Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

ИҚТИДОРЛИ БОЛА - МИЛЛАТИМИЗ КЎЗГУСИ

"Ҳар қайси инсонда муайян даражада интеллектуал салоҳият мавжуд. Агар шу ички қувватнинг тўлиқ юзага чиқиши учун зарур бўлган шарт-шароит яратилса, ҳар қайси инсон Аллоҳ таоло ато этган ноёб қобилият, истеъдодини аввало ўзи учун, оиласининг, миллати ва халқининг, давлатининг фаровонлиги, бахт-саодати, манфаати учун тўлиқ бахшида этса, бундай жамият шу қадар кучли тараққиётга эришадики, унинг суръат ва самарасини ҳатто тасаввур қилиш ҳам осон эмас".

И.А. Каримов, Ўзбекистон Республикасининг
Биринчи Президенти

Мамлакатимиз таълим тизимида иқтидорли болалар билан психологик-педагогик ёндашувнинг эҳтиёжи илк болалик ёшидан бошлаб, болаларнинг истеъдод , қобилият, қизиқиш, лаёқат, мойиллик ҳамда изланувчанликларини аниқлаш ва педагогик кузатиш ва психологик изланишларни ривожлантиришдан иборатдир.
Иқтидорлилик - бу ҳар қандай фаолиятда аниқ, кутилмаган натижаларга эришишнинг ички имкониятлари ва юқори даражада ривожланган ақлий, жисмоний, бадиий ижодий, коммуникатив ҳамда туғма қобилиятлар мажмуасидир.
Шу боис, Ўзбекистон Республикасининг "Таълим тўғрисида"ги Қонуни ва Кадрлар тайёрлаш миллий дастури талабларида ҳам иқтидорли ўқувчиларни излаш, аниқлаш тартиби ҳамда улар билан ишлашнинг шакл ва услублари белгилаб берилган.
Шу ўринда "Иқтидорли ёшлар кимлар?" деган савол пайдо бўлади. "Иқтидор" арабча "қодир бўлмоқ", "қила олмоқ", "шахснинг ижодий хусусияти ва ақлий фаолиятини англатадиган тушунча, шунингдек иқтидорли ёшлар мақсадга интилиш, қатъиятлилик ва меҳнатсеварлик каби фазилатлари ҳамда ижодий фаолият билан шуғулланиш истагининг кучлилиги билан ажралиб турадилар. Иқтидорли ўқувчиларни излаш, аниқлаш ва тарбиялашнинг асосий мақсади республикамизнинг илмий ва ижодий салоҳиятини ривожлантирувчи интеллектуал салоҳияти бор ёшларни тайёрлаш, ёрдам бериш, истеъдод соҳибларига билимнинг тегишли соҳалари ва фаннинг аниқ йўналишлари бўйича ўз қобилиятларини намоён этиш ва ривожлантириш ҳамда улардаги ноёб истеъдодни рўёбга чиқариш учун имкониятлар яратишдан иборатдир. Бир сўз билан айтганда, таълим муассасаларида ўқувчилар шахсининг ривожланиши, уларнинг қизиқишлари, иқтидорларини рўёбга чиқиши, мустақил билим олишларига ва ижодий меҳнат қилишларига шарт-шароит яратиш лозим. Таълим муассасаларининг иқтидорли ўқувчилари маҳсус тест ўтказиш орқали аниқланади. Бундай ўқувчиларни мақсадли ҳаётга йўллашда таълим муассасаларининг вазифалари куйидагилардан иборатдир:
- иқтидорли ўқувчиларнинг интеллектуал салоҳияти, чуқур билим олиши ва қобилиятларини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратиш;
- малакали ўқитувчиларни иқтидорли ўқувчилар билан индивидуал (якка тартибда) ишлашга сафарбар қилиш;
- илм-фан тараққиётининг устувор йўналишлари бўйича илмий жамият ишларига иқтидорли ўқувчиларни кенг жалб этиш;
