(Давоми , боши ўтган сонда)
Агар ҳар бир ўқитувчи ўқувчисининг истеъдодини вақтида илғай олса, нур устига аъло нур бўларди.
Ўқувчилар орасидан асосли равишда иқтидорлиларни танлаб, уларни лаёқати, қобилияти ва қизиқиш йўналишларига қараб у ёки бу соҳага, касб-ҳунарга йўналтириш биз таълим тизими мутахассисларининг олдимизда турган энг асосий вазифамиз бўлиб қолиши керак. Иқтидорли болалар билан ишлашда тажрибали, талантли, тарбиячи, ўқитувчиларни жалб қилиш мақсадга мувофикдир. Бундай мутахассислар мактабга ҳам, ота-оналарга ҳам зарурдир. Мактабдаги амалиётчи-психологлар фаолиятининг фойдали томони шундаки, у психологик шароитни ярата билиши ва ўқувчиларни комил, соғлом қилиб тарбиялаш, ўқувчилар фаолиятидаги ҳали очилмаган томонларни кўра билиши, ёш психологик хусусиятларига қуйидаги тарзда ёндашиши лозим. Яъни, иқтидорли болаларни баҳолашни, қобилиятлари қай даражада эканлиги, қайси қобилиятлар юқорилигини комплекс равишда амалга ошириб, иқтидорни аниқловчи психотренинг машғулотларини ўтказса, самарали натижа беради. Ҳар бир боладаги қобилият ўзига хос такрорланмасдир. Улар турли нарсаларга қизиқиши мумкин. Оддий мактабда мусиқага қобилияти бор ўқувчини ҳам ажрата олмаслик мумкин. Баъзи бир бола эса юқори интеллекти билан ажралиб туради, лекин бу болада ўзини баҳолаш мезони паст бўлиши мумкин. Асосли равишда ҳар бир боланинг кучли ва кучсиз томонлари ўрганилгандан сўнг улар билан ишлаш режаси тузилиши лозим. Иқтидорли болалар ўзларига нисбатан жуда талабчан ва танқидчан бўладилар. Қариндошларининг таъсири истеъдодли болалар учун жуда муҳимдир, улар яқинларининг фикрини инобатга оладилар.Иқтидорли болаларнинг ривожланиши ва камол топишида оиланинг ўрни жуда каттадир. Агар ота-она ва ўқитувчи, психолог доимий алоқада бўлса, бу энг яхши натижани бериши мумкин.
Шу ўринда таъкидлаб ўтиш лозимки, республикамиз ва вилоятимиз халқ таълими тизимида иқтидорли болаларни излаш, танлаш ва уларга таълим-тарбия бериш муаммолари изчиллик билан ҳал этилиб келинмоқда. Иқтидорли болалар учун ихтисослаштирилган умумий ўрта таълим муассасалари фаолият кўрсатмоқда. Уларда минглаб иқтидорли болалар таълим-тарбия олмоқдалар. Умуман олганда, иқтидорли болаларни танлаш ва уларга таълим-тарбия бериш ишларини мақсадли, тизимли амалга оширишга ҳаракат қилинмоқда. Лекин "Ихтисослаштирилган мактаб ва синфларда ўқитиш мазмуни, ўқув дастурлари ва дарсликлари талабга жавоб берадими?", "Уларда иқтидорли ўқувчининг ўзига хос индивидуал-психологик хусусиятлари инобатга олинганми?" деган саволларга тўлиқ жавоб олиш қийин.
Иқтидорли болалар, уларнинг таълим-тарбияси тўғрисида гап кетганда, "Қандай болани иқтидорли дейиш мумкин?" деган савол ҳам туғилади. Иқтидор тушунчаси кўп қиррали ва унинг қоидаси турли-туман. Бу қоидаларни умумлаштириб, психолог олимлар кўпинча иқтидорни юқори даражада ривожланган қобилият, юқори даражадаги ақлий коэффициент (IQ) деб изоҳлашади. Айтиш керакки, иқтидорни ўрганиш жараёнининг бошланганига бир асрдан узоқ вақт ўтган бўлса-да, унга аниқ ёки тўлиқ асосланган илмий таъриф берилмаган. Шунинг учун "иқтидор табиат инъомими ёки таълим-тарбиянинг самарасими?" деган савол нафақат бизнинг мамлакатимизда, балки бутун дунёда ҳам олимларни, ҳам тарбиячи-педагогларни уйлантиради.
Дунёда иқтидорли болаларни танлаш учун Raven, Kettel, Veksler тестларидан фойдаланилади. Бу методикалар маданий муҳит таъсирига боғлик бўлмаганлиги ва нобербал бўлганлиги учун жуда кенг тарқалган. Бу методикаларнинг Ўзбекистон ҳудудига мослаштирилган вариантлари ихтисослаштирилган мактаб ва мактаб-интернатларда қўлланилмоқда. Ўзбекистон ташхис Маркази мутахассислари томонидан ҳам мазкур мактабларга иқтидорли ва қобилиятли ўқувчиларни танлаш бўйича 3 та психологик методикалар мажмуаси ишлаб чиқилиб амалга татбиқ этилган ва 5 та академик-йўналиш бўйича ҳам махсус қобилиятларни ўрганиш учун психологик ташхис методикалари тайёрланган. Булар амалда қўлланилиб келинмоқда. Шунга қарамасдан, ҳали бу борада амалга оширишимиз лозим бўлган ишларимиз талайгина. Зеро, Ўзбекистоннинг буюк келажаги пойдевори қўйилаётган бир даврда, шу келажакнинг буюклигини таъминловчи яратувчилик кучига эга бўлган иқтидорли, истеъдодли ёшларни тарбиялаш умумдавлат аҳамиятидаги ишдир.
Умида ҲАСАНОВА,
10 - умумтаълим ўрта мактаби амалиётчи-психологи
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.