Вилоят ҳокимлигининг тасдиқланган жадвал-режасига мувофиқ навбатдаги учинчи сайёр матбуот анжумани Пастдарғом туманида ўтказилди. Тадбир дастурига биноан вилоят журналистлари "Кимёгарлар" МФЙ ҳудудида жойлашган "Мароқанд кабель Инвест" саноат корхонасида амалга оширилаётган бунёдкорлик-қурилиш ишлари, ишлаб чиқариш жараёни ҳамда келгуси режалар билан яқиндан танишдилар.
Бу муҳташам корхонада замонавий лампочка, турли электр симлари, совутгич, цемент каби экспортбоб маҳсулотларнинг ишлаб чиқариши йўлга қўйилган.
- Ўтган йил 2,5 млн долларлик хорижий инвестиция киритган бўлсак, бу йил 5,5 млн доллар миқдорида инвестиция киритиш режамиз бор, - деди туман инвестиция бўлими бошлиғи Бегали Яқубов. 100 га майдонни эгаллаётган гидропоника усулидаги иссиқхоналаримиз озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда салмоқли улуш қўшмоқда.
Олис "Уску" маҳалласида фаолият кўрсатаётган "Машъал страус" масъулияти челанган жамият жамоаси балиқчилик ва туяқушчилик соҳасида шуҳрат қозонмоқда. Мазкур жамият раиси, ёш тадбиркор йигит Беҳзод Элмуродовни суҳбатга тортдик.
- Ишни 500 млн. сўмлик имтиёзли кредит олишдан бошладим. Ҳар бири 1,600 мингдан то 2 млн сўмгача бўлган 300 та 2 ойлик Африка туяқуш жўжасини харид қилдим. Бу жониворларни парваришлаш учун алоҳида эътибор, билим ва малака талаб қилинар экан. Соҳага оид услубий дастур ва қўлланмалар билан танишиб чиқдим. Бугун 9 ойлик туяқушнинг ҳар 1 таси 8-10 млн сўмга сотилмоқда. 1 кг гўшти 120 - 130 минг сўмни ташкил этади. Яхши боқилган туяқушнинг вазни 90-100 кг гача тош босмоқда, - дейди суҳбатдошим.
Ҳа, ҳудудларда юриш ва кўриш, таҳлилий қиёслаш ва хулоса чиқариш ҳам журналистлар тафаккурини кенгайтириб, шаффоф ва ҳаққоний ахборот тайёрлашга ундайди. Туман ҳокимидан тортиб, энди тадбиркорликни бошлаётган юртдошлар билан жонли мулоқотлар, у ёки бу ҳудуддаги ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар шиддатию самарадорлигини ойдинлаштиришга хизмат қилади. Анжумандан қайтар эканмиз, азамат ва бунёдкор пастдарғомликларга улкан зафарлар тилаб қоламиз.
Н.КАРИМОВ
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.