- иқтидорли ўқувчилар билан ишлашда мактабда иқтидорли ўқувчилар хақидаги маълумотлар банки ва уларни доимий ташхислаш мониторингини шакллантириш;
- улар билан ишлашнинг илғор педагогик технологияларини аниқлаш.
Бир сўз билан айтганда, биз педагог-психологлар ўсиб келаётган ёш авлод орасидан истеъдодли, зукко болаларни саралаб, уларни замонавий мактабларда бойитилган, мазмунли дастурлар асосида ўқитиб, уларга кенг имкониятлар яратиб бериб, тез фурсатда халқ хўжалигининг турли соҳалари учун малакали мутахассисларни яратиб беришимиз лозим.
Юқоридаги сатрларни ёзар эканман, ўзимнинг болалигим кўз олдимда гавдаланяпти. Эсимни танибманки, раҳматли падари бузрукворим "қизим, аъло баҳоларда ўқигин, мен сени тиббиёт институтида ўқитиб, зўр шифокор қиламан" дердилар. Менинг ўқишга булган иштиёқим баланд эди. Кўп китоб ўқирдим. Ўқиган бадиий китобларим ва эртакларим таъсириданми тўртинчи синфдалигимдаёк шеърлар ёза бошладим. Синфдошларим исмларига атаб тўртликлар тўқиб, уларга ўқиб берардим. Тадбирларда бошловчилик қилардим. Шеърларни ёддан ифодали айтиб бериш жону дилим эди. Ҳатто ўзимдан ҳикоялар тўқиб, синфдошларим билан уни саҳналаштирардик. Ҳурматли устозим Олимжон Ғафуров мендаги бу қобилиятни сезиб, "Ёш ижодкор" тугарагига аъзо қилганлар. Туман ўқувчилар ижодиёти уйидаги "Ёш мухбир" тўгарагига ҳам етаклаб келганлар. Мен бу тўгараклар машғулотларида устозларимдан мақола ва шеър ёзиш сир-асрорларини ўргандим, туман ва вилоят рўзномаларида ижодим билан қатнаша бошладим. Адабиёт фанидан туман ва вилоят олимпиадаларида иштирок этиб, муваффақиятли ўринларни эгалладим. Мактабимда мени устозларим ва тенгдошларим "мухбир қиз", "шоира қиз" деб чақиришарди. Мактабни "Кумуш медаль" билан битириб, олий даргоҳ талабаси бўлдим. Йигирма йил журналистика соҳасида фаолият кўрсатиб, бош муҳаррир лавозимигача ишладим. Мени тиббиёт институтида ўқитиш иштиёқида юрган дадам менинг ижодкорликка бўлган қизиқишим устунлигини кўриб, менга оқ йўл тиладилар. Мен болалар билан ишлашни, турли тадбирлар ўтказишни ҳам яхши кўрардим. Шунинг учунми ҳозирда мактабда педагогик-психологик фаолият юритяпман. Танлаган касбимдан, фаолиятимдан беҳад миннатдорман. Эришган ютуқларим учун Аллоҳ берган қобилиятдан, ота-онам ва устозларимнинг берган таълим-тарбия ва эътиборидан беҳад миннатдорман. Беҳисоб шукурлар қиламан.
Болалигимни нима учун эсладим? Устозим Олимжон Ғафуров мендаги эндигина ғунча очаётган қобилиятни, истеъдодни сезиб, мени тўғри йўлга йўналтирдилар. Шу соҳага оид билим ва сабоқ бердилар. Агар устозим мендаги лаёқатни илғамаганларида, дадамнинг маслаҳатлари билан шифокорликка ўқирмидим? Ким билади, қанақа шифокор бўлардим? Чунки оқ халатли шифокорларга ҳавас кўзи билан қарасам-да, қондан жуда қўрқардим. Ҳалигача бу қўрқув менда бор...

Умида ҲАСАНОВА,
10 - умумий ўрта таълим мактаби амалиётчи -
психологи
(Давоми келгуси сонда)


Последнее редактирование: 10/09/2019 14:57;   Просмотров: 985
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку