар ўртасида низо пайдо бўляпти. Ўйланг, солиштиринг, хулоса чиқаринг.
Жаҳл қилманг, билиб-билмай жаҳл қилган бўлсангиз, жаҳлдан тушинг, азиз биродарим.
Фармон ТОШЕВ.
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.