Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

ИСТИҚЛОЛ БЕРГАН САМАРА

Она юртимиз Ўзбекистон бир асрдан ортиқ даврда чор Россиясининг, кейинчалик собиқ Иттифоқнинг мустамлакаси эди. Заминимизда етиштириладиган мева-сабзавот, полиз экинларининг кўпчилик қисми Россияга юбориларди. Ота-боболаримиз далада меҳнат қилаётган пайтида ҳаттоки осмондан самолёт заҳарли, сассиқ ўғит сепарди ва одамлар турли хил касалликларга чалинардилар. Бу ҳолатдан вафот этганлар кам эмас эдилар.

Иккинчи жаҳон уруши пайтида қанчадан-қанча эркакларимиз юрт ҳимояси қурбони бўлдилар. Хотин-халаж эса эркаклар ўрнида оғир меҳнат билан шуғулланардилар. Халқимизнинг ўзи оч-юпун бўлса ҳам ҳўл ва қуруқ мевалар фронтга юбориларди.
Оллоҳга шукурлар бўлсинки, Юртбошимиз Ислом Каримов раҳнамолигида 1991 йилнинг 1 сентябрида Ўзбекистон мустақил давлат, деб эълон қилинди ва жаҳон харитасидан ўрин олди. Ўзбек халқининг кўп йиллик орзу-ниятлари ушалди. Мамлакатда ўзгаришлар, ривожланишлар юзага келди. Бу эса, беш тамойилли “Ўзбек модели”нинг шарофатидандир. Ҳамма соҳалар бўйича қонуний равишда давлатимизнинг адолатли, халқчил пойдевори яратилди.
Эндиликда жуда кўп миқёсда муваффақиятларга эришиб, хорижий халқларни ҳайратга қолдирмоқдамиз. Хусусан қишлоқларда ҳам спорт мажмуалари қурилиб, ёшларимиз орасидан жаҳон ва олимпиада чемпионлари етишиб чиқмоқда.
Тадбиркорлик соҳасида ҳам жадал ютуқлар қўлга киритилмоқда. Бунинг учун банклар кредитлар бермоқда. Кичик тадбиркорлик кенг миқёсда оммавийлашди. Бундан асосий мақсад ёшларни тўғри йўлга бошлаб, қишлоқ хўжалиги ҳамда саноатни юқори чўққиларга кўтаришдан иборатдир.
Ёшлар мустақилликни қанчалик асраб-авайласа, истиқболимиз порлоқ, давлатимизнинг келажаги буюк бўлади. Бу ҳақда ҳақда Юртбошимиз айтганларидек: “Фарзандларимиз биздан кўра билимли, кучли, доно ва албатта, бахтли бўлишлари шарт!” Бу фикрнинг тагида чексиз маъно ва масъулият ётганини биз ёшлар яхши англаймиз ҳамда шу ишончни ўқиш, меҳнатимиз билан оқлашимиз шарт.
Биз ана шундай бахтиёр юртда туғилиб-яшаётганимиздан бениҳоя мамнунмиз. Шу билан бирга, отган ҳар бир тонгимизга, тинчлигимизни қўриқлаётган Ватан ҳимоячиларига ҳам шукроналар келтирамиз.
Тарихда ўтган алломаларимизга мос ва хос ворис бўлиб, кўзланган мақсадимизга амал қилиб, етти ўлчаб, сўнгра кесамиз. Ҳар бир ишимиз Ватанимиз тараққиётига қанчалик ўрин тутишини олдиндан аниқлаб, кейин бажарсак, нур устида аъло нур бўлади. Яратилган шароитлардан унумли фойдаланиш давлатимиз номи, байроғини ҳамма жойда – жаҳон минбарларида баланд кўтариш шартлиги менинг Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёев раҳбарлигида 2017 йил 12 июлда ўтказилган “Олий Мажлис қўшма палаталари, сиёсий партиялар, Ўзбекистон экологик ҳаракати, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари фаолиятининг таҳлили ҳамда истиқболдаги вазифалари тўғрисида”ги йиғилишдан чиқарилган хулосамдир.
Халқимизнинг тинчлиги, омонлигини тилаган, ота-боболарнинг дуо-ю, эъзозларига таянган ҳолда олдимизда турган режаларимизни виждонан бажарамиз, деган умиддаман.

Муртазоева Сурайё Ҳамза қизи,
ЎзМТДП туман кенгаши “Ёшлар қаноти”нинг етакчиси


Дата добавления: 22/09/2017 16:01;   Просмотров: 1361
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку